...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яширин йўл билан товар олиб ўтаётганлар ушланди


15:12, 05.04.2017 Жамият
 3 553

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

“Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Хитойдан хусусий тадбиркор Р.Ғофуров (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) номига келтирилган турли асбоб-ускуна ва технологик жиҳозларни божхона кўригидан ўтказиш давомида кутилмаган ҳолатга дуч келишди. Мазкур асбоб-ускуналарнинг орасидаги барча бўшлиқлар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 23 турдаги 129 дона ошхона идишлари ва анжомлари билан тўлдирилган экан. Шу тариқа қоидабузар қиймати 29 млн. сўмдан ортиқ бўлган товарларни яширин йўллар билан олиб киришга уринган, дея хабар берди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.
 
Мазкур пост ходимлари “B.N.Ch.” (номлар қисқартирилган) хусусий корхонаси номига келтирилган газламаларни импорт божхона режимига расмийлаштириш жараёнида яна бир айёрликни фош қилишди. Божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида ушбу газламаларнинг эни икки баробарга қисқартирилган ҳолда тахланиб, сўнгра тўп қилиб ўралган. Шу тарзда қиймати 51 млн. сўмдан ортиқ бўлган 5,1 минг м2 ўлчамдаги газламалар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳолда, божхона назоратидан четлаб олиб киришнинг олди олинди.
 
Шунингдек, ушбу постда терига ишлов бериш пайтида фойдаланиладиган 38 тоннадан ортиқ 3 турдаги кимёвий моддаларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди. “М.G” масъулияти чекланган жамияти номига юборилган ушбу кимёвий воситалар ҳақида маълумотлар йўл-юк кузатув ҳужжатларида умуман кўрсатилмаган.
 
Қиймати 250 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилувчи ушбу товарлар республикамизга амалдаги тартибларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда олиб кирилганида, уларга нисбатан божхона тўловларидан тегишли имтиёзлар қўлланилиши мумкин эди.
 
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Бобур Жалолов

Теглар:Божхона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар