...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабартини қабул қилди


20:54, 01.08.2018 Жамият
 3 054

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлади.

Бугун, 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга ташриф буюрган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартини қабул қилди.
 
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак суръатлар билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
 
2017 йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдан буён томонлар биргаликда улкан ишларни амалга оширди ва дастлабки аниқ натижаларга эришилди. Бу даврда банк томонидан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун умумий қиймати 190 миллион доллардан ортиқ кредит линиялари ажратилди.


 
Бугунги кунда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва уй-жой қурилиши, энергетика тармоғи ва коммунал хўжалик объектларини модернизация қилиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларда умумий қиймати  1 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилмоқда. Шундан умумий қиймати 600 миллион долларгача бўлган лойиҳаларни яқин ойларда маъқуллаш режалаштирилган.
 
Жорий йил сентябрь ойида қабул қилиниши режалаштирилган ЕТТБнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш якунига етмоқда.
 
Бундан ташқари, ўтган йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида банк ваколатхонаси ўз фаолиятини қайта тиклади, мамлакатимиз ҳудудларида унинг филиалларини ташкил этиш кўзда тутилган.
 
ЕТТБ экспертлари Ўзбекистонда хорижий молиявий институтлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этиш самарадорлигини оширишга қаратилган янги тартибни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.
 
Шунингдек, Ўзбекистонда энергетика секторини ислоҳ қилиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастур устида биргаликда иш олиб борилмоқда.


 
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, уни асосий тармоқлардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг стратегияларини ишлаб чиқиш, корхоналарни хусусийлаштиришга тайёрлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётига хусусий инвестицияларни жалб этишга қаратилган янги дастур ва лойиҳалар билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
 
Сума Чакрабарти Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича янги босқичда амалга оширилаётган, мамлакатнинг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси ва сифати ошиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи юксалишига хизмат қиладиган ислоҳотлар ва ўзгаришларни юқори баҳолади.
 
ЕТББ президенти давлат раҳбарининг ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаб, уларни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
 
Президентга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Республикада амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишларни қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар