...
МЕНЮ
ONLINE TV

Кўланкаси майдонлар ўқисин! Мурожаатларни рад этишни Шаҳар ҳокимияти ва кадастрдагилардан ўрганинг


14:35, 28.11.2017 Жамият
 7 981

Давлат ташкилотларининг айримларида матбуот хизмати умуман йўқ ёки қисман ишламаслиги мумкинми?

Маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ҳудуди 1,5 баробарга кенгайтирилиши ҳақидаги хабар кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлмоқда.
 
Жумладан, 2018 йилдан бошлаб пойтахтда кенгайтириш ишлари бошланиши ва айни вақтда Ҳукумат Тошкент шаҳрининг янги бош лойиҳасини ишлаб чиқиш устида иш олиб бораётгани  ҳақида хабар тарқалди.
 
Режага кўра, кенгайиш пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманларига нисбатан Яшнобод, Миробод ва бошқа туманларга камроқ таъсир қилади.
 
Биз бу масалага аниқроқ тўхталиш ва ўзгаришлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийлари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бир йилдан буён Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизмати раҳбари лавозими бўш турибди. Ушбу бўш ўрин бутун бошли ҳокимият Матбуот хизматидагиларнинг масъулиятни керак вақти ўз зиммасига ололмаслиги ва ташаббус кўрсата олмаслигига етарлича асос бўлмоқда. Мана бир йилдирки, Тошкент шаҳар ҳокимиятига қайси масалада мурожаат қилманг ё мен техник ходимман, ё Матбуот хизмати раҳбари лавозими бўш, биз жавоб беролмаймиз”, қабилидаги муносабатга дуч келамиз. Бу сафар ҳам жавобларда ўзгариш бўлгани йўқ.
 
Масалани ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига ҳам қўнғироқ қилдик. Шундай вақтлар жуда бўлмаганда Миржалол Қосимовга шогирд тушмаганимга ачинаман. Лоақал у ташкилотдан бу ташкилот эшигига ирқитилганимизда “тепки”га жавоб қайтара олармидик. Хуллас аввал қабулхонага, сўнг тавсияга кўра юридик бўлим, улардан жавоб ололмай бошқа бўлимларга, ишимиз битмагач, яна қайта-қайта юридик бўлимга сим қоқдик. Қўнғироқ қелавериб чарчадик, рости.
 
Кадастр бошқармасининг қабулхонасига боғланганимизда телефон гўшагини кўтарган йигит “Иижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумот ёлғон ва кўрган бўлсангиз маълумот тарқатган сайтлар хабарни олиб ташлашди”, деди (демак бу маълумотдан бошқармадагиларнинг хабари бор). Шунингдек у бу масалада янада тўлиқроқ тарзда бошқарма ҳуқуқшуноси жавоб беришини айтдию, анъанага кўра раҳбарнинг туганмас йиғилишда эканини маълум қилиб суҳбатни бўлди.
 
Юридик бўлимга телефон қилганимизда, масалани эшитишгач, бўлим раҳбарининг хизмат телефони рақамини беришди.
 
Сумалакдан тош топдим, бир парча қуёш топдим... Биз ҳам ўша қуёшни топдик. Ахир кимсан Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг Юридик бўлими раҳбари билан телефон орқали боғланиш бахтига муяссар бўлдик. Аммо қувончимиз узоққа чўзилмади, жўжани кузда санаймиз деганлари шу бўлса керак. Тошкент шаҳрининг кенгайиши ҳақидаги гаплар ростми деган саволимизга,  Юридик бўлим раҳбари  “Бу саволга жавоб бера олмайман”, дедию бизни келган жойимизга, яъни яна Тошкент шаҳар ҳокимиятига қайтарди, “қўйди.”
 
Лўнда қилиб айтганда, журналист Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Кадастр бошқармаси ўртасида роса “сарсон” қилинди.
 
Замон ривожланди, интернет асосий ахборот манбаига аллақачон айланиб улгурган, лекин негадир эски замонлар таъсиридан чиқиб кета олмаяпмиз. Сабр қилинг, бунга ҳам асосларимиз бор!
 
Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг сайти –  “kadastr.uz”да ҳаттоки ташкилот раҳбарияти ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Ажабо, булар қайси замонда, қайси раҳбарлар билан ишлаяпти?
 

 
Қолган маълумотлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлаверади.
 
Майли Шаҳар бошқармаси билмаса билмабдида деб энди Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг (шу ўринда қўмитанинг номида давлат сўзи икки марта такрорлангани ҳам эътиборимизни тортди) Ахборот ресурслари хавфсизлиги ва ахборотлаштириш бўлими бошлиғи билан бу борада суҳбатлашдик.
 
Афсуски, ходима бу мавзу ҳали кўтарилмаслиги керак эди деб нимагадир шаъма қилдию, лекин кейин ким биландир гаплашиб телефон гўшагини қўйиб қўйди.
 
Қайта боғланиш учун қилинган барча уринишлар бесамар кетди. Очиғи, бундан ортиғини ҳам кутмаган эдик. Шунингдек, қўшакни маълум сонияларгагина кўтаришга кучи етган “қизалоқ” Қўмитанинг Матбуот хизмати ҳозирча йўқлигини ҳам айтиб ўтганди. Дарҳақиқат “ygk.uz” расмий сайтида бу ҳақида ҳам маълумот берилмаган. Аниқроғи, Матбуот хизмати деган ёзувни учратмадик.
 
Ўқиб туриб сиз қандай хаёлга бордингиз билмадик, аммо юқорида номлари келтирилган ташкилотларда биз кўтарган масаладаги ишлар ўз ҳолига ташланган. Ҳар ҳолда Матбуот хизмати – ҳар бир ташкилотнинг юзи, ОАВ учун ташкилотга кириш эшиги. Бу эшик ёпиқ туришда давом этаркан, ОАВда бу ташкилотлар ҳақида ижобий фикр қаердан пайдо бўлсин?
 
Эй, майли деб Қўмита сайтида кўрсатилган қабулхона рақамига қўнғироқ қилиб, матбуотга маълумот ким бера олади деб мурожаат қилдим. Телефон гўшагини кўтарган йигит бу ерда амалиёт ўтаяпман дедию, Қўмитанинг Иқтисодий таҳлил бухгалтерия ҳисоби бошқармаси бошлиғининг телефон рақамини берди. Шу ўринда савол туғилади: қўмитада мурожаатлар билан ишлаш учун амалиётчидан бошқа одам йўқми? Ёки амалиётга келган талабалар фаолиятини мурожаатлар билан ишлашдан бошлайдими? Шундан бўлса керак, амалиёт даврида телефонлару халқ мурожаатидан чарчаганлар кейинчалик гўшакни кўтаришни буткул унутар. Жавоб эса аниқ –мажлисдамиз!
 
Иқтисодий таҳлил бухгалтерия ҳисоби бошқармаси бошлиғи билан танишиб олгач, гапни қисқа қилиб, “Тошкент шаҳар ҳудуди кенгайиши борасидаги маълумотни тасдиқлайсизми ёки инкор қиласизми?”, деган саволни ўртага қўйдим. Кутганимдек бўлди, бу масаланинг у кишига ҳам алоқаси йўқ экан. Ўртада жавобсиз саволу қуюқ салом-алик қолди.
 
Аслида бу мақолани хулосасиз тугатмоқчи эдим. Чунки хулоса қиларлик ишнинг ўзи йўқ. Агар юқоридаги номи келтирилган ташкилотлар ўртасидаги сансоларликка хулоса қилсак, уларни қўллаб-қувватлаган бўламиз.
 
Виждонан бир саволнинг жавобини кутамиз: ҳой, ўша ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари, ҳатто, амалиётчилар, инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йилида ўзингизда нимани ўзгартирдингиз? Тўғри, аслида ўзгаришлар йил ёки мавсум танламайди. Бироқ мамлакатдаги ўзгаришлар, ривожланишлар сиз томонларга етиб бормаётганини сездик. Борганда эди тарқалаётган хабарлар тасдиқланмаган деган гапни гўшак ортидан эмас, ОАВдан туриб гапирар ва гапингизга жавоб бера олардингиз.
 
Саволлар кўп, олиб қочиладиган жавоблар ҳам кам эмас.
 
Тошкент шаҳри кенгайса, бу ҳақидаги маълумотни ким бериши керак? Ҳокимиятми ёки Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасими?
 
Ана шу саволга жавоб излашда давом этамиз?
 
Жавобни топганим ҳамоноқ, сизга албатта хабарини сайтимиз орқали бераман.
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Кадастр Ҳокимият Кенгаяди 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар