...
МЕНЮ
ONLINE TV

Улуғбек Иноятов болалар боғчасига оид ўзгаришларга изоҳ берди


18:17, 23.08.2017 Жамият
 4 828

Вазирнинг таъкидлашича, оилалар фарзандли бўлишдан аввал уни тарбиялаш ва таъминлашга тайёр бўлишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ва низом тасдиқланган эди. Янги Низом қоидасига кўра, болалар эндиликда мактабгача таълим муассасасига 3 ёшдан қабул қилиниши белгиланди.
 
Бу тартиб халқ орасида турли фикрларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ана шу масала юзасидан ўз фикрини билдириб ўтди.
 
“Биз ҳаммамиз давлат бизга шароит яратиб беришига ўрганиб қолганмиз. Биз бозор иқтисодиёти шароитида яшаймиз. Ўйлашимча, ҳар бир оила фарзандли бўлишдан аввал уни тарбиялаш ва таъминлашга, ҳам моддий жиҳатдан, ҳам руҳий жиҳатдан тайёр бўлиши лозим”, дейди вазир.
 
Улуғбек Иноятовнинг айтишича, болаларни боғчага 3 ёшдан қабул қилиш жаҳон стандарти. Ўзбекистон эса ана шу амалиётни синаб кўрмоқда.
 
“Барча ривожланган мамлакатларда болаларни боғчага қабул қилиш 3 ёшдан бошланади. Бу эса болаларнинг шу вақтгача тез-тез ҳасталаниши, атроф-муҳит билан мослашиши қийин кечиши билан боғлиқ. Энг яхшиси, бу ёшгача бола уйда тарбияланиши лозим. 2 ёшли бола боғча учун жуда кичиклик қилади”, дейди Иноятов.
 
Вазир боғчаларнинг вазифаси тўғрисида ҳам ўз фикрини билдириб ўтди. “Болалар боғчасининг вазифаси бу ёшдаги болаларни парваришлаш эмас. Уларни энг аввало тарбиялаш ва ўқитиш лозим. Шу сабабли, биз бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, болаларни боғчага қабул қилиш ёшини 3 ёш қилиб белгиладик. Бола боғчага қабул қилиниши учун ўзини ўзи эплай олиши керак. 2 ёшда бола бундай қила олмайди.
 
Улуғбек Иноятов юқоридаги фикрлари билан болаларни боғчага 3 ёшдан қабул қилинишига изоҳ берди. Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Бола 3 ёшга тўлгунича уйда ўтирса, онанинг руҳий ҳолати қандай бўлади, иш қобилияти-чи? Бугун ҳар бир соҳада кун сайин ривожланиш бўлмоқда. 3 йиллик таътилдан сўнг ишга қайтмоқчи бўлган аёл кадрлар касбдаги ўзгаришларни тезда ўзлаштириб оладиларми?  
 
Агар ёш оила мисолида қарайдиган бўлсак, фарзанди 3 ёшга тўлгунча уйда бўладиган она кундалик ҳаражатларини қандай қоплайди? Ўзбекистонда яшовчи оилаларнинг аксарият қисми ўрта синфга мансуб. Биргина отанинг ойлик маоши эвазига рўзғор тебратиш ҳамма учун ҳам осон эмаслиги кундек равшан. Фарзандли бўлган ёш оиланинг 3 йилгача ана шу тарзда кун кечириши албатта ўйлаб кўрса арзигулик масала. Шундай экан, ривожланган мамлакатларнинг барча тажрибасини ҳам Ўзбекистондек ривожланаётган мамлакатда, амалиётга тўғридан-тўғри қўллайвериш тўғримикан, деган ҳақли савол туғилади.
 
Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Изоҳларингизни кутамиз. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Болалар боғчаси Ўзбекистон Улуғбек Иноятов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар