...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алло, эшитяпсизми? Шаҳар телефонларида алоқа нархи ошибди


17:05, 10.06.2016 Технология
 3 886

Хориж мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб шаҳарлараро қўнғироқлар нархи ўзгаришсиз қолди.

1 июлдан эътиборан Ўзбекистонда маҳаллий телефон алоқаси ҳамда мамлакат ичида ва хорижга телеграмма юбориш хизмати учун янги тарифлар ўрнатилди. Бу ҳақда “Ўзбектелеком” АК расман маълум қилди.
 
Хабарда айтилишича, универсал телекоммуникация хизматлари учун янгиланган нархлар 30 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган.
 
“Ўзбектелеком” АК Матбуот хизмати берган маълумотларига қараганда,  тарифлар аҳолига сифатли хизматларни тақдим этиш ва уларни кўрсатишдаги сарф-харажатларни қоплаш мақсадида оширилди.
 
Унга кўра, вақтбай тўлов асосида шаҳар телефонидан фойдаланганлик учун аҳолидан олинадиган ойлик абонент тўлови 2.040 сўмдан 2.350 сўмга (қишлоқ жойларда – 900 сўмдан 1.035 сўмга),  абонент тўлов тизимида – 2.690 сўмдан 3.090 сўмга (қишлоқ жойларда – 1.325 сўмдан 1.520 сўмга) оширилди.  Мос равишда,  ташкилотлар учун ҳам тарифлар оширилган.
 
Абонент тўлови таркибига кирувчи 180 дақиқалик белгиланган меъёрдан ошган ҳар бир тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган дақиқа учун тўлов барча фойдаланувчилар тоифаси учун 9 сўмдан 12 сўмга оширилди.
 
Соат 22:00 дан 7:00 га қадар бўлган муддатда маҳаллий қўнғироқлар учун вақтбай тўловда тарифга нисбатан 0,10 ҳажмда камайтирилган коэффициент амалда бўлади.  Фавқулодда хизматлар,  шунингдек,  таъмир,  техник кўмак бюроси ҳамда шаҳарлараро алоқа буюртма қилиш хизматига қилинган қўнғироқлар учун вақтбай тўлов амалга оширилмайди.
 
Хориж мамлакатлари,  шунингдек,  Ўзбекистон бўйлаб шаҳарлараро қўнғироқлар нархи ўзгаришсиз қолди.
 
Июль ойидан бошлаб Ўзбекистон ичида ва халқаро йўналишлар бўйлаб телеграмма жўнатиш нархлари ҳам қимматлашади.  Жумладан, аҳоли учун Ўзбекистон бўйлаб оддий телеграмманинг битта сўзи учун тўлов 44 сўм (ҳозирда – 37), тезкор телеграммада 220 сўм (184) қилиб белгиланди. Телеграммаларнинг барча турлари учун телеграф тўлови 184 сўмдан 220 сўмга оширилади.

Теглар:Ўзбектелеком АК Телефон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!