...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркияда 18 ойдан бери терактлар мунтазам амалга оширилмоқда


13:46, 18.02.2016 Олам
 3 472

Қўпорувчилик ҳаракати юзасидан маъсулиятни бирор террорчи гуруҳ ҳали ўз бўйнига олмади

Кеча, 17 февраль куни Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги Қизилой майдонида ҳарбийлар ётоқхоналари жойлашган ҳудудда кучли портлаш содир бўлди. Портлаш маҳаллий вақт билан 18: 30 (Тошкент вақти билан соат 21: 30) да Анқара шаҳри марказида, Бош вазир қароргоҳи, Туркия парламенти ва Мудофаа вазирлиги биноларига яқин ҳудудда содир бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, воқеа жойига 20 та тез ёрдам машиналари сафарбар этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш ҳудуддаги ётоқхона биноси олдига ҳарбий машина келган вақтда содир бўлган. Портлашдан кейин ёнғин чиққан.

Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 28 тага етди ва 60 га яқин одам жароҳатланди. Бу ҳақда “TheGuardian” хабар берди.

Мазкур ҳодисадан кейин Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, бундай ҳужумлар Туркиянинг жангариларга қарши курашини янада кучайтиради.

“Биз маънавий ва инсонийлик чегараларини билмайдиган, бундай ҳужумлар қиладиган жангариларга қарши курашишни давом эттирамиз”, – дейди президент.

Ҳозирча бирор террорчи гуруҳ мазкур ҳодиса юзасидан маъсулиятни ўз бўйнига олгани йўқ. Лекин хавфсизлик хизмати манбаларида айтилишича, Анқарадаги портлашда Туркияда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП)нинг қўли бор. Лекин бу маълумот ҳали ўз тасдиғини топганича йўқ. Туркияда сўнгги 18 ойдан бери мунтазам равишда терактлар содир бўлмоқда, уларнинг кўпчилигида ДАИШ жангарилари айбланган. Бошқа хавфсизлик манбаларида айтилишича, кечаги қўпарувчилик ҳаракатида ДАИШнинг қўли бор.

Туркия полицияси портлаш содир бўлган ҳудудни қуршаб олган. “RTUK” агентлиги телеканалларга ҳалок бўлганлар ва яраланганларни кўрсатишни тақиқлаб қўйган.

Турк ОАВларининг хабар беришича, портлашдан кейин Ички ишлар вазирлиги биноси олдида иккинчи “шубҳали буюмлар” топилган ва дарҳол хавфсизлик чоралари кўрилган. “Reuters”нинг “Yeni Safak” турк газетасига асосланиб хабар беришича, бугун, 18 февраль куни қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор деб топилган шахс қўлга олинди. Гумондор Солиҳ Неcар суриялик қочоқлар билан Туркияга келган, деб ҳисобланмоқда. Туркия ҳудудига кираётганда унинг бармоқ излари олинган ва айнан шу орқали унинг шахси аниқланган.

Маълумотларга кўра, ичида бомба жойлаштирилган машина икки ҳафта олдин Туркиянинг Измир шаҳрида ижарага олингани маълум бўлди.

Сўнгги пайтларда, курд жангарилари, ДАИШ ва сўл экстремистлар томонидан Туркияда бир қанча қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширдилар. Ўтган йилнинг октябрь ойида умумхалқ сайлови олдидан ҳудкуш террорчи томонидан амалга оширилган портлаш оқибатида 103 нафар одам ўлган эди. Ҳукумат бунда ДАИШни айблаган. 2016 йил январь ойида Истанбулнинг Султонаҳмад майдонида бўлган портлаш оқибатида 11 нафар германиялик туристлар ва бир перулик вафот этган эди.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Туркия Истанбул Портлаш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!