...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жинояти тасдиқланмаган фуқароларнинг суратини оммага намойиш этиш мумкинми?


13:09, 28.07.2017 Жамият
 3 244

Қизиқ, жиноят ишини юритиш учун масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари айби тасдиқланмаган фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини нега ҳимоя қилмаяпти? Ёки улар ўз ишларини кўз-кўз қилиш истагидами?

Сўнгги вақтларда жиноятчилик ҳақидаги хабарларни ўқиганимизда ёки телеэкранларимиз орқали томоша қилганимизда, кўп ҳолларда ҳали тўлиқ жиноятчи деб топилмаган фуқароларнинг сурати ёки видео тасвирларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу қанчалик тўғри?
 
Ҳозирда Ички ишлар Бош Бошқармаси томонидан кўплаб жиноий ишлар ошкор этилмоқда. Албатта, бу таҳсинга лойиқ. Аммо, масаланинг иккинчи томони бор. Улар тақдим этаётган маълумотларда на жиноятчи деб топилган шахснинг ўз айбига бўлган иқрори бор ва на суд қарори. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси конституциянинг VII боб (Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар), 25 моддасида: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга...” деб, 26 моддасида эса: “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди...” деб белгилаб қўйилган.
 
Келинг, танқидимиз асосли бўлиши учун бир-икки мисоллар келтирамиз. Бекзод Нортожиев ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ равишда талон-торож қилиш мақсадида, Бектемир тумани ҳудудида, фуқаро Гулмира Бекпулатованинг (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, унга тегишли бўлган жами 1.190.000 сўмлик мол-мулкини эгаллаб олган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
 
Иккинчи мисол. Мўминов Шарофжон Сунатилла ўғли жиноий шериклари Тўрабеков Элёр Жўрабек ўғли, Исроилов Элёр Бахтиёр ўғли ва Бердибеков Суннат Маратовичлар ўзаро тил бириктириб, талончилик жиноятини содир этишган ва давлат рақами 01 Т 443 ХА бўлган “Нексия-2” русумли автомашинада жуфтакни ростлашган. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди  аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
 
Мазкур тақдим этилган ҳар икки маълумотда гумондор шахсларнинг сурати кўрга ҳасса қилиб кўрсатилган.
 
Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексининг II боб 18 моддасида: “Жиноят ишини юритиш учун масъулиятли барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт”, деб ёзиб қўйилган.
 
Қизиқ, жиноят ишини юритиш учун масъулиятли бўлган давлат органлари юқоридаги айби тасдиқланмаган фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини нега ҳимоя қилмаяпти? Ёки улар ўз ишларини кўз-кўз қилиш истагидами? Бунга уларнинг нечоғлик ҳақлари бор? Қани конституциямизда белгилаб қўйилганидек, фуқароларнинг шахсий дахлсизлиги?
 
Сайтимиз мазкур масала юзасидан Ички Ишлар вазирлиги Ҳуқубузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Акромов Дилшодга мурожаат қилдик ва қуйидаги жавобни олдик:
  • Маълумки, ҳозирда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Авваллари фуқароларимиз кўп ҳолларда ўзи яшаётган маҳаллада қандай жиноят содир этиляпти, уни ким содир этди, бу ҳақда маълумотларга эга эмас эди. Табиийки, бу аҳолимизни жиноятдан ўзини ҳимоя қилишига тўсқинлик қиларди. Бу биринчи сабаби. Шунингдек, жиноятчиларнинг айбдорлиги бўйича далилий ашёлар топилган бўлса ёки ўз айбига иқрор бўлганлиги тўғрисида дастлабки кўрсатмаларни берган ҳолатлардагина улар тўлиқ ошкор этилади.
Тўғри, баъзан шундай жиноятлар содир этиладики, уларни оммага тўлиқ ошкор этмаслик, кейинчалик жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Бу борада ички ишлар органларининг бу ишларини юз фоиз оқлаш мумкин. Бироқ, “ошкор этиш” жиддий масала. Бу борада қонунни ҳам четлаб ўтиш керак эмас. Қолаверса, жиноятчи деб топилган шахснинг жиноятидан унинг оиласи,  қариндош-уруғлари, дўст-у биродарлари бехабар бўлиши мумкин. Унинг суратлари ёки видеолари жамоатчиликка ошкор этилса, унга қўшилиб “айбдорнинг” ота-онаси, фарзандлари ҳам уятда қолмайдими? Яна бир бор таъкидлаймиз, бу борада жиддий ўйлаб кўриш керак. Зеро, ҳали тўлиқ айбдор деб топилмаган одамнинг “айби”, унинг яқинларига ҳам оғир юк бўлмасин.  
Нигина Ҳакимова

Теглар:Жиноятчи Ички ишлар Бош Бошқармаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Фуқаро
12:58 01.08.2017

Нигина Ҳакимова терговчилар ҳам аҳмоқ эмас дуч келган гумонланувчини расмини қўйиб. Тергов давомида айбини исботловчи далиллар бўлгандагина суратлари чоп этилади.Мақолани ўқиб ўқиб "ўтлаб" кетганизни билмай қолгансиз. Биринчидан сурати чоп этилганларни гумондорлар деб кўрсатишмоқда. Иккинчидан, бирор шахсни гумондор деб эътироф этиши учун ҳам терговчида муайян далилллар, кўрсатмалар ва ҳ.к.лар бўлади. Учинчидан ўғирлик, босқинчилик, талончилик ёки шу каби жиноятларда гумонланаётган шахснинг бошқа жиноятларига алоқадорлигини текшириш, унинг бошқа жиноятларидан жабрланганлар бўлса терговга ёрдам бериши мумкин. Конституциядан мисоллар келтиргансизу дахлсизлик, ҳақ-ҳуқуқ деган терминларнинг маъносини тушунмасдан туриб мақола ёзманг. Сизга маслаҳатим, ижтимоий аҳамиятлироқ ва фойдалироқ мақола ёзинг. Жамиятимизда камчиликлар, қилинадиган ишлар, муаммолар етарлича топилади.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар