...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хитой Президенти Шавкат Мирзиёевни қутлаб, мактуб йўллади


21:39, 02.01.2017 Жамият
 3 562

Бу йил Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганига 25 йил тўлди.

Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар йўлга қўйилганининг 25 йиллиги муносабати билан мактуб йўллади.
 
Си Цзиньпин ўз мактубида Шавкат Мирзиёевга ва бутун Ўзбекистон халқига Хитой ҳукумати ва халқи номидан самимий табрикларини изҳор этган.
 
“Хитой ва Ўзбекистон – яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир. Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён ўтган 25 йил давомида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари изчил ва барқарор ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этган, ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланмоқда. “Бир қутб, бир йўл” барпо этилишида дастлабки муҳим натижаларга эришилди, “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Мамлакатларимиз асосий манфаатларига доир масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатларимиз умумий манфаатларимизни ҳимоя қилиш мақсадида БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимиз имзолаган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро муносабатларимизни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2016 йилда биз ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдик, турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Хитой муносабатларимизнинг муваффақиятларидан мамнун ва у истиқболда янада ривожланишига ишончи қатъийдир”, дейди Хитой раҳбари.
 
ХХР давлат раҳбари мактубида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига нисбатан ҳурматини изҳор этар экан, Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари ривожланишига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлаган.
 
“Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман”, деб ёзади ўз мактубида Си Цзиньпин.
 
Мактуб сўнггида Хитой Халқ Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида катта муваффақиятлар, Хитой ва Ўзбекистон дўстлиги янада мустаҳкамланиб, жадал ривожланаверишини тилаган. 

Теглар:Ўзбекистон-Хитой Си Цзиньпин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар