...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёев ва Бердимуҳамедов Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприги очилишида қатнашдилар


01:41, 08.03.2017 Жамият
 2 900

Ташрифнинг иккинчи куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманобод шаҳрига бордилар.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлди. 
 
Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 март куни бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари аввал яккама-якка, кейин икки мамлакатнинг кенгайтирилган таркибдаги расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар. Уларда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати, темир йўл транспорти, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
 
Ташрифнинг иккинчи куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманобод шаҳрига бордилар, деб ёзади ЎзА.
 
Ушбу шаҳар яқинида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг тантанали очилиш маросими бўлди.
 
Автомобиль кўпригининг узунлиги 1600, темир йўл кўпригининг узунлиги 1750 метр. Уларни қуришда туркманистонлик ва украиналик қурувчилар иштирок этган, Германия, Норвегия технологияларидан фойдаланилган.
 
Президентлар кўприклар олдидаги майдонда ташкил этилган ўзбек ва туркман амалий санъати намуналари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.
 
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур кўприклар икки халқлар дўстлигининг тимсоли бўлиб, нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ўтган йили қурилган Ангрен – Поп темир йўли Марказий Осиёни Хитой билан темир йўл орқали боғлаганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади, минтақа ривожи ва халқлар фаровонлигига хизмат қилади.
 
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон транспорт ва транзит соҳаларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сураётгани, ушбу кўприклар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади. Қурилиш ишларининг сифати ва аҳамиятини юқори баҳолаб, қурувчи ва пудратчиларга миннатдорлик билдирди.
 
Давлат раҳбарлари поездга ўтириб, кўприкдан ўтдилар. 

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи Туркманобод-Фараб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар