Ўзбекистон Республикаси Президенти 28 август куни “Шарқ тароналари” — XI Халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида иштирок этди.
Президент Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини бугунги кунда дунё таниганини, унда иштирок этаётган мамлакатлар сони ортаётганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Президент ушбу халқаро фестивалда юқори мартабали меҳмонлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этаётганини алоҳида тилга олди.
Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида дунёда можаролар кундан кунга ортиб бораётгани, шу шароитда тинчлик ва барқарорликни, давлатлараро маданий-маърифий ҳамкорликни таъминлашда фестивалнинг ўрни ўзгача аҳамият касб этишини эътироф этди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев фестивалнинг ташаббускори — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизматлари улкан экани ҳақида сўзлади.
1997 йилда ўтказилган мазкур фестивалда дунёнинг 31 мамлакати иштирок этган эди. 2017 йилда 58 мамлакат вакилларининг “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этаётгани — ушбу фестивал нуфузи ортганидан дарак беради, деди Президент.
Фестиваль, дунё халқларини бирлаштирувчи восита сифатида, турли маданият вакилларига ўзининг миллий куй ва қўшиқларини жаҳонга намоён этиш имконини беради. Хорижлик меҳмонлар ўзбек халқининг меҳмондўстлигини кўриши, Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари, хусусан қишлоқларида ҳам бўлиш имконияти мавжудлиги айтиб ўтилди.
Мусиқа орқали дунёда тинчлик ва дўстлик ўрнатилишида ушбу фестивалнинг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев фестиваль ишига омад тилаб, иштирокчиларга ўз санъатини намойиш этишда куч-қувват тилаган ҳолда иштирокчиларни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити айёми билан табриклади.