...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафта сарҳисоби: Гулнора Каримова иши бўйича Россияга сўров юборилди, Рўзиқулов ҳукуматдан кетди, Тўйтепанинг номи ўзгарди


20:27, 27.08.2017 Жамият
 6 484

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сўм ва долларни нақдлаштиришга мўлжалланган 55 та банкомат ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Ўтиб бораётган ҳафта ёз фаслининг энг сўнгги тўлиқ иш ҳафтаси дейиш мумкин. Саноқли кунлардан сўнг куз фаслини қарши оламиз. Мавсум охири Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамиятида муҳим воқеаларга бой бўлди. Улар ҳақида қисқача қисқача сўз юритамиз.
 

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки 22 августдан  хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади. Айни пайтда 1 АҚШ доллари 4182 сўм 30 тийинни ташкил қилмоқда. Ўтган ҳафтадаги қийматга нисбатан қарийб 28 сўмга ошган АҚШ долларининг сўмдаги қиймати ўзгаришига қараб GM Uzbekistan автомобиллари учун белгиланган нархлар ҳам янгиланди. Мазкур ҳавола орқали GM Uzbekistan автомобилларининг янги нахрлари билан танишишингиз мумкин.
 
2.  2017 йил 1 сентябрдан бошлаб гўшт, ун ва ёғ маҳсулотлари божхона тўловларидан озод этилади. Бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун акциз солиқларининг бекор қилиниши валюта ислоҳоти даврида аҳолининг кам таъминланган қатламини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
 
3. “Петербург сиёсати” жамғармаси мутахассислари Россия Президентига “ворис” бўлиш эҳтимоли катта бўлган номзодлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдан 19 кишининг фамилияси ўрин олган. Россияда Президент сайлови 2018 йилда ўтказилади. Ҳозирги раҳбар Владимир Путиннинг сайловда иштирок этиш ёки этмаслиги номаълум.  
 
4.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий сайтида Telegram’даги расмий каналга ҳавола жойлаштирилди. “President.uz” сайтида Президентнинг Twitter, Facebook, YouTube ва Instagram’даги аккаунтларига ҳаволалар ҳам берилган. Канал 19 август куни очилган.
 
5.  Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сўм ва долларни нақдлаштиришга мўлжалланган 55 та банкомат ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Банк маъмуриятининг 23 август куни берган маълумотига кўра, банкоматлар орқали эндиликда сайёҳлар ҳам миллий, ҳам хорижий валюталарни нақдга айлантириш мумкин.
 
6.  Тошкентнинг “Эски жўва” деҳқон бозоридаги мева-сабзавот улгуржи савдоси Зарқайнар кўчасидан “Чорсу” метро бекати тарафдаги ҳудудга вақтинча кўчирилади. Ҳозирда тонгги бозор Сақичмон кўчасидан кириш қисмида жойлашган бўлиб, фермер ва деҳқонлар бу ерда ўз мева-сабзавот маҳсулотларини арзонроқ нархларга сотадилар.
 
7.  Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни олдидан ҳар йили бир гуруҳ соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан мукофотланади. Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотларини бериш тўғрисида”, 25 август куни “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”, 26 август куни “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”, “Мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркор ва фермерларни мукофотлаш тўғрисида”, “Юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш авлод вакилларини мукофотлаш тўғрисида”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” фармонларни имзолади.
 
8.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни Россия Федерацияси ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Игорь Шуваловни қабул қилди
 
9.  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Бош директори Валерий Тян вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимидан бўшаган Улуғбек Рўзиқулов эгаллади.
 
10. Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 1 сентябрда нишоналанади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
11. 24-25 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳрининг номини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Тўйтепа шаҳрининг номи Нурафшон шаҳри деб ўзгартирилди.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Россия ҳукуматидан Гулнора Каримованинг мол-мулкига тақиқ қўйишни сўради. Аввалроқ, Бош прокуратура Гулнора Каримованинг хорижда қарийб 2 млрд долларлик маблағи ва кўчмас мулклари борлигини маълум қилганди.
 
13. 25 август куни АҚШнинг Теннеси штати Нэшвилл шаҳарчасидаги пицца дўконларининг бирида етказиб берувчи вазифасида ишлаган ўзбекистонлик Дониёр Абдумажитов номаълум кимсалар томонидан отиб кетилди. Дониёр Абдумажитов шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Айни вақтда уни Ўзбекистонга қайтариш масаласи кўриб чиқилмоқда.
 
14. 27 август куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева отасининг сўнгги кунлари ҳақидаги шахсий мазмундаги ҳикояни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилди.
 
15. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилди.   
Дурдона Расулова 

Теглар:Ҳафта сарҳисоби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар