...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фильм: Ўзбекистондаги 70 минг кўзи ожизнинг тақдири ярим йўлда қолдирилмоқда


21:12, 12.12.2018 Жамият
 3 350

Ўзбекистонда 70 мингдан ортиқ кўзи ожизлар истиқомат қилмоқда. Улар орасида 3200 нафардан ортиқ ўқувчилар бор. Кўзи ожизлар учун брайл ёзувида дарсликлар ва бадиий адабиётлар, китоблар нашр этувчи босмахона эса ягона.
 
Бугун бу босмахонанинг моддий-техник базаси танг аҳволда қолган. Совуқ, шароити йўқ бинода 40 дан ортиқ ходим фаолият юритади. Уларнинг ярми кўзи ожизлар бўлса, қолгани соғлом одамлар. Бу бинода кўзи ожизлар тугул, соғлар базўр ҳаракатланади.
 
Босмахона бугун талабни тўла бажариш имкониятига эга эмас, гап яна молиявий масалаларга бориб тақалади. 26 йилдан буён Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакат Конституцияси брайл ёзувида чоп этилганидан тушунаверингки, биз ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлаяпмиз деган гапларни кўп ҳолларда фақат тилда айтганмиз. Амалга келганда эса...
 
Бугун кўзи ожизлар томонидан 70 номдаги китобларга эҳтиёж бор. Республикада ягона бўлган кўзи ожизлар босмахонаси эса бу талабдан бор-йўғи 18 номдаги китоб эҳтиёжини қондира олган, холос.
 
Республика кўзи ожизлар босмахонаси – “Ёғду” нашриёти бош муҳаррири  Риҳсивой Аббосхонов аслида соғлом бўлиб туғилган. У ҳозир 41 ёшда. Икки фарзанднинг отаси. 13 ёшида хасталик сабаб кўриш қобилиятини йўқотди. Ўшандан буён у кўзи ожизларга имконият ва шарт-шароит яратиш мақсадида ҳаракат қилиб келмоқда.
 
У дунёни қалб кўзи орқали кўради. Бармоқлари ёрдамида ёзилган китоблар эса бугун минглаб ўқувчилар қўлига етиб борган. Бироқ, унинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор.
 
Риҳсивой Аббосхонов бир ярим йилдирки Тошкент шаҳар ҳокимияти билан судлашади. Боиси, ҳокимлик Кўзи ожизлар босмахонаси биносини Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тасарруфига бериб юборган. Кўзи ожизларнинг қаерга кўчирилиши масаласи эса ярим йўлда қолдирилган.
 
60 йилдан буён кўзи ожизлар жамиятига қарашли бўлиб келаётган эски, нураб ётган бино бугун кўзи ожизларга кўп кўрилмоқда. Ижтимоий ҳимояга оид қарор ва қонунлар унутилиб, улар кўчага қувилмоқда. Биргина кераксиздек кўринган босмахона ортида Ўзбекистондаги 70 минг кўзи ожизнинг маънавияти, маърифати, таъбир жоиз бўлса, тақдири ётгани мутасаддиларни қизиқтирмаяпти.
 
QALAMPIR.UZ ушбу масала юзасидан Риҳсивой Аббосхонов билан учрашди, босмахонада меҳмон бўлди. У ҳақда қисқа метражли “Зулматдаги зиё” номли фильм тайёрлади. Ушбу фильмни юқоридаги слайдерда ва қуйидаги ҳаволаларда томоша қилишингиз мумкин.
 
Агар телефонингиз ва компьютерингизда VPN ўрнатилган бўлса, ушбу видеоинтервьюни YouTube’даги каналимизда, агар VPN бўлмаса, Mover’да кўришингиз мумкин.
 
Mover’да томоша қилинг
 
 

 
YouTube’да томоша қилинг
 
 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар