...
МЕНЮ
ONLINE TV

Камайтирилган солиқлар, оширилаётган маошлар, кучини йўқотаётган собиқ иттифоқ ҳужжатлари... 1 январдан нималар ўзгарди?


17:05, 02.01.2019 Жамият
 12 071

Мана, 2019 йилни ҳам кутиб олдик. Ҳадемай ишга шўнғиймиз, кунлар шу зайил давом этаверади. Бироқ, ҳаётимизда ўзгаришлар катта. Уйдан кўчага чиқмай, ҳали иш бошламай буларни пайқамаган ёки реал ҳаётингизда ўзгаришларга дуч келмаган бўлишингиз мумкин. Шу боис 2019 йил 1 январдан мамлакатда турли соҳаларда кузатилаётган ўзгаришларни эслатиб ўтишни жоиз деб топдик.
 
Солиқ
 
Шубҳасиз, 2019 йил 1 январдан кучга кирган энг муҳим янгиликлардан бири бу солиқ соҳасидаги ислоҳотлардир.
 
Илгари амал қилган тартиб бўйича солиқ махсус шкала бўйича ҳисоблаб чиқилар эди. Бунда маош энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлса 7,5%, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида 16,5%, ундан юқори миқдорда ойлик олса, 22,5% солиқ ушланар, бу солиқлар миқдорининг ўзи ҳам ўсиб борувчи шкала бўйича кишини чалкаштириб юборадиган даражада мураккаблашиб кетарди. Қўшимчасига, иш ҳақидан давлатдан ташқари пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундирилар эди.
 
Эндиликда эса жисмоний шахснинг даромадларидан 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади. Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:
 
  • юридик шахслар – 12 фоиз (илгари 14 %);
  • тижорат банклари – 20 фоиз (илгари 22 %).
 
Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка (илгари 10 %) бўйича солиқ солинади. Яъни ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкасига эга бўлган давлатлардан бирига айланди. Бундан кўзланган мақсад тадбиркорларни бўш турган маблағларни омонатларга қўйишга рағбатлантириш, мамлакатда фонд бозорини ривожлантиришдир.
 
Балиқчилик кластерлари йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалардан озод этилади.
 
Нотариат
 
2019 йил 1 январдан бошлаб нотариусларимиз “фаол нотариат” тизимида ишлашга ўтишади.
 
Масалан, кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлашда электр ва газ таъминоти бўйича қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотларни олиш бевосита нотариус томонидан бажарилади. Яъни қайсидир идораларга бориб соатлаб навбат кутиб “справка” олиш амалиётига чек қўйилади. Бу ҳам фуқароларимиз вақти ва нақдини тежаб, ортиқча асаббузарликларнинг олдини олади.
 
Бундан ташқари 1 январдан бошлаб:
 
  • фуқаролар ўртасида тузилган бино (уй-жой, квартира) ёки унинг бир қисмини ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлаш шартлиги ҳақидаги талаб ўз кучини йўқотади;
 
  • нотариал тартибда тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаган шахслар ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги хизматлар учун ҳақ тўлашдан озод этилади;
 
  • нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида нотариуслар томонидан аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин;
 
  • битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин;
 
  • фуқаро қандайдир сабабларга кўра (жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ва ҳ.к.) битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаган ҳолларда нотариус видеоёзув воситаларидан фойдаланади;
 
  • нотариал идораларга электрон мурожаат қилиши мумкин, бунда мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим;
 
  • уй-жой, бино, иншоот ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимларни исталган нотариал идорада амалга ошириш мумкин (илгари фақат шу мол-мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланар эди).
 
Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар
 
Меҳнат ва ижтимоий соҳада ҳам 2019 йил 1 январдан бошлаб қатор янгиликлар кузатилди.
 
Масалан, педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақлари янада оширилди. Хусусан, ойлик иш ҳақлари 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
 
Илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори ҳам 20 фоизга кўпайди.
 
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси қайта кўриб чиқилади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентларини ўртача 10 фоизга, шу жумладан, 1-разряд бўйича 15 фоизга, 2-разряд бўйича 10 фоизга ва 3-разряд бўйича 5 фоизга ошириш орқали меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш назарда тутилди.
 
Меҳнат стажларини ҳисобга олишни қоғоз кўринишда юритиш амалиётидан воз кечилди, бу соҳада ҳам электрон тизим жорий этилди.
 
Ишловчи пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш бўйича норма ҳам 2019 йил 1 январдан кучга кирди.
 
Тадбиркорлик
 
Тадбиркорлар учун ҳам қатор енгилликлар берилди.
 
Жумладан, 2019 йил 1 январдан кўчма савдо учун рухсатнома олиш шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди. Худди шундай улгуржи савдо фаолиятини ҳеч қандай лицензиясиз амалга оширишга рухсат берилди. Давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар учун ички бозорда маҳсулот ёки хизмат учун 15 фоиз тўловни олдиндан амалга амалга оширишга доир архаик талабдан ҳам воз кечилди. Чўчқа гўшти, уй паррандаси гўшти, ўсимлик ёғи, шакар, нон-булка маҳсулотлари, вольфрам рудалари, ипак чиқиндилари экспортига қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди.
 
Бундан ташқари, 2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича хизматларни тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан кўрсатилишига рухсат берилди.
 
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг тўлиқ версиясиишга туширилди. Унда тадбиркорларни текшириш бўйича қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш, тадбиркорларга ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш имконияти ҳам мавжуд бўлди.
 
2019 йил 1 январдан Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати кенгайтирилди.
 
Яъни, эндиликда темир ёки пўлат симлар, бурчак ва бошқа шакл берилган, махсус темирдан ёки пўлатдан ишланган профиллар, коррозияга чидамли яримтайёр пўлатли ишланмалар, пўлатдан енгил ўралган симлар ва бошқа маҳсулотлар мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлади.
 
Низоларни ҳал этиш
 
2019 йил 1 январдан “Медиация тўғрисида”ги Қонун кучга кирди.
 
Қонунга мувофиқ, келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация ҳисобланади.
 
Қонуннинг мақсади ҳам Ўзбекистонда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.
 
Норма ижодкорлиги
 
2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ иттифоқнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотди. Собиқ иттифоқ даврида қабул қилинган ҳозирда амалда бўлиб турган 171 та ҳужжатнинг ўрнига замонавий талабларга мос келувчи 56 та янги Қонун ҳужжати қабул қилинди.
 
Жазони ижро этиш
 
Жазони ижро этиш муассасаларида, тўлиқ ижтимоий мослаштириш мақсадида маҳкумларни тизимли ўрганиш ва уларнинг онгини ўзгартиришга қаратилган тарбиявий ишларнинг ягона комплекс тизими жорий этилди.
 
Бунинг учун, 2019 йил 1 январдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги тизимида Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
 
Маҳкумларга шахсий ҳужжатларни тиклаш ва паспорт олишда ёрдам кўрсатилади, уларнинг пенсия суғуртаси, меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингунга қадар амалга ошириш бўйича талаблар ҳам кучга киради.
 
Соғлиқни сақлаш
 
2019 йил 1 январдан бошлаб Аллергик касалликларни эрта аниқлаш учун 18 ёшга тўлмаган ва хавф остида бўлган болаларни текшириш бўйича бир марталик умумдавлат акциясига старт берилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ихтисослаштирилган аллергологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, унинг сифатини яхшилаш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.
 

Теглар:1 январь 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар