...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифига биноан Президентлик ваколатлари вақтинча Шавкат Мирзиёевга юклатилди


18:06, 08.09.2016 Жамият
 10 113

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг халқ орасида обрў-эътиборини инобатга олиб Президентлик ваколатларини вақтинча Шавкат Мирзиёевга юклатилишини таклиф қилди.

Аввалроқ, бугун, 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисидаги масала кўрилиши лозим эди.
 
Бугун, 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
 
Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинди. 

Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси шу билан ўз ишини якунлади. 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Ниғматилла Йўлдошев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар