...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда илк бор Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ташкил этилди


12:13, 13.07.2016 Жамият
 6 150

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.

“Ўзэкспомарказ”да I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси очилди. Ярмарка Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Ярмаркада АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби қирқдан зиёд мамлакатдан кўплаб халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари, мамлакатимизнинг мева-сабзавотчилик соҳасида иш юритувчи корхоналари иштирок этмоқда. 


 
Халқаро форум озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлаб турибди.
 
Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. Бугун халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Кипр, Македония, Малайзия, Мўғулистон, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Таиланд, Хитой, Япония каби саксондан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. Соҳада олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самарасида экспорт жўғрофияси кенгайиб, ҳажми тобора ошмоқда. 


 
Мамлакатимизда йилига 17 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, уларнинг 4 миллион тоннадан зиёди экспорт қилинади. Ўтган йили юртимизда 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди.
 
Қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Натижада йил давомида нархларнинг ошиб кетишига йўл қўймасдан, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имконияти яратилди. 
 


Ушбу анжуман мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. 

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди. 

Теглар:Мева ва сабзавотлар Ярмарка Ўзэкспомарказ Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар