...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев банклар бугунги талаблардан ортда қолаётганини таъкидлади


17:02, 16.12.2016 Жамият
 5 316

Давлат раҳбари ўз маърузасида банк тизими ва бозор инфратузилмасининг бошқа органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлаган эди.
 
Давлат раҳбари ўз маърузасида банк тизими ва бозор инфратузилмасининг бошқа органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб қолаётганини таъкидлаб, қуйидагиларга тўхталди:
 
“Афсуски, ҳозирги кунда уларнинг фаолияти бугунги ҳаёт ва иқтисодий ислоҳотлар талабларидан анча ортда қолмоқда. Шунинг учун биз бугунги йиғилишимизга барча йирик тижорат банклари раҳбарларини ҳам таклиф этганмиз. Уларнинг бош вазифаси – бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишга ва уларга ҳақиқий кўмакдош бўлишга эришишдан иборат. 

Шу боис давлат банклари олдига қуйидаги вазифалар қўйилмоқда. Улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак.
 
Шу мақсадда тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад беришни зиммасига олади. 
 
Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, банклар энди халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим бўлади.
 
Шунда одамлар боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳаларда тадбиркорлик билан шуғулланиб, кичкина бўлса ҳам ўзининг корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топади, ўзини ҳам, оиласини ҳам молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб, маҳалламиз, туманимиз ва шаҳримиз, вилоятимиз ва мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшади. 

Бу сиёсатнинг асосий мақсади шундан иборатки, биз ҳар бир фуқаро ўзининг куч ва имконияти, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароит ва имконият яратиб беришимиз керак”.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Банклар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар