...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Устюрт газ-кимё мажмуасини ишга тушириш маросимида иштирок этди


09:13, 23.05.2016 Жамият
 7 679

Сурғил кони негизида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир.

Жорий йилнинг 21 май куни Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланиши ва унинг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Корея Республикаси Бош вазири Ҳван Гё Ан  иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Сурғил кони негизида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир. Бу нефть-кимё соҳасида нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ ҳудудида узоқ муддатли молиялаштириш асосида ҳаётга татбиқ этилган дастлабки кенг кўламли лойиҳадир. 
 
Корея Республикаси Бош вазири Ҳван Гё Ан сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги асосий шериги ва стратегик ҳамкори эканини алоҳида таъкидлади.
 
Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.


 
Қурилиши 2012 йилда бошланган Устюрт газ-кимё мажмуасида газни тақсимлайдиган, этилен, полиэтилен, полипропилен ишлаб чиқарадиган ва энергия манбалари билан таъминлайдиган жами бешта завод, шунингдек, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилган. Улар дунёдаги энг замонавий юқори технологиялар билан таъминланган, энг сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган. Мажмуада 1300 га яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг уч юздан зиёди коллеж битирувчиларидир. 
 
Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди. Магистрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метрдан ортиқ этан ва газ, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаваттдан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда. Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди. Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.

Теглар:Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон-Корея Ҳван Гё Ан Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар