...
МЕНЮ
ONLINE TV

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ: сифатсиз қурилган "Камолот" уйларига жавобни ким беради?


18:23, 14.06.2017 Жамият
 14 040

Халқимизда ажойиб нақл бор: эскини ямаганунингча эсинг кетади. Бу уйлар ҳали янгилигида шунча таъмирдан чиқарилган бўлса...

Хабарингиз бор, “Qalampir.uz” таҳририяти Facebook ижтимоий тармоғида “Qalampir” Фуқаролар қабулхонасини очган эди. Мазкур қабулхонага турли соҳаларда, масалан, уй-жой, коммунал хўжалик, кредитлар каби масалаларда мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда.
 
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар учун барча шароитлар яратилган. Фақат ёшларнинг ўзи эринчоқлик қилмаса, кўплаб ютуқларга эришиши мумкин. Ушбу ютуқлар эса кераклича рағбатлантирилмоқда. Ана шундай рағбатлардан бири иқтидорли ёшларга имтиёзли равишда “Камолот” уйларининг берилишидир.
 
Бунда эса “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124-сонли “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 250-сонли қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Хўш, “Камолот” уйлари ҳақиқий иқтидорларни қидиришда қийинчиликка дуч келмаяптими? Чинакамига уйга муҳтож ёш оилаларга уй бериляптими? Танганинг иккинчи томони ҳам бор: берилаётган уйларнинг сифати қай даражада?
 
“Камолот” уйларини қуриш билан ёшлар ташкилоти шуғулланмайди, у фақат уй олиш учун тавсиянома беради, холос. Қурилиш ишларини эса банк ва маҳаллий ҳокимликлар ҳал қилади. Ҳокимият томонидан эълон қилинган тендерда ютиб чиққан қурилиш ташкилоти уйни барпо этишда қандай маҳсулотлардан фойдаланиши ва ўша бунёд қилинган уйни сотиб олаётган банк қурилиш моллари ва уйнинг сифатини текшириши – энг муҳим масала.
 
Энди бевосита мурожаатга ўтсак: Тошкент шаҳар Миробод туманида қурилган “Камолот” уйларида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан “Qalampir.uz” таҳририятига шикоят шаклида мурожаат келиб тушган эди. Уларнинг ёзишича, уй қурилишида айнан сифатсиз ва бир марталик ишлатиладиган маҳсулотлардан фойдаланилган, бошқа ҳудуддаги (Бектемир, Учтепа, Сергели) “Камолот” уйларидан фарқли ўлароқ, гарчи лойиҳа чизмасида кўрсатилган бўлса-да, уйнинг атрофи панжара ёки девор билан ажратилиб, ўралмаган. Оқибатда кўплаб нохуш ҳолатлар – болалар аравачалари (5 та) ва ювилиб, ташқарига илинган кийимларнинг ўғирланиши, уй атрофи, болалар майдончаси ҳудуди ортиқча чиқиндилар билан тўлаётгани, хусусий автомобилларга зиён етказилаётгани, энг муҳими, улар шу зарарлар учун кредитдан банкка пул тўлаётганидан нолиб, мурожаат йўллашган.
 
Ушбу мурожаатдан кейин биз масалани ўрганишга киришдик, жойига бориб, ҳолатни ўз кўзимиз билан кўрдик: ҳақиқатан ҳам, уй атрофи ўралмаган, орқа тарафидаги иссиқлик манбаи етказиб турувчи қувурларнинг яроқсиз ҳолга келгани, чиқиндилар тўплангани, канализация ва электр симлари хавфли ҳолатда экани, уй ичидаги сув жўмраклари (смеситель) сифатсизлиги, таъмирлашдан кейин ҳам деворлар шўр босиб, кўчиб тушгани, сўнг уй эгалари (ҳаммаси эмас) уни қайтадан таъмирдан чиқарганига гувоҳ бўлдик.
 
Ушбу уйда яшовчи фуқаролар масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига бир неча марта (!) мурожаат қилишган, лекин мутасадди ташкилотлардан қониқарли жавоб берилмаган. Қуйида ушбу мурожаатдан парча келтирамиз:
 
Дастлаб 2016 йил 30 май куни ушбу мазмундаги мурожаат билан Қўйлиқ 1-даҳасида қурилган “Камолот” уйларидаги мавжуд асосий камчиликлар (уй атрофини панжара ёки девор билан ўраш, ёш оилалар учун ушбу уйнинг нархи юқорилигини инобатга олиб, баҳосини арзонлаштириш, уйнинг атрофида уюлиб ётган қурилиш чиқиндиларини олиб ташлаш) юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси, “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Миллий банкига амалий ёрдам сўраб, ариза билан мурожаат қилган эдик. Аммо ушбу ташкилотлардан қониқарли жавоб ололмаганимиз сабабли иккинчи бор 2016 йил 10 октябрда Вазирлар Маҳкамасига худди шу мазмунда шикоят хати билан қайта мурожаат этдик. Мазкур шикоятимиз юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган топшириққа асосан, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш ва инвестиция дастурлари департаменти, “Injenering Biznes” МЧЖ ташкилотларидан қониқарсиз жавоб хатлари келди. Учинчи марта 2016 йил 3 ноябрда Бош Вазир (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси – таҳр.) виртуал қабулхонасига 60127-s/16-сонли хат билан мурожаат этганимиздан кейин юқоридаги ташкилотлардан асоссиз жавоб хатлари келганини алоҳида қайд этишимиз керак (илова қилинади).
 
Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш ва инвестиция дастурлари департаменти томонидан келган 2016 йил 22 ноябрдаги 02/07-441-сонли жавоб хатида маълум қилинишича, мазкур “Камолот” уйлари ҳудудида қурилган болалар майдончаси ва автотураргоҳ Миробод тумани ҳокимияти топшириғига биноан қурилган ва 15/2-уй билан умумий фойдаланиш майдони эканлиги айтилган. Ҳолбуки, 15/3 ва 15/4-сонли “Камолот” уйлари ҳамда уй ҳудудида жойлашган болалар майдончаси ва автотураргоҳ “Камолот” уйлари кредит маблағлари ҳисобига қурилганини маълум қиламиз. Лекин Миробод туманидаги “Камолот” уйларининг лойиҳа чизмасида панжара билан ўраш кўрсатиб ўтилган (чизма нусхаси илова қилинади).
 
Миробод туманида барпо этилган “Камолот” уйининг тасдиқланган қурилиш режасига асосан, ушбу уй атрофини панжара билан ўраш “Injenering Biznes” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилиши лозим эди. Чунки уй лойиҳасига асосан уй атрофи панжара билан ўралиши керак эди. Лекин номаълум сабабга кўра, “Камолот” уйи атрофи панжара билан ўралмасдан қолиб кетган. Бу вазият ушбу уйда истиқомат қилаётган ёш оилалар бехавотир, тинч яшашига салбий таъсир қилмоқда. Бунинг исботи сифатида ёш оилаларга тегишли бўлган 5 та болалар аравачаси (коляскалар) ва бошқа айрим буюмлар номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилиши (изоҳ: сўнгги марта 15/4-уй 12-хонадонга тегишли коляска 2016 йил 28 декабрь санасида ўғирлаб кетилди), бизга тегишли автомобилларга бегона машиналар томонидан зарар етказилиши, уй ҳудуди ҳар хил ахлат ва чиқиндилар билан тўлаётгани, бошқа маҳалла уйларидан келган болалар куну тун бизнинг ҳудудда жойлашган болалар майдончасида шовқин солиб, ёш чақалоқлари бор оилаларнинг осойишта ҳаётига тинчлик бермай келаётганини мисол сифатида келтириш мумкин. Ҳолбуки, бошқа (Учтепа, Бектемир, Сергели) туманларида барпо этилган “Камолот” уйларининг атрофи панжара билан ўралган.
 
Шунингдек, мазкур “Камолот” уйининг нархи ёш оилалар учун анча қимматлик қилмоқда. Ушбу нарх 2015 йилда фойдаланишга топширилган “Камолот” уйларининг баҳосидан сезиларли даражада кўтарилиб кетган (уйнинг 2 хонали квартираси нархи 2015 йилда 106 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 133 миллион сўмдан ортиқ суммага баҳоланган, яъни 25 фоизга ошган)”.
 
Уларнинг қисқача мурожаати шундан иборат. Қуйида турли ташкилотлардан келган “қониқарсиз” жавоб хатларини илова қиламиз. Расмий хатлардаги саводсизлик ва имло хатоларига тўхталмаймиз, у алоҳида масала.
 
































 
Энди асосий муаммога ўтсак: бирламчи, Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги ҳалигача ушбу муаммони ҳал этмаган, ҳатто, масъул ходимлар ўрганиш учун “Камолот” уйларини бориб кўрмаган, нима муаммо, деб сўрамаган. “Injenering Biznes” МЧЖ қурилиш ташкилоти ҳокимлик билан биргаликда масалани ижобий ҳал қилмаган. Тўғри, уй орқасидаги чиқиндиларни олиб ташлаган экан. Тўғри-да, қурилиш ташкилоти ўзининг чиқиндисини (бетонлар, қурилиш моллари чиқиндилари, қўлбола ҳожатхона) ҳам йиғиштириб бермаган бўлса, масъулиятсизлик шундан бошланмаганми? Ахир янги уйни янгидек топшириши керак шекилли.
 
Хонадонларнинг ичи таъмирга муҳтож бўлиб қолгани, сифатсиз қурилиш молларидан фойдаланиб, уйни қимматга пуллаган қурилиш ташкилоти нимани режа қилган экан? Туман ҳокимияти бу ишлардан хабардорми? Уйни сотиб олган банк (Ўзбекистон Миллий банки) мана шу жиҳатларга эътибор бермагани кишини ўйга толдиради. Эҳтимол банк масъуллари уйни бориб кўрмагандир. Пулига арзийдими, ёш оила ойига 1 миллион сўмдан тўлаб, қийналиб қолмайдими, деб ўйламаган бўлишлари мумкинми?
 
Иккиламчи, уй атрофи чегара қилиниб, панжара ёки девор билан ўралмаганига ким қандай жавоб беради? Мутасадди ташкилотлардан келган жавоб хатларига кўра, уй атрофини ўраш лойиҳа сметасида кўрсатилмаган экан. Хўп, унда лойиҳа чизмасида нега қолиб кетган? Ё уни ўчириб ташлашга улгуришмаганми? Чизмада аниқ-тиниқ белгилаб берилган-ку!










 
Иккинчи важга ўтамиз: мазкур “Камолот” уйлари ёнидаги уй (15/2-уй) билан умумий ҳудудда жойлашгани учун болалар майдончаси ҳам, автотураргоҳ ҳам шу учала уйнинг умумий фойдаланиш майдонига қўшилиб кетган. Яхши, лекин бир нарсани унутмаслик керакки, айнан ўша ёнбошдаги уй (15/2) бошқа маҳаллага (“Чинор”), “Камолот” уйлари (15/3 ва 15/4) эса бошқа (“Парвона”) маҳаллага қарайди. Аслида уларнинг бу томонга дахл қилишига ҳаққи йўқдек. Ҳамма гап туман ҳокимлиги, қурилиш ташкилоти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати компаниясида қолмоқда.
 
Учламчи, тўғри, балки уйнинг нархини тушириш энди қийинроқ бўлиши мумкиндир, лекин айнан шу маблағлар ҳисобига бошқа камчиликлар бартараф этилиши жоизмасми? Муҳими, туман ҳокимлиги ва ушбу ҳудуддаги маҳаллалар вакиллари ўзаро келишиб, “Камолот” уйлари учун ажратилган ҳудудни қайтадан белгилаб, янги қарор чиқариб, уйнинг панжара (ёки девор) билан ўралишини таъминлаб беришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ёхуд бошқа туманларда барпо этилган “Камолот” уйлари атрофи ўралиб, айнан бу қолиб кетганига қайсидир мард мутасадди ташкилот жўяли жавоб берсин.
 
Муаммо ҳаммада бор. Кимдир уни ўзи ҳал қилади, кучи етганича. Бошқаси зарини ё зўрини ишга солади. Агар тарозига қўйиб кўрилса, ёш оила (!) шундоқ ҳам ҳар ойда ўртача 1 миллион сўмдан банкка пул тўлайди. Бир миллион сўм топиш ҳозир осонми? Камига янги олган уйини таъмирлаб, маҳсулотларини алмаштириб ҳам чиқсин. Ўғирланган буюмларга ким жавоб беради? 5 та болалар аравачасини ўғирлаган ўғриларни ҳалигача тутмаган Ички ишлар органлари ходимлари ўз ёнларидан аравачалар пулларини чиқариб беришадими ёки?
 
Кўряпсизми, масала қанчалик чигаллашиб кетмоқда. Ҳали мазкур “Камолот” уйлари орқа томонидан ўтган “Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли иссиқлик қувурларининг яроқсиз ҳолга келганига тўхталиб ўтмадик. Тома-тома кўл бўлур, деган гап ушбу ҳолатга тўғри келмайди. Чунки бу ерда кўл эмас, муаммолар денгизи пайдо бўлмоқда.
 
Халқимизда ажойиб нақл бор: эскини ямаганунингча эсинг кетади. Бу уйлар ҳали янгилигида шунча таъмирдан чиқарилган бўлса...
 
Хулоса ўрнида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Миробод туман ҳокимлиги, Ягона буюртмачи хизмати компанияси, Ўзбекистон Миллий банки, Тошкент шаҳар ИИББ ва Миробод туман ИИБ (йўқолган ва ҳозиргача топилмаган аравачалар учун) ва бошқа тегишли ташкилотлардан ижобий жавоблар ва ечимлар кутиб қоламиз. Агар мабодо жойига бориб ўрганишга эринмасалар, манзилни эслатиб ўтишимиз мумкин: Миробод тумани, Қўйлиқ-1, Мунис кўчаси, 15/3 ва 15/4-уйлар.
 
Президент ва Бош вазир жойларга ўзлари чиқиб, аҳоли билан мурожаат қилиб юрган бир пайтда Миробод туман ҳокими ҳам бироз вақт ажратса, яхши бўлармиди?
 
“Qalampir.uz” таҳририяти

Теглар:Камолот уйлари уй-жой 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар