...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонлик меъмор Рафаэль Хайрутдинов ўз кўргазмасига бир кун қолганда вафот этди


18:18, 03.12.2015 Жамият
 3 819

Рафаэль Хайрутдинов 83 ёшни қаршилаган эди.

2015 йил 2 декабрь куни рассом, меъмор ва ҳайкалтарош Рафаэль Хайрутдинов дунёдан кўз юмди.

Рассомнинг 3 декабрь куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган  кўргазмаси qalampir.uz сайти орқали ёритилиб борилаётган эди. Энди эса кўргазма масаласи рассомнинг вафоти сабабли сўроқ остида қолмоқда.

Кўргазманинг бўлажак тақдирини билиш, қолаверса, Рафаэль Хайрутдинов тўғрисида маълумот олиш учун марҳумнинг оила аъзолари билан боғландик.

Рафаэль Хайрутдиновнинг умр йўлдоши Фируза Хайрутдинованинг айтишича, Тошкент меъморчилиги учун улкан ҳисса қўшган Рафаэль Хайрутдинов 1932 йил Тошкент вилоятининг Пскент туманида дунёга келган. Унинг отаси Иккинчи жаҳон урушига кетганида, 1,5 йил меҳрибонлик уйида яшаб, уруш ниҳоясига етгач, Тошкент шаҳрига кўчиб келади ва машаққат билан Беньков номидаги рассомчилик билим юртига ўқишга киришга муваффақ бўлади. Бу орада унинг меъморлик соҳасига қизиқиши кучайиб боради. Шунинг учун ўз таълимини Тошкент политехника институтида давом эттиришга қарор қилади. Янги таълим муассасидаги ўқиши уни рассомчиликдан узоқлашиб кетишига таъсир кўрсата олмади. У ўзининг севимли машғулотларидан бири билан шуғулланишни бир дақиқа ҳам канда қилмади.

Билим юртини тугатгач, Рафаэль Хайрутдинов Тошкент давлат реконструкция ва қурилиш институтига ишга киради. Ўз иш фаолияти давомида Тошкент шаҳридаги 45 дан ортиқ иморатларнинг қурилишига бошчилик қилади. Булардан энг машҳурлари Кубизм рассомлари иттифоқининг кўргазма зали, Киночилар уйи, Беньков номидаги коллежнинг ҳозирги биноси, Енгил саноат буюртмачилари уйи (ҳозирги Интерпол биноси), Қоратош массиви Миробод туманидаги бозор, “Британника” ресторанига ҳисобланади.

Бундан ташқари, Рафаэль Хайрутдинов ўзбекистонлик энг тажрибали муҳандислар ва қурувчилар билан бирга Россиянинг Тюмень вилояти Наган шаҳридаги аҳоли турар жойлари қурилишига ўз ҳиссасини қўшган.

Рафаэль Хайрутдинов Ўзбекистон халқи олдидаги хизматлари учун бир неча марта фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. У 2000 йилда Халқаро архитектура академиясининг Москва филиали профессори унвонига сазовор бўлган.

Рафаэль Хайрутдинов 2015 йил 3 декабрь куни ўзи барпо этган  Марказий кўргазмалар залида 150 га яқин тасвирий санъат, 7 та ҳайкалтарошлик асарлари ва ўзи қурган иморатларнинг фотосуратларини кўргазма орқали намойиш этишни режалаштирган эди. “У илк кўргазмасини интиқлик билан кутаётган эди. Аммо 3 кун давом этган юрак хуружи охир-оқибат уни бундай орзудан маҳрум қилди”, дейди марҳумнинг умр йўлдоши биз билан суҳбатда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, qalampir.uz жамоаси Рафаэль Хайрутдиновнинг оила аъзоларига ўз таъзиясини билдириб қолади.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Рафаэль Хайрутдинов меъмор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар