...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳуқуқ ҳимоячиси Хўжаева прокуратурадан меҳрибонлик уйи ходимларига оғирроқ жазо сўраб чиқди


17:35, 09.08.2018 Жамият
 8 299

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева Марғилондаги меҳрибонлик уйи ходимларига чиқарилган ҳукмга эътироз билдирди.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори  Сайёра Хўжаева Бош прокуратурани Марғилондаги меҳрибонлик уйи ходимларига чиқарилган суд ҳукмини бекор қилиш ва мамлакатдаги барча меҳрибонлик уйларини текширишга чақирди.
 
Сайёра Хўжаева ўз расмий мурожаатида шундай ёзади:
 
“Фарғона вилоят судининг тарбиячилар устидан зўравонлик қилиш ва пул ўғирлашда айбдор деб топилган Марғилон шаҳридаги 1-сон Меҳрибонлик уйи директори ва ходимларига нисбатан ўта юмшоқ ҳукм чиқаргани ҳолати бўйича Сизга мурожаат йўлламоқдамиз.
 
Болалар уйи раҳбарияти ва ходимлари давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган пулларни ўзлаштириш, шунингдек, тарбияланувчиларга нисбатан жинсий ва жисмоний зўравонлик ишлатганликда айбланган”.
 
Институт Ўзбекистон собиқ иттифоқ мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясини ратификация қилгани ва 2008 йилда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунни имзолаганини эслатиб ўтади. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида “Давлат боланинг шахси, турар жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатациянинг барча шаклларидан, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, жиноий фаолиятга, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилишдан ҳимоя қилишни амалга оширади” дейилган.
 
Шу қонуннинг 11-моддасида эса “Ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган”, деб ёзилган.
 
Марғилонда содир бўлган бу ҳолат мазкур Меҳрибонлик уйи раҳбарияти фаолияти устидан назоратни амалга оширишга мажбур ҳисобланган васийлик ва ҳомийлик органлари, Халқ таълими органлари ва бошқа назорат қилувчи органларнинг тўлиқ ҳаракатсиз бўлганидан гувоҳлик беради”.
 
Сайёра Хўжаева суд жиноятчиларга чиқарилган жазо чоралари жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинганини таъкидлаган.
 
“Фуқаролар нафақат мансаб жиноятлари, балки мазкур Меҳрибонлик уйи ходимларининг ҳайвоний инстиктлари исканжасида қолган ҳимоясиз болалар устидан таҳқирлашга нисбатан юмшоқ ҳукм чиқарилганидан ғазабда”, дейилади мурожаатномада.
 
Сайёра Хўжаеванинг айтишича, Фарғона вилоят суди мазкур Меҳрибонлик уйини назорат қилувчи юқори васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек, халқ таълими органлари ҳаракатсизлигига ҳам баҳо бериши, Халқ таълими вазирлигига болалар муассасаларида бу ҳолат каби номаъқулчиликларнинг такрорланмаслиги учун ҳодисага алоқадор жавобгар шахсларни интизомий чораларга тортиш тўғрисида тақдимнома киритиш тўғрисида ҳукм чиқариши керак бўлган.
 
Институт директори Бош прокурорга юмшоқлик учун суд ҳукмини бекор қилишга норозилик киритиш, шунингдек, Меҳрибонлик уйи фаолиятига алоқадор ва жавобгар шахслар ҳаракатсизлигига муносиб баҳо беришни илтимос қилиб мурожаат қилган.
 
Бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканини ҳисобга олиб, институт ундан “фуқароларнинг бу каби жиноятларни содир этишдан огоҳлантириш мақсадида” Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Жиноят кодексининг вояга етмаганларга нисбатан қасддан жиноят содир этганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисидаги таклиф киритилишини сўради.
 
Қўшимча равишда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйларини ҳамкорликда текширишга чақирди.
 
“Институт мазкур тадбирда фаол иштирок этишга тайёр”, дейилади мурожаатда.
 
Жиноят ишини кўриб чиқиш 2018 йилнинг 18 апрелида бошланган. Майнинг охирида суд гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатмаларини тинглаган. Июль ойининг бошида суд ўз ҳукмини эълон қилган.
 
Мазкур жиноят ишида судланувчилар мансаб совуққонлиги, мансаб ҳаракатсизлиги, жуда кўп миқдордаги давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, вояга етмаганларни қийнаш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, ҳатто, жинсий алоқада бўлиш шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланган.
 
Яъни, судланувчилар К.Якубов ва С.Усмоновга 4 йил, И.Йўлдошевга 3 йилу 6 ой, Р.Абдуфаттоевга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчилар Х.Якубова, Н.Солиева, Д.Жўрабоева ва Х.Тўраеваларга 3 (уч) йил озодликни чеклаш, судланувчилар А.Муйдинова ва А.Саидкамоловага ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
 
Юқоридагиларни ўқиб Сайёра Хўжаеванинг фикри қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини билиш мумкин.
 
Эслатиб ўтамиз, куни-кеча Марғилондаги “Меҳрибонлик уйи”да қизларни зўрлаб, ҳомиласини мажбурлаб туширган шахслар устидан суд ҳукми ўқилган эди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Марғилон меҳрибонлик уйи Сайёра Хўжаева Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар