...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президентнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди


08:47, 18.05.2017 Жамият
 3 857

Гулистон шаҳрида Президент раислигида Сирдарё вилояти фаоллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳридаги “Янгиер” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 
Ушбу саноат зонасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган қиймати салкам 106 миллион доллар бўлган 125 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунинг самарасида вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 3 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратилади.
 
Бугунги кунда саноат зонаси учун 537 гектардан кўпроқ ер майдони ажратилиб, уни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
 
Президент саноат зонаси ҳудудидаги собиқ “Янгиерйўлиндустрия” унитар корхонасининг бўш турган биносини кўздан кечирди. Ҳудуди 9 гектар бўлган мазкур корхона “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибига ўтказилиб, унинг негизида Янгиер темир-бетон ва металл конструкциялари ишлаб чиқариш заводи ташкил этилмоқда. Мазкур заводда йилига 83 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари, 5,5 минг тонна металл конструкциялари ишлаб чиқариш, 15 кўприк ва йўл ўтказгични қуриш ва таъмирлаш мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳа учун 80 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилади. Натижада 1 минг 250 янги иш ўрни яратилади.
 
Шавкат Мирзиёев ушбу корхона вилоятдаги муҳим саноат объектларидан бири экани, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга талаб юқори бўлишини қайд этди.
 
Гулистон шаҳрида Президент раислигида Сирдарё вилояти фаоллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, белгиланган дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунига етди.
Бобур Жалолов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Сирдарё Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарёга ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар