...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафта сарҳисоби: Аҳмаджонов, Раматов ва Усмонов - ҳафта одами, доллар ва чиройли рақамлар - ҳафта мавзуси


19:06, 17.09.2017 Жамият
 4 271

Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.

Жорий иш ҳафтаси ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. 11 сентябрда бошланган иш ҳафтаси кўплаб муҳим воқеаларга сабаб бўлди. Улар билан кетма-кет таништирамиз.
 
11 сентябрь, душанба
 
Ўзбекистон Марказий Банки 11 сентябрь куни хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини ўрнатди. Ўтган ҳафтада ўрнатилган АҚШ долларининг расмий курси 7,87 сўмга тушиб, 8092 сўм 12 тийинни ташкил қилди. Евро эса 73,17 сўмга ошиб, 9718 сўм 65 тийин этиб белгиланди.
 
12 сентябрь, сешанба
 
12 сентябрь куни Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот ва сайлов конференцияси ўтказилди. Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари ва “Пахтакор” клуби вице-президенти лавозимида ишлаб келган Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футбол федерациясининг янги президенти сифатида эълон қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Венгриянинг Будапешт шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг 67-сессиясида маъруза қилди. Алишер Шадмонов ўз маърузасида “Саломатлик–2020” сиёсатини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон тиббиётида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
 
Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференциясида ЎФФ ижроқўм аъзолари сайланди. Конференцияда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ЎФФ биринчи вице-президенти этиб сайланди.
 
Ўзбекистон ҳукумати ҳам Мьянмадан қочган қочоқларга ёрдам кўрсатиши ҳақида хабар қилинди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарида келтирилишича, қочқинларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ижтимоий ёрдам йўналтирилади.
 
13 сентябрь, чоршанба
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
UZINFOCOM марказига янги раҳбар тайинланди. Азиз Муҳитдинов марказ директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган бўлиб, у аввал директорнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келган эди.
 
14 сентябрь, пайшанба:
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
 
14 сентябрь куни ЎзЭОАВМА томонидан Марказий банк масъуллари иштирокида валюта масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бир ҳафтада ўтказилган айирбошлашда аҳолидан 200 миллион доллар қабул қилингани маълум қилинди. Юридик ташкилотлар томонидан 100 миллион доллар миқдорида валюта банкларга сотилгани қайд этилган. Бундай ташкилотларга 100 миллион доллар миқдорида конвертация амалиёти бажариб берилган. 
 
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ташкилотга аъзо терма жамоаларнинг янгиланган рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 511 очко билан 69-поғонага жойлашди. Ўзбекистон аввалги кўрсаткичдан 5 поғона пастлади.
 
14 сентябрь куни Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг ахборот тизимида авторақамни сотиш бўйича биринчи битим тузилди. Электрон савдолар якунига кўра, Жиззах вилоятида рўйхатдан ўтказилган (25) E 070 EA автомобиль рақами 7 563 637,50 сўмга сотилган. 
 
15 сентябрь, жума
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
 
Лондон метросида портлаш содир бўлди. Воқеа Parsons Green станциясида юз берган. Портлаш оқибатида ўттизга яқин киши жароҳат олди.
 
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бангладеш Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Маъсуд Маннанни қабул қилди. Томонлар Мьянмадаги роҳине мусулмонлари масаласида муҳокама ўтказдилар.
 
16 сентябрь, шанба
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. Ундан олдинроқ Нурсултон Назарбоев “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига гул қўйди ва Шавкат Мирзиёев билан Тошкент шаҳридаги “Қалдирғочбий” (Толе би) мақбарасини зиёрат қилди.
 
Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев уни икки мамлакат ўртасида алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлади.
 
16 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қўшма баёнотни имзолади. Давлат раҳбарларининг Кўксаройдаги музокараларидан сўнг Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир бўлган 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди.
 
17 сентябрь, якшанба:
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 16 -17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 17 сентябрь куни Туркманистонга жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. 
 
Нурсултон Назарбоевдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Туркманистонга жўнаб кетди. Шу куннинг ўзида Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимамедов билан учрашув бўлиб ўтди.
 
Ўтаётган ҳафтанинг энг муҳим воқеалари тафсилотлари ана шулардан иборат эди. Дам олиш кунингиз хайрли ўтсин!
 Дурдона Расулова 

Теглар:Ҳафта сарҳисоби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар