...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нуримон Абдулҳасан Анвар қори Турсуновнинг инсульт бўлишига қайси ғийбатлар сабаб бўлганини айтди


12:38, 01.06.2018 Жамият
 24 645

Нуримон Абдулҳҳасан Анвар қорининг бетоб бўлиши сабабларини очиқлади. У бундай бир неча ой аввал тарқалган гапларни эслади.

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби-“Минор” масжиди имоми Анвар қори Турсунов инсультни бошдан кечириб, бир ойдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, шифохонада ётибди.
 
Куни кеча Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абдулҳасан ушбу масалага тўхталиб, Анвар қорининг бетоб бўлиши сабабларини очиқлади. У бундай бир неча ой аввал тарқалган “Анвар қори Турсунов фалон миллионлик тилла соат тақиб олибди”, деган гап-сўзларни эслади.
 
“Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби Анвар қори ака жонлантириш бўлимида, комада ётибди. Сабаб нима бўлди? Ҳаммаси соат билан бошланди. Биргина соатга ёпишилди, ғийбат устига ғийбат... У киши одамларга тушунтиришга уриндилар, лекин фойдаси бўлмади. Масала жиддийлашиб кетди ва охир-оқибат саломатликларига таъсир қилди. Одамлар шу даражага бориб етдики, YouTube’да шундай илмли, олим инсонга генарал-майорнинг формасини кийдириб қўйишди. Бу нима аҳвол?”
 
Нуримон Абдулҳасан одамларнинг ўзбилармон бўлиб кетаётгани, берилаётган эркинлик, имкониятларнинг суиистеъмол қилиб, дин олимларини, уламоларини менсимай қўяётгани, умрида бор-йўғи битта китоб ўқиганлар, олимларнинг ёзганларини муҳокама қилиб, уларнинг айтганини рад этаётганини ва айрим журналистлар, ОАВ уларнинг қозонига ўт қалаётганини айтади:
 
“Қанча-қанча олимлар, уламолар одамларнинг гап-сўзидан изтиробда. Мен биргина Анвар қори Турсуновни мисол келтирдим. Аслида бундайлар кўп. Уламоларга ҳам осон тутиш керак эмас. Уларни ҳам боғлаб бермаган. Мен тушунаман, журналистлар рейтинг ортидан қувади, лекин қиёматдаги рейтингни ҳам унутмаслик керак”.
 
Нуримон Абдулҳасанга кўра, одамлар орасида уламоларни менсимайдиган гуруҳлар пайдо бўлган ва уларнинг асосий фаолияти баъзан ошкора, баъзан ёпиқ тарзда ижтимоий тармоқларда бўляпти. Ғийбатни ташлаб қўйиб, натижасини кузатиб ўтиряпти. Халқимиз эса бунга чиппа-чин ишоняпти.
 
“Битта одам ғийбат қилиб ўтирган бўлса, ғийбатдан тўхтанг, дейиш қанчалик оғир бўлиб қолди. Бизнинг орамизга фитна солаётганлар ким ўзи? Мусулмон бўлмаганлар фитна солишга ҳаракат қилади. Лекин улар ҳозир дам олиб ётибди. Чунки мусулмонларнинг орасига фитна солиш, бунга пул сарфлаш ҳам шарт бўлмай қолди. Улар аллақачон фойдага кирган. Боиси бизнинг орамизга фитна солишга вақт ва маблағ сарфлашга ҳожат қолмади. Биз ўзимиз бир-биримизни турли ғийбатлар, миш-мишлар қурбонига айлантиряпмиз”.
 
Нуримон Абдулҳасан бир неча бор уламолар, уларнинг асарлари, айтган гапларига ҳурмат билан қараш кераклигини, улар бугунги даражага осонлик билан етмаганини таъкидлади. 

Теглар:Нуримон Абдулҳасан Анвар қори Турсунов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар