...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳисоб палатаси фаолияти тубдан ўзгартирилади


17:58, 16.08.2017 Жамият
 3 326

Шавкат Мирзиёев “Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ҳисоб палатаси - олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи сифатида белгиланди.
 
Ҳисоб палатаси ўз ваколатларини мустақил равишда амалга оширади ва ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади. Фаолияти юзасидан Президент ҳамда Олий Мажлис палаталарига ҳисоб беради.
 
Ҳисоб палатаси Президентга ўз фаолияти, шу жумладан Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича тизимли равишда ахборот бериб боради.
 
Фармон Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари, унинг тузилмаси ва штат жадвалини ўз ичига олган бўлиб, орган ходимларининг чекланган сони 70 нафар, шу жумладан Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ходимларининг сони 41 нафар этиб белгиланди.
 
Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекциясига Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади. У Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ҳисобланади ва мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.
 
Бундан ташқари, Ҳисоб палатасига қуйидаги ваколатлар тақдим этилди:
- ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасига кириш;
 
- ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларга уларнинг маълумотлар базасидаги номувофиқликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
 
- Давлат бюджети даромадлари прогнозининг тўғрилигини баҳолаш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг тўлиқ йиғилувчанлигини ва солиққа тортиш объектларининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича ўтказиладиган назорат тадбирларига молия, солиқ ва бошқа органларнинг ходимларини жалб этиш;
 
- назорат тадбирлари натижалари бўйича қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, самарасиз солиқ ҳамда божхона имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ солинадиган базанинг тўлиқ қамраб олинганлигини яхшилашга қаратилган солиқ ставкаларини ўзгартириш юзасидан таклифлар киритиш;
 
- Молия вазирлиги ва ДСҚга, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудудий давлат солиқ ва молия органлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш.
 
2018 йилдан Ҳисоб палатаси ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой ҳарид қилиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш йўлга қўйилади.
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Ҳисоб палатаси Президент Давлат бюджети 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар