...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентга Халқаро ҳарбий спорт кенгаши бош котиби ташриф буюрди


10:09, 02.11.2017 Жамият
 2 148

Мудофаа вазирининг таклифига кўра Ўзбекистонга келган полковник Дорах Мамби Коита ҳарбий спорт масалалари билан қизиқди.

Кеча, 1 ноябрь куни Халқаро ҳарбий спорт кенгаши бош котиби, полковник Дорах Мамби Коита Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг таклифига кўра мамлакатимизга ташриф буюрди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати таҳририятимиз номига юборган маълумотлари орқали хабар бермоқда.


 
 “Ватанга қасамёд” монументи пойига гул қўйиш билан бошланган тадбир Қуролли Кучлар давлат музейи экспозиция заллари бўйлаб саёҳатга уланди. Шундан сўнг музейнинг анжуманлар залида полковник Дорах Мамби Коита ва Марказий ҳарбий спорт клуби ҳарбий спортчилари ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди.


 
Маълумки, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши энг нуфузли спорт ташкилоти сифатида жаҳон миқёсида катта аҳамиятга эга бўлган бир қатор спорт тадбирларининг ташкилотчиси саналади.
 
“Спорт орқали дўстлик” шиори остида фаолият юритувчи мазкур ташкилот турли давлатларнинг Қуролли Кучларини спорт ва жисмоний тарбия орқали яқинлаштириш, улар ўртасида доимий ҳамкорликни ўрнатиш ва шу орқали энг буюк неъмат бўлган тинчликни таъминлашдек улуғвор мақсадга хизмат қилади. Кенгаш фаолияти икки йўналишни ўз ичига қамраб олади: бу — ҳарбий спорт тадбирларини ўтказиш ва спорт соҳасида техник ва илмий билимларни тарқатиш.
 
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ҳарбий спортни ривожлантириш, бу борада илмий ва техник ёндошишларни ўрганиш бўйича ўзининг академиясига эга. Шунингдек, ташкилотнинг асосий спорт турларини ривожлантириш, мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари билан шуғулланадиган доимий техник қўмиталари ҳам тузилган.
 
Мулоқот давомида сўз олган полковник Дорах Мамби Коита ҳам Халқаро спорт кенгаши томонидан ҳарбий спорт нуфузини юксалтириш, хориж мамлакатлари армиялари ўртасида ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, яқин ҳамкорликни таъминлаш борасида қилинаётган эзгу ишларни алоҳида эътироф этиб ўтди ва ўзининг Ўзбекистонга ташрифини қуйидагича изоҳлади:
“...Мен биламан, Ўзбекистонда спортга эътибор жуда кучли. Шунинг учун ҳам ўзбекистонлик ҳарбий спортчиларга катта баҳо бераман. Бунга асосимиз ҳам бор. Чунки 1993 йилдан то 2008 йилгача бўлган вақт оралиғида ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар Халқаро ҳарбий спорт кенгаши томонидан ўтказилган барча тадбирларнинг фаол иштирокчиси бўлган ва юқори ўринларни эгаллаган. Масалан, 2007 йил Ҳиндистоннинг Андра Прадеш штати, Ҳайдаробод шаҳрида бўлиб ўтган IV Бутунжаҳон ҳарбий спорт ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар 101 та давлат ҳарбий спортчилари ўртасида умумжамоа ҳисобида фахрли 7-ўринни эгаллаган. Албатта, бу жуда юқори натижа. Лекин 2008 йилдан буён Ўзбекистон ва Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари айрим сабабларга кўра вақтинчалик тўхтаб қолган эди. Менинг бу мамлакатга ташрифимдан мақсад — ана шу алоқаларни қайтадан ўрнатиш, ўзбекистонлик ҳарбий спортчиларнинг ҳалқаро миқёсда бўлиб ўтадиган ҳарбий спорт ўйинларидаги нуфузини тиклашдир. Бу ҳамкорлик икки томон учун ҳам самарали бўлиши, шубҳасиз. Кейинги йил кенгашимиз халқаро миқёсида 21 та ҳарбий спорт мусобақасини ўтказишни режалаштирмоқда. Мана шу мусобақаларда ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар ҳам қатнашишига ишонч билдирамиз”.


 
“Дарҳақиқат, ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар 2008 йилгача Халқаро ҳарбий спорт кенгаши томонидан ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этиб, 20 та олтин, 30 та кумуш ва 45 та бронза медалини қўлга киритган”, дейди Мудофаа вазирлиги Қўшинлар жанговар тайёргарлиги бошқармаси бўлим бошлиғи полковник Дилшод Чориев.
 
Полковник Чориевнинг фикрича, ўша вақтда мусобақаларда иштирок этган Марказий ҳарбий спорт клуби вакиллари бугун клубда ёш спортчиларга тренерлик қилаяпти. Бугунги учрашувдан англаш мумкинки, фахрий спортчиларимиздан сабоқ олаётган ёшлар энди халқаро миқёсида бўлиб ўтадиган ҳарбий спорт ўйинларида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилади.


 
Тадбирлар ўтказилган куни Халқаро ҳарбий спорт кенгаши бош котиби полковник Дорах Мамби Коита пойтахтимиздаги Олимпия шон-шараф музейи, Осиё дзюдони ривожлантириш марказига ҳам ташриф буюрди.
 
Бундан ташқари, меҳмон Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди, “Бунёдкор” стадионида спортни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. 
 

Теглар:Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳарбий спортчилар Халқаро ҳарбий спорт кенгаши Дорах Мамби Коита Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар