...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда аёллар нега ўз жонига қасд қилмоқда?


16:06, 22.02.2018 Жамият
 9 662

Уч ёшли болакайнинг кўзларида мунг. Бувисининг оёғига маҳкам ёпишиб олган. "Шу воқеадан сўнг жуда қўрқоқ бўлиб қолди. Сиз ҳам мени ташлаб кетмайсизми, дейди менга дам-бадам", неварасининг хатти-ҳаракатига изоҳ беради бувиси.

Инсон сабрининг ўлчови борми? У кимда қанча миқдорда бўлади? Иродасининг мустаҳкамлиги нечоғлик, у инсон аталмиш зотни қачонгача бошқариши ёинки қанча муддат унга ҳамроҳлик қилиши мумкин?
 
Афсуски, бу саволларга жавоб топиш жуда мушкул, эҳтимол, бунинг умуман имкони йўқ. Фақат инсон руҳиятини ўрганувчилар сабр, ирода сингари фазилатлар йиллар давомида тобланиши, маънавий дунёқараш билан озиқланиб, инсонга яхшиликлар келтириши мумкинлигини таъкидлайдилар, деб ёзади «Зарафшон» газетаси мухбири.
 
Баъзи воқеалар ҳақида эшитганда, бу ҳолатга изоҳ тополмайсиз, фақат ироданинг инсон ҳаётидаги ўрни нечоғлик эканини англайсиз. Хусусан, хотин-қизларнинг ўз жонига қасд қилиши ҳолатларини эшитаркансиз, беихтиёр унинг сабаблари ҳақида ўйлай бошлайсиз.
 
Куёв жазоланди
 
…Ҳали оҳори тўкилмаган жиҳозлар, пардалару гиламлар бу келинга аталганини билдириб туради. Бундан бир неча ой олдин шу уйда бахтли ва бахтсиз келинлик онлари, чақалоқнинг ингаси-ю, унинг улғайиши, эр-хотиннинг меҳрибончиликлари-ю, даккилари – хуллас, янги оилавий турмушнинг овозлари янграб турган эди. Бугун эса икки нафар онасиз қолган гўдак бу уйга ҳар замон бувиси билан кириб, нима содир бўлганини идрок этолмай қараб қўяди. Уч ёшли болакайнинг кўзларида мунг. Бувисининг оёғига маҳкам ёпишиб олган. "Шу воқеадан сўнг жуда қўрқоқ бўлиб қолди. Сиз ҳам мени ташлаб кетмайсизми, дейди менга дам-бадам", неварасининг хатти-ҳаракатига изоҳ беради бувиси.
 
Ҳа, бир неча ой муқаддам шу оиланинг келини ўз жонига қасд қилиб, бу оламни тарк этди.
 
– Биз билан жуда яхши муносабатда эди келинимиз, – дейди қайнона воқеага изоҳ берар экан. – Оиламизда кўп жанжал бўлмаганини қўни-қўшнилар ҳам тасдиқлашади. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам маҳалланинг ишига доим кўмак бериб юрамиз. Ўғлим билан ораларида тез-тез гап қочиб турарди. Уларни имкон борича яраштиришга, икковига ҳам тўғри маслаҳат беришга интилдик. Аммо…
 
Аммо суд ҳукмидаги сўзлар бошқача. Унда айтилишича, эр хотинини тез-тез дўппослаган, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган. Келин бир неча бор онасиникига кетиб қолган. Қайтиб келганида эр "У билан яшамайман, биз келиша олмаяпмиз, бир гапдан қолмайди", деб аччиқ гапирган. Аммо қудалар "Оила бузилмасин, болалар отасиз ўсмасин", деб ёш оилани яраштиришга ҳаракат қилган. Афсуски, икки фарзандли, ҳали 23 баҳорни қарши олмаган келинчак бу муаммоларга чора топишдан кўра икки норасида гўдагини ҳам ўйламай, мудҳиш хатога йўл қўяди.
 
Бир неча бор қизининг юз-кўзлари кўкарган ҳолда келганини билган она куёви ўз хатоларидан хулоса чиқариб олсин, деган мақсадда судга мурожаат қилади. Туман хотин-қизлар қўмитасининг хизмат текшируви бу ишга ҳақиқатан ҳам куёвнинг шафқатсиз муносабати сабаб бўлган, деган хулосага келгач, йигит жазоланади. Олти йил озодликдан маҳрум этилади.
 
Номига ишлаётган "мактаб ва дорилфунунлар"
 
– Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатининг ҳар бири чуқур ўрганилиб, таҳлил этиляпти, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.ўафурова. – Оқдарё, Ургут, Самарқанд, Тойлоқ, Нуробод туманларида бу «кўрсаткич» камайган бўлса, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Пахтачи туманларида хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ошган. Аёлнинг ҳаётни тарк этишдек жиноятга қўл уришига йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам оилага тайёр эмаслиги асосий сабаблардан биридир. Эр ўз оиласидаги масъулиятини бажармаслиги, келиннинг маънавий муҳитни яхшилашга иродаси етмаслиги, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар ҳам вақт ўтгани сайин маддалаб, фожиа тусини олаётир. Ушбу воқеаларни таҳлил қилар эканмиз, фарзандларнинг аниқ касб-корли, ҳунарли бўлмай оила қураётгани оиладаги тушунмовчиликлар ва баъзи жиноятларнинг бош сабаби экани аниқ бўлади.
 
Маҳалла фаоллари хонадонма-хонадон кириб, ҳақиқий аҳволни ўрганяпмиз, дейишяпти-ю, барча ҳудудда ҳам аҳвол бир хил эмас. Ургут туманида содир бўлган мудҳиш ҳолат юзасидан хонадонга борсак, маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси бу хонадондаги аҳволдан деярли бехабарлиги, фаолияти давомида бу ерга кирмаганлиги маълум бўлди.
 
ФҲДЁ бўлимлари, маҳалла қошида ташкил этилган оила дорилфунунлари, ёш оила қурувчилар мактаблари номигагина ишлаяпти. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом турмуш тарзи, оила психологияси билан боғлиқ фанлар шунчаки ўтиляпти. Бу муаммони бартараф этишда тизим мавжуд, аммо у тизимли ишласагина натижа бўлади. Жорий йилдан бошлаб уларнинг фаоллигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгилаганмиз. Хотин-қизлар билан ишлашда таълим муассасалари, маҳалла, ташкилотлардаги жамоатчилик асосида ишлайдиган бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раисларини рағбатлантиришни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қиламиз.
 
Йигитнинг нега дипломи йўқ?
 
Ҳақиқатан ҳам ушбу ҳолатларни эшитарканмиз, юқоридаги воқеа изоҳталаб бўлиб қолади. 21 ёшида уйланган йигитнинг ҳатто коллежни тугатганлик тўғрисида ҳам дипломи йўқ. Рафиқаси ҳам коллежни тугатган бўлишига қарамай, иш жойига эга эмас. Бунинг устига ҳунар ҳам эгалламаган. Тўғри, йигит хусусий иш билан шуғулланиб, оилани моддий таъминлаб турган, ота-онаси ёрдам берган. Хўш, маҳалла ишига ёрдам бериб юрган ота-она нега ўз фарзандининг коллежга қатнашини назоратга олмаган? Коллежга қатнамаган йигит оила психологияси фанидан қандай хабардор бўлсин? Маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси эса бизларни бу хонадонга бошлаб бориш чоғида воқеа тафсилотига тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, оиладаги муҳит жуда яхши бўлган, келинчак эса тушида вафот этган отасини тез-тез кўрар эмиш!?
 
Руҳшунос мутахассисга муҳтожмиз
 
– Ўтган йил давомида туманимизда ўз жонига қасд қилган хотин-қизларнинг уч нафари омон қолди, – дейди Жомбой тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳафиза Ўсарова. – Уларнинг ҳолидан хабар олиб турибмиз. Ўз жонига қасд қилишнинг илдизларию сабаблари турлича. Аммо аксариятида инсон руҳиятидаги ўзгаришлар, оний стресслар бирламчи омил бўлиб қолмоқда. Ҳаётдаги турли зарбаларни, қийинчиликларни ҳамма ҳам бир хил енгиб ўтолмайди. Бу йўлда ожизлик қиладиганлар ҳам бор. Шундай ҳолатга тушган аёлни икки йилдан бери назоратимизга олганмиз. Даволанишига ҳам кўмак бердик. Лекин у билан суҳбатлашарканман, руҳиятида ижобий ўзгариш бўлганини сезмайман. Унга кучли мутахассис-психолог ёрдами кераклигини тушунамиз. Аммо нафақат туманда, балки вилоятда ҳам бундай мутахассисни топиш жуда қийин. Туманнинг чекка қишлоғидаги бу хонадонга мутахассис бир маротаба келиб кетар, аммо доимий равишда назорат қилолмайди. Шу томонлама муаммоларимиз бор.
 
Оиладаги нотинчликлар, ушбу муҳитда фарзандга нисбатан эътиборсизлик, уни эшитмаслик, у билан суҳбатлашмаслик бирдан эмас, бола улғайиб, вояга етганда ўзини "намоён" қила бошлайди. Ўрганишларимиз шундай хулосани беради. Кўпчилик ўз жонига қасд ҳақида гап кетганда бу ҳолатни аллақандай бир кучлар бошқаради, деб ўйлайди. Аммо бундай қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг оилавий ҳаётини ўрганарканман, ҳар бир фарзанд ўз оиласида севимли бўлишни, ўз муаммоларини хотиржам муҳитда ота-онаси билан ўртоқлашишни исташини англадим. Бугун фарзандимни уйлаб қўйдим, қутулдим, деган тушунча аллақачон эскирганини ота-оналар англаб етишлари керак.
Фирдавс БЕК

Теглар:аёллар ўлим 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар