...
МЕНЮ
ONLINE TV

Камола Эрматова: Бугун нотинч бўлиб турган давлатларни кузатиб, минг шукр айтсак арзийди


19:12, 08.03.2016 Жамият
 7 721

Ўзбек аёли ҳам намунали уй бекаси, ҳам меҳрибон она, севикли ёр ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи. Сўнгги йилларда аёлларнинг фаоллиги янада ошди. Уларга яратиб берилаётган имкониятларнинг эса чеки йўқ. Келинг, бу ҳақда яхшиси аёлларнинг ўзларидан эшитсак.

Бугун Ўзбекистонда аёлларга қаратилаётган эътиборни, эҳтиромни, уларга яратиб берилаётган шарт-шароитларни дуёнинг манаман деган мамлакатларида ҳам учратиш қийин. Сиёсат, иқтисод, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, қўйингки, барча соҳаларда аёлларнинг аёлларнинг фаоллигига, самарали меҳнатига гувоҳ бўламиз. Ўзбек аёли ҳам намунали уй бекаси, ҳам меҳрибон она, севикли ёр ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи. Сўнгги йилларда аёлларнинг фаоллиги янада ошди. Уларга яратиб берилаётган имкониятларнинг эса чеки йўқ. Келинг, бу ҳақда яхшиси аёлларнинг ўзларидан эшитсак.

Камола Эрматова, журналист, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

— Аёл! Тунлари беором бешик тебратган, илмий изланишлар қилган, фарзандларини оқ ювиб, оқ тараган, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлган аёлларимиз қанча! Бугун нотинч бўлиб турган давлатлар, халқларни кузатиб, минг шукр айтсак арзийди. Бизнинг аёллар бугун устоз, шифокор, тадбиркор, фан докторлари, олима,  ўз севган касби билан шуғулланибгина қолмай, шу орқали юртимиз равнақига оз бўлсада ҳиссаларини қўшяптилар. Доно ва ақлли, ҳар томонлама соғлом аёллар тарбиялаб, вояга етказаётган фарзандлар эса келажакда албатта, ўз юртининг равнақи, фаровонлиги йўлида хизмат қилиши шубҳасиз!

Шу ўринда куни кеча Юртбошимизнинг байрам муносабати билан хотин-қизларга йўллаган табрикларидаги бир жумлани келтириб ўтмоқчиман: “Жондан азиз фарзандларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб камол топтириш, аввало қиз боланинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш, уни бамисоли жамиятимизнинг гулидек тарбиялаб, вояга етказиш,  бўлажак оиланинг бахтли бекаси сифатида кўриш вазифаси барчамизнинг энг олий мақсадимиз бўлиши даркор”.

Дарҳақиқат, аёлларга, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имтиёзу, шарт-шароитлар бошқа хеч қайси давлатда кузатилмайди. Бунга биргина мисол қилиб, юртимиздаги иқтидорли қизлар учун 1999 йилдаёқ таъсис этилган дунёда ягона бўлган мукофотни айтиш мумкин.  Ҳар йили новдаларни ғунчалар безамоққа тутинган баҳорнинг илк кунларида мунис аёллару, мўътабар опа-сингилларимиз айёми бўлмиш 8 март байрами арафасида ХХ асрнинг буюк аёллари сафидан ҳеч бир эътирозсиз ўрин эгалловчи ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним номи юртимиз бўйлаб тарала бошлайди. Ва иқтидорли қизларни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш ҳам анъана тусини олгани боис аёл зотига эҳтиром ва эъзоз, эътибор ва юксак хурмат намунаси сифатида таъсис этилган ушбу мукофот ҳар йили юртимизнинг ноёб истеъдодли қизларига бериб келинмоқда.

 Бу йил ҳам хотин-қизлар байрами арафасида адабиёт, санъат, таълим, маданият ва спорт йўналишларида қўлга киритган ютуқлари учун яна 14 нафар истеъдодли қизлар мукофот соҳибалари сафига қўшилдилар. Ҳозирда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари сони 240 нафарга етди. Мен ҳам мукофотга 2004 йилда маданият йўналиши бўйича лойиқ топилганимдан ва бундай катта ишончни оқлаш баробарида 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси совриндори бўлганимдан бахтиёрман. Ва шуни ишонч билан айтаманки, мукофотни қўлга киритган қизлар изланиш, интилишдан асло тўхтаб қолаётганлари йўқ. Бугунги кунда мукофот совриндорлари қаторида  вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси, Навоий ва Ибн Сино стипендиялари совриндорлари, Осиё, жаҳон ва турли халқаро миқиёсидаги мусобақа ҳамда танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Ўзбекнинг севимли шоираси номидаги Давлат мукофоти ҳали минглаб қизларнинг ҳаётини тўлдиради, уларга йўлчи юлдуз бўлиб йўл кўрсатади. Совриндор қизлар сафи ҳар йили янгиланиш, яшариш ва уйғониш фасли бўлмиш баҳорнинг илк кунларида тўлиб бораверади.  Уни қўлга киритган қизлар эса ҳали узоқ йиллар халқимизга ситқидилдан хизмат қилади. Юрт равнақи йўлида билим ва салоҳиятини аямайди.

Мен фурсатдан фойдаланиб, барча аёлларни, гўзал ва латофатли қизларимизни 8 март байрами билан муборакбод этаман. 

Теглар:Камола Эрматова 8 март 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар