...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ота-она фарзандидан алимент ундириши қайси қонунга асосланади?


09:13, 08.11.2017 Жамият
 4 245

Асраб олувчи асраб олган фарзандидан алимент талаб қилиши мумкин.

Бугунги кунда алимент масаласида кўплаб келишмовчиликлар юзага келмоқда. Шу пайтгача алимент тушунчасига ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчи сифатида қаралган.
 
Бироқ вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлардан кам таъминланган ва меҳнатга лаёқатсиз бўлган ота-она ҳисобига суд тартибида алиментлар ундириш борасида фикр юритилмайди. Сабаби, ўзбекларда ота-онани ташлаб қўйиш деган тушунча йўқ.
 
Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ихтиёрий ўзаро ёрдам ва кўмакни назарда тутади. Аммо барча фарзандлар ҳам ўз мажбуриятларини тўлақонли ижро этавермайди. Бундай ҳолатларда ота-она ўз таъминоти учун суд орқали фарзандидан пул ундириши мумкин.
 
Вояга етган меҳнатга лаёқатли шахсларнинг ўз ота-онасига ғамхўрлик қилиш мажбурияти Конституциянинг 66-моддаси билан белгилаб қўйилган. Оила кодексининг 109-моддасида ҳам бу ҳақда келтирилган. Бу фуқароларнинг энг асосий вазифаларидан биридир. У маънавий тамойиллардан келиб чиққан бўлиб, эҳтиёжманд ота-онага ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган
 
Эътиборга олиш керакки, ота-оналар фақат вояга етган (18 ёшдан катта) боладан алимент талаб қилишлари мумкин. Бундан ташқари, бола меҳнатга лаёқатли бўлиши керак. Яъни, у ногирон бўлмаслиги  ва пенсия ёшига етмаган бўлиши зарур.
 
Таъкидлаш жоизки, асраб олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда асраб олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади. Шу сабабли меҳнат ёшига етган болалардан ҳам ота-оналар, ҳам асраб олувчилар алимент талаб қилишга ҳақли.
 
Қонунга кўра, ўзининг меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож ота-онасини таъминлаш мажбурияти шак-шубҳасиз бўлиб, у фарзанднинг моддий аҳволига боғлиқ бўлмайди. Аммо алимент миқдорини белгилашда бу инобатга олинади. Яъни, ота–она ҳар қандай ҳолатда ҳам таъминотни талаб этишга ҳақли.
 
Демак, ота-она агар ҳам меҳнатга лаёқатсиз, ҳам эҳтиёжманд бўлсагина, ўзининг меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандидан алимент талаб этишга ҳақли. Шу боис суд қарорида ушбу икки ҳолатни тасдиқловчи далиллар бўлиши даркор. Уларнинг биттаси тасдиқланмаган тақдирда даъво қондирилиши рад этилиши мумкин.
 
Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади:
  • 55 ёшга етган аёллар;
  • 60 ёшга етган эркаклар;
  • ногиронлар.
 
Яшаш учун етарли миқдорда маблағга эга бўлмаган шахслар "эҳтиёжманд" деб тан олинади. Эҳтиёжмандлик даражаси ҳар бир индивидуал ҳолатда суд томонидан ишнинг аниқ ҳолатларини инобатга олган ҳолда аниқланади.
 
Ота-онанинг алимент олишга эҳтиёжи қуйидаги омилларлан келиб чиқиб белгиланади:
 
  • моддий аҳволи;
  • мавжуд даромадлари даражаси (масалан, пенсия миқдори; мол-мулкни рентага беришдан тушган даромад; дивидендлар олиш ва бошқалар);
  • меҳнатга лаёқатли эр (хотин)нинг мавжудлиги;
  • эр (хотин) томонидан моддий кўмак мавжудлиги;
  • бошқа шахслардан моддий кўмак олиши.
 
Одатда, овқатланиш, коммунал хизматлар тўлови, дори-дармонлар олиш учун даромадлари етмайдиган шахслар эҳтиёжманд деб тан олинади.
 
Алиментлар миқдори қандай белгиланади?
 
Низо бўлган ҳолатда таъминот миқдори суд қарори билан фарзандларнинг оилавий ва моддий аҳволидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда ундирилаётган сумманинг минимал миқдори ЭКИҲнинг 1/3 бараваридан кам бўлмаслиги керак.
 
Мазкур тоифа бўйича судья жараён тугагунига қадар зарур суммани вақтинча ундириш кўрсатилган ажрим чиқариши мумкин.
 
Ота-она бир ёки бир нечта фарзандига талабни даъво қилаётганидан қатъи назар суд алимент миқдорини белгилашда барча меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандларни инобатга олиши даркор.
 
Алимент тўловидан ким озод этилади?
 
Агар жавобгар ота-онаси ўтмишда уни боқиш ва тарбиялаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганини исботласа, суд бундай ота-онани таъминлашдан фарзандни озод этиши мумкин (ОК 113-модда).
 
Қуйидагилар кўрсатилган фактнинг тасдиғи бўлиши мумкин:
ота-она суднинг алиментлар бўйича қарорини ижро этмаган бўлса, бу ҳақда мажбурий ижро органларининг маълумотномаси;
қўшниларнинг маҳалла қўмитаси муҳри билан тасдиқланган далолатномаси ва бошқалар.
 
Бу — муҳим! Оила кодексининг 81-моддасида кўрсатилганидек, ота-онанинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши фарзандларни ўз ота-онасини таъминлаш мажбуриятидан тўлиқ озод этади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суднинг қонуний кучга кирган қарори билан тасдиқланади.
 
Шунингдек, суд тартибида ундирилувчи алиментлар тўлови қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:
  • даъвогарнинг меҳнат қобилияти тикланганида;
  • алимент олувчи ёрдамга бошқа муҳтож бўлмаганида;
  • томонларнинг биронтаси ўлимидан кейин.
 
Алимент тўғрисидаги келишувни қандай тузиш мумкин?
 
Ота-она ва фарзандлар ўртасида таъминот учун сумманинг миқдори ва тўлаш тартиби тўғрисидаги келишув — масалани мувофиқлаштиришнинг энг қулай ва мослашувчан тури. У ёзма тарзда тузилади ва нотариус томонидан тасдиқланади. Келтирилган шаклга амал қилмаслик келишувнинг кучини йўқотилишига олиб келади.
 
Алиментларни тўлаш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган келишув ижро ҳужжати саналади. Яъни, томонлардан бири ундан чекланса, келишувни мажбурий ижро этишга даъво қилиш мумкин.
 
Алиментлар тўлаш тўғрисидаги келишув исталган вақтда томонларнинг келишувига биноан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. У қандай тузилган бўлса,  ўша шаклда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги шартномани ижро этишни бир томонлама рад этиш ёки унинг шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
 
Агар томонларнинг моддий ёки оилавий ҳолати сезиларли даражада ўзгарса, аммо томонлар келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича келишувга кела олмаса, манфаатдор томон тегишли даъво билан судга мурожаат этиши мумкин. Келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал этишда суд томонларнинг эътиборга молик бўлган ҳар қандай манфаатини ҳисобга олишга ҳақли.
 
Судга мурожаат этиш
 
Алиментларни олиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш даркор. 
 
СКнинг 329-моддасига биноан даъвогарлар алиментларни ундириш даъволари бўйича давлат божидан озод этилади.
 
Алиментларни тўламаслик учун жавобгарлик
 
Таъминлашдан бўйин товлаш, яъни вояга етган шахслар томонидан 3 ойдан ортиқ муддат давомида суд қарори бўйича ундирилиши зарур бўлган суммани меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онага ёки уларнинг ўрини босувчи шахсларга тўламаслик ЖКнинг 123-моддаси бўйича жиноий жавобгарликни кўзда тутади.
 
Бунинг учун ЭКИҲнинг 50 бараваригача бўлган миқдорда жарима  ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўзда тутилган.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Алимент масаласи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар