...
МЕНЮ
ONLINE TV

Темур Кападзе: “Терма жамоанинг ҳар бир футболчиси билан алоҳида гаплашаман”


16:36, 19.02.2018 Спорт
 2 723

Ўзбекистон миллий терма жамоасини вақтинча бошқарадиган Темур Кападзе бўлажак режалар ҳақида гапириб ўтди.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, ўтган мавсум футболчилик фаолиятини якунлаган Темур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди.
 
Куни кеча терма жамоа устозига айланган Темур Кападзе Ўзбекистон футбол ассосиациясига миллий терма жамоанинг 23 март куни Касабланка шаҳрида Сенегалга қарши ва 27 март куни айнан шу шаҳарда Марокашга қарши беллашувларига 30 футболчидан иборат кенгайтирилган таркибини тақдим этганди.
 
Кападзе терма жамоанинг ёшартирилаётган таркибига тажрибали ва маҳоратли икки футболчи Сервер Жепаров (35 ёш) ва Азиз Ҳайдаров (32 ёш) ларни нима учун чақирилмагани ҳақида тушунтириш берди.
 
- Миллий терма жамоа март ойида жаҳон чемпионатининг икки иштирокчиси Сенегал ва Марокаш термаларига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади.
 
Айнан мазкур беллашувларга терма жамоа таркибини танлашда энг аввало нималарга эътибор қаратдингиз?
 
Футболчиларни қайси принципларга асосланиб йиғинга таклиф этдингиз?
 
- Биринчи навбатда Равшан Ҳайдаров билан гаплашдим. Мен табиийки миллий терма жамоа таркибига яқиндагина Осиё чемпионлигини қўлга киритган футболчилардан кўпчиликни жалб этишни ва келажакни ўйлаб мамлакатимиз бош жамоаси асосини айнан улардан тузишни мақсад қилгандим.
 
Аммо март ойида Олимпия терма жамоамизнинг ҳам ўйинлари бор. 21 ва 25 март кунлари Олимпия терма жамоаси Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик доирасида Саудия Арабистони термасига қарши иккита назорат учрашуви ўтказади.
 
Шу боисдан бу томонини ҳам Равшан Акмалович билан келишиб, битта ҳулосага келдик. Шундай бўлсада тўрт-беш нафар ёш футболчиларни йиғинга жалб этдик.
 
Таркибда легионерларимиз ҳам, миллий чемпионатимизда яхши ўйин намойиш этаётган футболчиларимиз ҳам бор.
 
Кенгайтирилган таркибдан 30 нафар футболчи жой олган бўлса, Марокашга уларнинг 23 нафари йўл олади.
 
Чунки, унгача ОЧЛ, Суперлига ўйинлари бор. Кутилмаган жароҳатлар бўлиши мумкин. Қолаверса, ўша пайтга бориб кимнингдир жисмоний ва функционал ҳолатида пасайиш кузатилиши мумкин.
 
Бир сўз билан айтганда таркиб танлашда барча жиҳат эътиборга олинди. Сафар олдидан ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашиб, кейин Касабланка шаҳрига йўл оламиз.
 
- Таркибга назар ташлаганда, кўпчилик яқиндагина сиз билан бирга майдонда елкама-елка ҳаракат қилган футболчилар эканлиги ойдинлашади.
 
Яъни уларни яхши биласиз. Мураббийлик эса мутлақо ўзгача вазифа. Энди уларни бевосита мураббий сифатида бошқариш сиз учун қандайдир қийинчилик ёки ноқулайликлар туғдирмайдими?
 
- Биласизми, масалан терма жамоага жалб этилган “Локомотив” футболчиларининг 6-7 нафари билан бирга майдонда сардор сифатида тўп тепганман. Сўнгги икки йил ичида “С”, “B” мураббийлик курсларига ҳам ўқидим.
 
Маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият олиб бордим. Улар мени ҳурмат қилишади. Керакли пайтда доимо ўз маслаҳатларимни аямайман. Айтмоқчиманки, яқиндагина футболни тугатиб, мураббийликни бошлаётганим йўқ.
 
Бунга икки йил давомида рухий томонлама тайёргарлик кўрганман. Шунинг учун, энди бош мураббий сифатида улар билан тезда тил топишиб кета оламиз деб ўйлайман.
 
Барчамизнинг олдимизда битта вазифа турибди, у ҳам бўлса миллий терма жамоани кучайтириб, барчасини йўлга қўйиб олиш. Буни йигитларга тўғри тушунтира оламан. Ўйлайманки, тушунмовчиликар юзага келмайди.
 
- Эълон қилинган таркибда ҳам хаётда, ҳам футбол майдонида энг яқин дўстингиз Сервер Жепаров кўринмади.
 
Бу унинг терма жамоадаги футболчилик фаолиятини якунлаганидан далотами ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
 
- Бу энг аввало келажак учун қилинаётган иш. Чунки, ёшларимиз сафида ҳам кучли футболчилар бор.
 
Осиё ўйинлари, қитъа чемпионати, Токио-2020 Олимпия ўйинлари ва албатта жаҳон чемпионати турибди.
 
Келишилган ҳолда таркибга Сервер Жепаровни ҳам, Азиз Ҳайдаровни ҳам чақирмадик. Таркиб ёшартирилаётгани сабаб ушбу йиғинга уларни бекорга овора қилиб чақириб ўтиришни истамадим.
 
Қолаверса футболда авлодлар алмашинуви табиий холат. Буни барча профессионал футболчилар тушунишлари, тўғри қабул қилишлари лозим.
 
- Бу борада Сервернинг ўзи қандай муносабат билдирди?
 
- Унга барчасини тушунтирдим. У ҳам қарорни тўғри қабул қилди. Жепаров 35 ёшда. Балки, чет эллик мураббий келиб уни яна миллий терма жамоага чақирар.
 
Уни нималарга қодир эканлигини барчамиз билишимизни, ҳозир тўп сураётган клубидан безовта қилмоқчи эмаслигимизни тушунтирдим.
 
Унинг қандай ёрдами тегиши мумкинлигини барчамиз биламиз. Шунчаки, ҳозир ёшларнинг имкониятларини синовдан ўтказмоқчимиз.
 
Шунингдек, Азизнинг ҳам имкониятини ҳамма билади. Унга ҳам барчасини тушунтирдим. Улар тўғри қабул қилишди. Чунки, бундан буёғига ҳоҳлаймизми йўқми миллий терма жамоамиз асосини ёшларимиз ташкил қилади. Уларни ҳозирдан тайёрлаб борсак тўғри бўлади.
 
- Мураббийлар штабини шакллантириб олдингизми?
 
Қайси мутахассислар билан ишлашни мақсад қилгансиз.
 
- Ҳа албатта, мураббийлар штабига Андрей Фёдоров ва Петр Гизимчукни таклиф этдим. Фёдоровга ортиқча таъриф бериб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
 
Уни футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам тажрибаси катта ва бунга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлганман. Миллий терма жамоа мураббийлар штабида ҳам Андрей Фёдоровнинг фойдаси тегишига ишонаман.
 
Пётр Гизимчук эса дарвозабонлар билан ишлайди. Ўзбек футболи тарихидаги энг машҳур дарвозабонлардан бири саналган Гизимчукнинг тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз керак”, деди Кападзе Ўзбекистон МОҚ Матбуот хизматига берган интервьюсида.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Темур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!