...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда


16:44, 06.08.2016 Жамият
 14 490

Дубайда самолёт портлаб кетди, Покистонда ёппасига итлар заҳарлаб ўлдирилди, Сурияда Россия вертолёти уриб туширилди, Риода ёзги Олимпиадаларга старт берилди...

Ортда қолган яна бир ҳафта турли қизиқарли воқеаларга бой бўлди.  Ҳафта давомида бўлган айрим муҳим воқеаларни ёритиб боришга ҳаракат қилдик, баъзилари эса эътиборимиздан четда қолди.  Жаҳонда ва юртимизда бўлган муҳим воқеаларни эътиборингизга суратлар орқали ҳавола этамиз.
 
АҚШ Республикачилар партиясининг мамлакат президентлигига номзоди Дональд Трамп Колорадо штатида қилган чиқишидан сўнг, жиянлари: олти ойлик Эвелин Кейт ва уч ойлик Келлен Кемпбеллни кўтарган ҳолда одамлар олдидан юриб бормоқда. 2016 йил 30 июль.


 
Филиппин пойтахти Манила шаҳрида 800 кишига мўлжаллаб қурилган қамоқхонада 3800 нафар маҳбус сақланади. Суратда қамоқхонанинг баскетбол майдонида, очиқ осмон остида ётган маҳбуслар.  Уларнинг баъзилари учун ётишга жой етмаяпти. 2016 йил 30 июль. 



Яман пойтахти Санада кучли ёғингарчилик натижасида сув тошқинлари юз берди. Суратда сув босган кўчада кетаётган машиналардан бирининг юкхонасида болалар тасвирланган. 2016 йил 1 август. 


 
Қуйидаги сурат ўзининг мафтункорлиги билан эътиборимизни тортди. Хитойнинг Хунан провинциясида жойлашган Чжанцзяцзе ҳудудидаги диққатга сазовор жойдан сайёҳларнинг оёғи  узилмайди. 2016 йил 2 август.


 
АҚШнинг Колифорния штатида ўрмон ёнғинлари бир неча ҳафтадан буён тўхтамаяпти. Суратда Напа округидаги Берриесса сув омбори ёнидан ёнғиннинг кўриниши тасвирланган. 2016 йил 2 август. 


 
Суриянинг мухолифатчи кучлари назорати остида бўлган Идлиб вилоятида Россия Ҳарбий космик кучларига қарашли Ми-8 вертолёт уриб туширилди. Натижада Ми-8 бортида бўлган барча экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Суратда вертолётнинг парчалари тасвирланган. 2016 йил 2 август. 


 
Греция пойтахти Афина шаҳрида жойлашган Фалирон Делта қадимий қабристонида топилган одам скелетлари. 2016 йил 3 август. 


 
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ ҳамда япон маданият ва санъат намоёндаларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.  Тошкент халқаро аэропортида Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кутиб олди. 2016 йил 3 август.


 
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Emirates авиакомпаниясининг Boeing-777 самолёти ноқулай қўниш натижасида ёниб кетди. Самолёт Ҳиндистоннинг Тируванантапурам шаҳридан учиб келган эди.  Ҳалокатдан сўнг, Дубай аэропорти барча рейслар учун ёпилди. Ҳаво кемаси бортидаги 282 йўловчи ва 18 экипаж аъзоси хавфсиз ҳудудга кўчирилган. Суратда олов ўчирилгандан сўнг, яроқсиз аҳволга келиб қолган самолёт. 2016 йил 3 август. 


 
Ливия қуролли кучлари мамлакатнинг Сирт вилоятидаги ИШИД террорчи ташкилоти кучларига зарбалар берди. Суратда террорчиларга аталган ракета ўз нишони томон йўлга чиққани тасвирланган.  2016 йил 4 август.


 
Покистоннинг Карачи шаҳрида 700га яқин дайди ит маҳаллий ҳокимият томонидан заҳарлаб ўлдирилди. Суратда ўлдирилган итларнинг жасадлари. 2016 йил 4 август.


 
Бразилиянинг Рио-де-Женейро шаҳрида ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада 206 мамлакатдан келган спортчилар 306та медал учун кураш олиб боришади. Суратда Ўзбекистон делегациясининг маросимдаги чиқиши тасвирланган. 2016 йил 6 август.


 
Руслан Сулаймонов

Теглар:Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар