...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мубашшир Аҳмад: “Мусулмон қатламга давлатнинг муносабати ўзгарган”


14:09, 09.01.2019 Жамият
 8 335

Муаллифга кўра, Ўзбекистонда диний соҳада ислоҳотлар секинроқ бораяпти. Ва секин-аста бошқа муаммолар ҳам ҳал бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 2018 йилнинг апрель ойигача фаолият олиб борган Мубашшир Аҳмаднинг ишдан четлатилиши ўша вақтларда катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Унинг идорада эгаллаб турган лавозимидан озод этилишига аниқлик киритилмай қолганди.
 
Мубашшир Аҳмад Facebook’да анча фаол. У диндорлар билан доимий мулоқотда. Унинг ёзишмаларида ҳадислар, ривоятлар ва Қуръондан келтирилган сураларни кўриш мумкин. У бугун ижтимоий тармоқдаги саҳифасига “Дин ва давлат равнақи учун қўлни қўлга берайлик” номли мақолани жойлаштирди. Мақолада айни дамда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
 
Мубашшир Аҳмад мақола аввалида шундай ёзади:
 
“Бу ҳақда ёзишни жуда узоқ ўйладим. Кўп мулоҳаза қилдим. Ёзганларим аксар томонни норози қилиши, шаънимга ёмон сўзлар айтилиши мумкин. “Сарой мулласи” ёки “давлат одами” десалар ҳам ажабланмайман. Бошқа томондан ҳам бунинг тескариси даъво этилиши ва норози бўлиниши мумкин. Лекин барибир фикрим ва мулоҳазамни баён қилишга қарор бердим. Чунки бу тўғрида сукут яхшиликка олиб бормаслиги ва соғлом фикрласак, холис бўлсак, ҳамда ўзаро тушуниш позициясини олдинга сурсак бутун жамият ютиши мумкинлигига амин бўлдим”.
 
У сўзида давом этаркан, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни баҳолаб, ислоҳотлар натижасини бераётганини айтган. Бунга мисол тариқасида молия ва иқтисод соҳасини келтираркан, биргина нақд ва пластикдаги пул ўртасидаги фарқ йўқолганини мисол сифатида келтирган. Бу эса айрим шаръий саволларнинг тўхташига сабаб бўлганини айтади.
 
“Энди мақсадга ўтсам. Мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар диний соҳани ҳам четлаб ўтмади. Олдинги баҳсли постимда бунга тўхталганман. Бу борадаги энг катта ютуқ мусулмон қатламга давлатнинг муносабати ўзгаргани ва сиёсат юмшагани. Бундан кўз юмиш мумкин эмас. Мен ўз танамда ҳис қилиб турганим учун ҳам буни эътироф қиляпман”, деб сўзида давом этади у.
 
У ижтимоий тармоқларда айрим норозилик кайфиятидаги изоҳларни ёзувчиларни нишонга оларкан, уларни бугунги кунга шукрона келтиришга чорлаган.
 
“Давлат шундай қилишга мажбур, ҳадеб шукроналик қилавериш шарт эмас, дейдиганларга айтаман. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким одамларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, деганлар. Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ: “Бу саҳиҳ ҳадис. Кимнинг табиати ва хулқида одамларнинг яхшилик ва олийжанобликлари учун шукр қилмаслик ва миннатдор бўлмаслик сифати бўлса, демак у Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди ва рози бўлмайди. Ёмон тасарруф ва жафосидан ғолибо Аллоҳга ҳам шукр айтмайди”, дейдилар. Мен Ибн Бознинг шарҳларидан иқтибос келтирганим сабаби, айримларимиз фақат шу кишининг мулоҳазаларига суянишади. Бинобарин ҳақиқат айнан шундай эканини улар ҳам билишларини хоҳладим. Чунки бундан бошқа оят ва ҳадислар ҳам ушбу маънони кўп таъкидлайди”, деб ёзади Мубашшир Аҳмад.
 
Муаллифга кўра, Ўзбекистонда диний соҳада ислоҳотлар секинроқ бораяпти. Бироқ соҳа ўта ҳассос бўлгани учун у бу вазиятни тушуниш кераклигини таъкидлаган. Қолаверса, секин-аста бошқа муаммолар ҳам ҳал бўлишини айтган. 

Теглар:Мубашшир Аҳмад Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар