...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алан Мельцер: Ўзбекистонда 1900 киши ОИТС туфайли вафот этди


12:31, 01.12.2018 Саломатлик
 2 839

Ўзбекистондаги 20 000 дан ортиқ киши Қўшма Штатлар асосий ҳамкор саналган Глобал жамғарма механизми орқали антиретровирус даволаниш имконига эга бўлди.

ЮНЭЙДС ҳисоботига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда тахминан 1900 киши ОИТС туфайли вафот этган. Бу ҳақда АҚШнинг муваққат ишончли вакили Алан Мельцер маълум қилди.
 
“1 декабрь куни дунё халқлари ОИТСга қарши кураш кунини нишонлайди. Ушбу кунда биз жаҳон бўйлаб бундай қўрқинчли касаллик туфайли вафот этган қарийб 39 миллион кишини ва уларнинг ортида қолган ғамгусор оилаларини ёдга оламиз. Биз ОИВ вируси билан оғриган ўн миллионлаб одамларнинг оғриқларига эътибор қаратамиз. ОИТС шундай бир қотилки, у на жинс, на ирқ, на миллат ва на чегара билади. Илк бор 1981 йили аниқланганидан буён, у дунёдаги ҳар бир мамлакатни чуқур қайғуга ботириб, йўқотишларга олиб келди. Менинг Ватанимда бу касаллик ярим миллиондан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди”, дейди Мельцер.
 
Статистика маълумотларга қараганда, ўтган ўн беш йил ичида Америка Қўшма Штатлари ОИТС/ОИВга қарши глобал кураш учун 80 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Жумладан, ушбу кўмак АҚШнинг ОИВ ва сил касаллиги билан курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳамда ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича бутунжаҳон жамғармасига қўшган ҳиссасини ўз ичига оладики, у биргина касалликка барҳам бериш йўлида кўрсатилган молиявий ёрдамнинг энг каттасидир. Бундай сармоя бугунги кунгача 16 миллиондан ортиқ кишининг ҳаётини сақлаб қолди, миллионлаб кишиларга ОИВ инфекцияси юқишининг олдини олди ва бутун дунё мамлакатларини ОИВ тарқалишини назорат этиш мақсади сари янада яқинлаштирди. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда бу ҳалокатли касалликка қарши 2001 йилдан буён маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга курашиб келмоқда, бунинг натижасида биз биргаликда кўплаб кишилар ҳаётини сақлаб қолдик. Қўшма дастурларимиз туфайли Ўзбекистондаги яна кўплаб кишилар бу касалликни ўз вақтида аниқлаш, сифатли парвариш, ҳаётий зарур антиретровирус даволаниш ҳамда ўз жамоаларидан ижтимоий кўмак олишга муваффақ бўлди. Биргина 2017 йили, Ўзбекистондаги 20 000 дан ортиқ киши Қўшма Штатлар асосий ҳамкор саналган Глобал жамғарма механизми орқали антиретровирус даволаниш имконига эга бўлди.  
 
“Биз дунёдаги кўплаб ҳамкорларимиз билан ишлаб, глобал ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича ҳаракатларни тубдан ўзгартирдик, ўзимиз яшаётган дунёнинг бугун ва эртага саломатликка оид хатарларга қарши яхшироқ кураша оладиган хавфсизроқ маконга айланишига ёрдамлашдик. ЮНЭЙДС маълумотига кўра, 2004 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан буён, бутун дунёда ОИТС билан боғлиқ ўлим икки бараварга камайди. 1996 йилдан эса янги ОИВ инфекциялар 47 фоизга қисқарди. Қўшма Штатлар ОИВ/ОИТС ҳақидаги стигмани ҳам камайтириш учун иш олиб бормоқда. ОИВ/ОИТС гепатит ё сил сингари бир инфекция бўлиб, АҚШ бу касалликни очиқ муҳокама қилишга, унга чалинган беморлар эса қўрқув ва ё таъқибсиз у ҳақда эркин гапира олиши учун шароит яратишга чақиради. ОИВ ва ё ОИТСга чалинганларни камситиш нафақат инсон қадр-қимматини таҳқирлаш, балки ушбу пандемияни назорат қилишга оид глобал саъй-ҳаракатларга ҳам путур етказиш демакдир”, дейди АҚШ вакили Алан Мельцер. 

Теглар:Алан Мельцер ОИВ ОИТС 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!