...
МЕНЮ
ONLINE TV

Андижонлик ихтирочи ўзи ясаган электромобилни 10 миллион сўмга баҳолади


14:26, 16.05.2016 Технология
 6 555

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида лойиҳалари билан иштирок этган Ойбек Умаров ташкилотчиларнинг мукофоти билан тақдирланди.

11-13 май кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида бўлиб ўтган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида андижонлик ёш ихтирочи Ойбек Умаров ўзи ясаган электромобиль ва ҳеч қандай ёқилғисиз қуёш нури орқали ҳаракатланадиган автоулов прототипи билан иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ярмаркада Ойбекнинг ишланмалари билан қизиққан, лойиҳани ишлаб чиқаришга тадбиқ этмоқчи бўлганлар талайгина топилди. Таҳририятимиз ходимлар Ойбек Умаров билан боғланди.
 
Ойбек Умаров, ёш ихтирочи:
— Ярмаркада Андижон машинасозлик институти номидан иштирок этдим. IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси тугагач, мени диплом билан тақдирлашди. Эртага институтимизда ўқитувчи ва талабалар иштирокида дипломни тантанали топшириш маросими ўтказилар экан.
— Лойиҳаларингизни ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоландими?
— Очиғи лойиҳаларимга патент олмаганим учун шартнома тузиш ишларини институт раҳбариятига қўйиб бердим. Улар ким билан шартнома имзолаганидан хабарим йўқ. Лекин электоромобилимни ўша ернинг ўзида сотиб олиш таклифини билдирганлар жуда кўп бўлди.
— Хўш уни қанчага сотмоқчисиз?
— Мен учун меҳнатимнинг баҳоси йўқ. Электромобилга келсак, уни 6 миллион сўм эвазига шу ҳолатга келтирганман. Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини ясашимга эса 11 миллион сўм сарфладим.
— Сизнингча, электромобилга берилган энг яхши нарх қанча?
— Буни айтиш жуда қийин. Ўзимга қолса, электоромобилни 10 миллион сўм деб нархлаган бўлардим. Андижонда бир неча бор машинамни 10 миллион сўм эвазига сотишимни сўраб келишган. Ҳатто, ўз автомобилига алмаштириш истагидагилар ҳам топилган. Лекин мен уни сотмоқчи эмасман, аксинча, келаси йилда бўладиган ярмаркага янада мукаммаллаштириб олиб келмоқчиман.
 

 
Маълумот учун, Ойбек Умаров томонидан 2013 йилда ясалган “Қалдирғоч” номли электромобиль темир профиль ва пўлатдан тайёрланган бўлиб,  унга электродвигатель ва аккумулятор ўрнатилган. 4 соатда тўлиқ қувват оладиган мазкур намуна соатига 50 км тезликда ҳаракатланади. 
 
Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипи эса қуёшли очиқ ҳавода соатига 40-50 км, булутли ҳавода эса соатига 20 км тезликда ҳаракатланади. Узунлиги 3,5,  эни 1,4 метр, бўйи 90 сантиметрни ташкил этган мазкур прототип олд ва орқа томонларга ўрнатилган қуёш нури панелидан қувват олади.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Ойбек Умаров Электромобиль Андижон машинасозлик институти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!