...
МЕНЮ
ONLINE TV

Зоҳиршоҳ Жўраев ТВ ва радиоларда қўшиқлари берилмаслиги сабаблари мавҳум эканини айтди


11:46, 01.08.2016 Шоу-бизнес
 6 735

Таваллуд кунини нишонлаётган Жўраев 4-5 йилдан буён қўшиқлари нашрлар ва ТВда чиқарилмаслиги масаласига тўхталди.

Бугун, 1 август куни устазода хонанда Зоҳиршоҳ Жўраевнинг таваллуд топган куни. Хонанда ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали мухлисларига юзланар экан, сўнгги вақтларда ТВ ва радиоэфирларида қўшиқлари янграмай қўйгани ўзи учун ҳам жумбоқлигича қолаётганини таъкидлади.
 
“Бугун энг қувончли кунларимдан бирида сизлар билан ғойибона учрашаётганимдан хурсандман! Чунки шундай жаннатмакон диёрда мен таваллуд топган кун бу кун. Инсон улғайиб, атроф-оламни теран англагани, озми-кўпми ютуққа эришгани сари ота-она олдидаги бурч, қарздорлик залворини ҳам ҳис этар экан. Шу маънода, нимаки яхшиликлар кўраётган бўлсам, улар туфайли эканини, уларсиз мен ҳеч ким бўлмаслигимни айтмоқчиман. Бунинг учун Яратганга шукроналар айтаман. Шунингдек, ўзимга ҳам аён бўлмаган баъзи сабаблар туфайли 4-5 йилдан буён нашрлар-у телеканалларда кўриниш бермаётганимга қарамай, мени унутмаган, гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора қўллаб-қувватлаб, келажакка дадил қарашга ундаб турган меҳрибон мухлисларимга бўлган муҳаббатимни яна бир карра изҳор қиламан.
 
Биз қўшиқлар билан яшаймиз, куй-наволар билан нафас оламиз. Бизнинг жозибаю сеҳримиз, кучимиз ва омадимиз, қўйингки, бору-йўғимиз – қўшиқлар. Азиз мухлисларим, бунинг учун сизларга ташаккур. Вақти келиб, албатта ишончингизни оқлайман, сизларга янада яқинроқ бўлишга интиламан. Сиз ва сизнинг тимсолингизда она Ватаним, Мустақил Ўзбекистонимиз сидқидилдан хизмат қиламан.
 
Фурсатдан фойдаланиб, сўзларимнинг камтарона тасдиғи сифатида яқин соатларда барча интернет тармоқларида икки янги қўшиғимни эътиборингизга ҳавола этаман. Ҳа, мен туғилган кунимда совға беришни ёқтираман. Назаримда, мухлисларим учун қўшиқлан кўра яхши совға йўқ. Мен сизларни яхши кўраман, азизларим, қадрдонларим. Оилангиз, ота-онангиз бахтига доимо соғ-омон бўлинг. Ҳурмат ва эҳтиром ила Зоҳиршоҳ”, деб ёзади кенжа Жўраев.
 
Маълумот учун, хонанда бироз аввал, ижодга қайтганини маълум қилиб, бундан бир неча йил аввал отаси, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев томонидан куйланган “Мама” қўшиғини айтиб чиққанди.

Теглар:Зоҳиршоҳ Жўраев Шерали Жўраев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!