...
МЕНЮ
ONLINE TV

Виртуал қабулхонага жавоб қайтармаган ҳоким ишдан четлатилди


10:02, 09.06.2017 Жамият
 5 356

Нурободликлар томонидан йўлланган 304 мурожаатнинг 144 тасига белгиланган муддатларда жавоб қайтарилмаган.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев бошчилигида танқидий руҳда халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ишончли манбаларимиз сайтимизга маълум қилди.
 
Мажлисда кўпдан бери “газак” олиб келаётган ўнлаб муаммолар ўртага ташланган. Яъники, яйлов майдонлари етарли бўлган туманда 72,5 минг бош қорамол, 556 минг бош қўй-эчки парваришланаётган, 3,3 минг тонна гўшт ва 41 минг тонна сут етиштираётган туманда чорва маҳсулотларини қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона мавжуд эмас. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини шакллантиришда мутасаддилар гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхона ташкил этиш борасида битта ҳам лойиҳа киритмаган. Терини қайта ишлайдиган ёки чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона йўқ.
 
Тадбиркорларга етарли шарт-шароит яратилмагани оқибатида жорий йилнинг биринчи чорагида 12 та субъект фаолиятини тўхтатган, рўйхатга олинганларининг 10 фоизи турли сабабларга кўра ишламаяпти.
 
Худди шунингдек, Нурободда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланмайди. Цемент, мармар, оҳак, гипс, бўр каби қурилиш материалларининг бой табиий минерал хомашё захираси бўлса-да, уларнинг атиги 0,1 фоизидан фойдаланилмоқда.
 
Туманда биринчи чоракда саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида битта ҳам лойиҳа фойдаланишга топширилмаган, туман ҳокимлиги бу борада лойиҳа режалаштирмаган ҳам. 2015-2016 йилларда ишга туширилган 10 та лойиҳа ҳам турли сабаблар билан маҳсулот ишлаб чиқармаяпти.
 
Аҳолига малакали ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш савияси паст. 2015 йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлган тумандаги ягона маданият ва аҳоли дам олиш масканидаги ишлар ҳалигача якунига етмаган.
 
2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига нурободликлар томонидан йўлланган 304 мурожаатнинг 144 тасига белгиланган муддатларда жавоб қайтарилмаган.
 
Шу сабаблар билан туман ҳокими Бахтиёр Эргашев вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнига вилоят ҳокими тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги, ўрта-махсус касб ҳунар таълими маркази ҳузуридаги ахборот методик хизмати ахборот методик таъминлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Зоиров Фахриддин Абсаломович Нуробод тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
 
Сессия сўнгида мутасаддиларга камчиликлардан тегишли хулоса чиқариш айтилган. 
Мусулмонбек Иброҳимов

Теглар:Нуробот тумани Ҳ.Оқбўтаев Президентининг виртуал қабулхонаси Зоиров Фахриддин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар