...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафта сарҳисоби: Татьяна, Лола ва Имон Каримовалар омма назарида...


18:17, 03.09.2017 Жамият
 8 683

Жорий ҳафтада Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳайкали очилди.

28 августдан бошланган ўтаётган ҳафтада ёзнинг сўнгги кунлари билан хайрлашдик. Август ойининг охирги кунлари Ўзбекистон аҳли учун муҳим аҳамиятга эга. Ана шундай энг долзарб ва муҳим ҳодисалар тафсилоти билан таништирамиз.
 
28 август, Душанба.
 
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Самарқанд шаҳрида видеоселектор йиғилиши бошланди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Бош вазир ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
 
  • Самарқандда ўтказилган ислом маданияти ва Ўзбекистоннинг илм-фан меросига бағишланган халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ЮНЕСКОдаги фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилди.
 
  • 28 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” — XI Халқаро мусиқа фестивали очилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
 
29 август, Сешанба
 
  • Шу куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан табриклади.
 
30 август, Чоршанба
 
  • 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташриф санаси маълум бўлди. Унга кўра, Ўзбекистон раҳбари Қирғизистонга жорий йилнинг 6 сентябрь куни давлат ташрифини амалга оширади.
 
  • Тошкент шаҳридаги “International” меҳмонхонасида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда абрбанди усулидаги тўқувчилик мактабига бағишланган “Ўзбек ипагининг гулгун фасли” деб аталган китоби тақдимоти ўтказилди.  Маросимда  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Акбаровна Каримова, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.
 
31 август, Пайшанба
 
  • 31 август Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган кун.  Одатга кўра, бу йил ҳам 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида Қатағон қурбонларини ёд этиш ҳамда кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун дастурхон ёзилиб, элга ош берилди. Унда ўтганлар ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам иштирок этди.
 
  • Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасинининг  ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳайкали очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар ҳамда ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйдилар.
 
  • Ислом Каримов ҳайкали очилишига келган меҳмонлар орасида Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримованинг ташрифи омма диққат марказида бўлди. 31 август куни Ислом Каримовнинг набираси Имон Каримова маросимга холаси Лола Каримова-Тилляева билан бирга келиб, бувасининг ҳайкали пойига гул қўйди.
 
  • 31 август куни “Ўзбекистон” анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан байрам тантаналари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Президент ўз нутқида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари беқиёс бўлганлигини таъкидлади.
 
1 сентябрь, Жума.
 
  • 1 сентябрда Ўзбекистонда қўшалоқ байрам нишонланди.  Шу куни Ўзбекистон халқи Мустақилликнинг 26 йиллиги ҳамда Қурбон ҳайити айёмини шоду хуррамликда, аҳиллик ва шукроналик билан ўтказди. 1 сентябрь куни  тонг саҳардан миллионлаб юртдошларимиз мусулмон урф-одатларига кўра ҳайит намозини адо этиш учун жоме масжидларига йўл олдилар. Масжидларда намоз олдидан сўз олган қорилар йиғилганларни қўшалоқ айём билан муборакбод этишди.
 
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мажмуа таркибида ташкил этилаётган Ислом маданияти  маркази лойиҳаси билан танишди. Президент давлат ва жамоат ташкилотлари, Мусулмонлар идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди. 
 
  • Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шунингдек, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.
 
  • Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия халқи ва ўз номидан Шавкат Мирзиёевни ва кўп миллатли Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги ва муборак Қурбон ҳайити билан чин дилдан табриклади.
 
2 сентябрь, Шанба
 
  • 2 сентябрь Ўзбекистонда “Билимлар куни” сифатида қайд этилган. Шу куни янги 2017–2018 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларида “Биринчи кўнғироқ” маросимлари ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан биринчи синфга қадам қўйган болалар учун “Президент совғси” топширилди.
 
  • 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросими ўтказилди. Ислом Каримов ҳайкали Регистон мажмуаси яқинидаги хиёбонда ўрнатилди. Шу куни Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадонга ҳам ташриф буюрди.
 
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Тараққиёт манзараси” фермер хўжалиги дала шийпонида вилоят мутасаддилари, фермерлар билан учрашди.
 
  • 2 август куни кечаси Германиянинг Гамбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионатининг финал жанглари ўтказилди. 69 кг вазн тоифасида рингга чиққан ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов финал жангида кубалик рақиби Рониель Иглесиасга қарши курашиб, мутлақ ғалабага эришди. Шу тариқа, Шаҳрам Ғиёсов Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида жаҳон чемпионати мусобақасида олтин медалга эга чиққан ягона боксчи сифатида тарихга муҳрланди. Ўзбекистонлик уч нафар боксчи Ҳасанбой Дўстматов, Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоров мусобақанинг кумуш медалларига сазовор бўлдилар.
 
3 август, Якшанба
 
  • Одатда якшанба дам олиш куни сифатида бир маромда ўтади. Аммо бу сафар Ўзбекистон аҳли учун муҳим бўлган ҳужжат ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, 5 сентябрдан Ўзбекистоннинг жисмоний шахслари тижорат банкларининг конвертация бўлимларида амалдаги тартиб-қоидаларга асосан чет эл валютасини эркин сотиши ёки сотиб олиши мумкин.
 
Эртага, 4 сентябрдан бошланадиган яна бир янги иш ҳафтаси Сизга омад олиб келишига тилакдошмиз. 
Дурдона Расулова

Теглар:Ҳафта сарҳисоби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар