...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги бозорни бориб кўрди


18:00, 11.08.2017 Жамият
 3 804

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини ҳисобга олиб, тўққиз қаватли уйлар барпо этишни таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 август куни Олмалиқ шаҳрига уюштирган ташрифи давомида  шаҳарнинг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 
Олмалиқ Ўзбекистоннинг саноати ривожланган йирик шаҳарларидан биридир. Ҳудудда янги конларнинг ўзлаштирилиши, аҳоли сонининг ўсиб бориши шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни тақозо этмоқда. 2035 йилгача мўлжалланган бош режага кўра Олмалиқнинг маъмурий ҳудуди 2 минг 600 гектардан 3,5 минг гектарга етказилади. Саноат ҳудуди шаҳар марказидан олиб чиқилиб, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига қулай уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилган.
 
Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган етти қаватли ўнта уй Ибн Сино кўчасида бунёд этилмоқда. Ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган ушбу уйларнинг дастлабки иккитаси қуриб битказилиш арафасида. Мазкур уйларда аҳолига яшаш учун барча қулайликлар яратилган.
 
Лойиҳага кўра, бу ерда гипермаркет, мактабгача таълим муассасаси, маданият ва истироҳат боғи ҳам қурилади. Бу аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
 
Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини ҳисобга олиб, тўққиз қаватли уйлар барпо этишни таклиф этди.
 
“Янги уйлар Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида шаҳар аҳлига муносиб туҳфа бўлади. Уйлар қурилиши йилдан-йилга кенгайиб боради. Келгусида бу ерда барча қулайликларга эга замонавий микрорайон қад ростлайди, халқимиз ҳам биздан рози бўлади”, дейди давлат раҳбари.  
 
Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” деҳқон бозори ва буюм бозорининг бугунги кундаги ҳолати, хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермай қолган. Шу боис ушбу бозорларни капитал реконструкция қилиш, қўшимча бино ва савдо нуқталари барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳада деҳқон бозоридаги турғун савдо нуқталарини тартибга келтириб, замонавий автотураргоҳ, буюм бозори учун 450 ўринли павильонлар барпо этиш режалаштирилган.
 
Президент ушбу бозорларда сотувчи ва харидорларга яратиладиган шарт-шароитлар билан қизиқди. Иншоотларни замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қисқа муддатда сифатли барпо этиш, қўшимча қулайликлар яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
 
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, жойларда замонавий шифохоналар барпо этиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Олмалиқ шаҳар болалар шифохонаси реконструкцияси шу ишларнинг узвий давоми бўлиб, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга ўз вақтида ва намунали тиббий хизмат кўрсатишда кенг имконият яратади.
 
Ушбу муассаса биносида кўп тармоқли марказий поликлиника, тез тиббий ёрдам, юқумли касалликлар, қон қуйиш бўлимлари, бошқа бўлинмалар жойлашади. Даволаш-профилактика муассасалари марказлашиши натижасида бўшаган биноларда янги оилавий поликлиникалар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолига бирламчи тиббий ёрдамни яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
 
Шифохона биносини шу йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган.
 
Ўзбекистон раҳбари шифохонани замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, бунинг учун зарур маблағлар ажратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
 
Президентга замонавий типдаги шаҳар ФҲДЁ бўлимининг янги биноси қурилиши лойиҳаси намойиш этилди. Бобур номидаги маҳалла ҳудудида барпо этиладиган ушбу бинода ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ва “Ягона дарча” маркази фаолият кўрсатади. Бу типдаги ФҲДЁ биноси илк бор лойиҳалаштирилган бўлиб, адлия идораларининг бир жойда жойлашуви аҳолига сифатли юридик хизматлар кўрсатиш имконини беради.
 
“Ҳаётда инсон турли масалалар билан ҳар хил идораларга мурожаат қилишига тўғри келади. Никоҳдан ўтаётган ёшлар, ҳуқуқий масалалар бўйича келган аҳоли ва тадбиркорларга бир жойда ёрдам бериш хизмат кўрсатиш сифатини замонавий талаблар даражасида ташкил қилиш имконини яратади. Янги лойиҳага кўра бундай хизматларни кўрсатадиган идоралар бир масканда жойлашади. Никоҳни қайд этиш билан бирга тўй маросимларини ҳам шу масканларда ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Шундай қилсак, ФҲДЁ бўлими ҳам ишлайди, ҳам тартиб-интизом бўлади, тўйларимизни маданиятли, маърифатли қилиб ўтказишга эришамиз. Бунинг учун ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш, қурилиш ишларида ҳар бир ҳудуднинг иқлими, ўзига хос шароитини ҳисобга олиш зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев
 
Шу ерда Олмалиқ шаҳрида оқова сув иншоотларини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар