...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz”нинг журналистларига тазйиқлар борми?


13:59, 08.10.2018 Жамият
 3 628

Саволлар орасида жорий йилнинг ёз ойларида Ўзбекистондаги бир қатор интернет-нашрлар қатори “Qalampir.uz”нинг ишламай қолиши сабаблари сўралди.

“Qalampir.uz”да эълон қилинадиган танқидий материаллар, хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимияти фаолияти билан боғлиқ танқид ва Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзога жавоб тариқасида ёзилган мақоладан сўнг таҳририятга тазйиқлар бўлдими? Журналистнинг эркин фикрини сиқиш каби ҳолатлар учраб турадими?
 
Юқоридаги каби саволлар бугун, 8 октябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов билан бўлиб ўтган учрашувда кўтарилди.






 
Унда талабалар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар, “Qalampir.uz” фаолияти, уни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнлар, бугун медиа бозорида тутган ўрни ва даромади ҳақидаги саволларга жавоб олдилар.
 
“Qalampir.uz”нинг ўз танлаган йўли бор. Бу ҳам бўлса бошқаларга ўхшамаслик, ҳамма қилган ишни такрорламаслик. Албатта, бунинг уддасидан чиқиш анчайин қийин, оғзингиздаги ошни илиб кетаётганлар кўп. Сиз бирор мавзу бошлайсиз, бошқалар эса отни қамчилаб сиздан ўша масалани юлиб олади”, дейди “Qalampir.uz” раҳбари Қамариддин Шайхов.
 
Саволлар орасида жорий йилнинг ёз ойларида Ўзбекистондаги бир қатор интернет-нашрлар қатори “Qalampir.uz”нинг ишламай қолиши сабаблари сўралди.






 
“Очиғини айтсам, сайтларнинг ишламай қолиши сабаблари ҳозиргача мавҳум бўлиб қолмоқда. Ва нимага бундай ҳолат рўй бергани энди менга қизиқ эмас. Ўша вақтларда, албатта, бу савол мени ҳам қийнади, лекин вазиятга оғир, вазмин бўлиб ёндашишни маъқул кўрдим. Агар сайт техник носозлик сабаб ёпилган бўлса, унинг тикланишига ишонгандим. Бордию кимнингдир сўзи билан ёпилган бўлса, бу ҳам катта мусибат эмасди. Чунки, эркин сўз айтиш учун минбар қайсилиги шартмас, муҳими – овозингиз баралла чиқиб туриши ва буни бошқалар эшитиши. Ўша воқеа сабаб зудлик билан “Qalampir.com”ни ишга туширдик. Ҳозир икки манзил ҳам узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев журналистлар олдига тўртинчи ҳокимият деган мақомни сўзда эмас, амалда оқлаш талабини қўйди. Бугун шунга монанд ишлашга ҳаракат қилиш керак. Жиддий тазйиқлар йўқ, аммо биз кўтарган масала, муаммони ҳал этиш ўрнига, журналистнинг овозини ўчиришнинг пайига тушадиган масъуллар ҳали ҳам бор”, дейди “Qalampir.uz” раҳбари.
 
Хабарингиз бор, бу йил Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Учрашувда ушбу университет ҳақида ҳам сўз борди. Қамариддин Шайхов бу масалада қуйидагича фикр билдирди.
 
“Мен айнан Халқаро журналистика факультетида ўқиганман. Бу ердан энг кучли журналистлар етишиб чиққан. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига келсак, бу даргоҳ ҳақида фикр билдиришга ҳали эрта. Чиройли бино, энг сўнгги техникалар, яратилган шарт-шароит қанчалик ўзини оқлайди, бу университетдан қанчалик кучли журналистлар етишиб чиқади, бу ҳали мавҳумлигича қолмоқда. Бироқ, умидимиз катта”.




 
Учрашув сўнггида “Qalampir.uz”  интернет нашри ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра факультет талабалари эндиликда “Qalampir.uz”да амалиёт ўтайди. Кун келиб улар бизнинг сафимизга қўшилишига умид бор. 
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Қамариддин Шайхов Халқаро журналистика факультети Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар