...
МЕНЮ
ONLINE TV

Текин пишлоқ талвасаси ёхуд чинозлик Аҳмадбойнинг кирдикорлари фош бўлди


02:29, 17.06.2016 Жамият
 29 746

Икки йилдан буён номи тилларга тушган чинозлик Аҳмадбойнинг кирдикорлари фош этилди. Машина ва уй-жойини Аҳмаджон Турсунбоевнинг қўлига топширганларнинг ҳоли нима кечади?

Охирги икки йил ичида одамлар тилидан чинозлик Аҳмадбойнинг номи тушмай қолганди. Кимдир автомобилини мўмай пулга, бир йилда олиш шарти билан пуллаганини айтса, яна кимдир уйида тўй-ҳашамига деб йиққан-терганини икки баравар кўпайтириш мақсадида Аҳмадбойнинг қўлига олиб бориб берганини мақтанарди. “Пул жигардан бўлган”, деб шуни айтишса керакда, мўмай даромад илинжида юрган айрим ҳамюртларимиз текин пишлоқнинг талвасасига тушиб, уйидаги мол-ҳолини сотган, далада пишиб улгурмаган экинини ҳам илдизигача Адҳамбойга ўзлаштириб берганлар ҳам учради. Текин пишлоқ қопқонда бўлиши эса уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмагани аниқ.
 
15 июнь куни Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Чиноз тумани “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини Навоий кўчаси 85-уйда яшовчи фуқаро Турсунбоев Аҳмаджон Ҳамидовичнинг уй-жойи ва унга тегишли корхоналарда тезкор назорат  ишлари ўтказилгани ҳақидаги хабарлар бутун республикага овоза бўлди. Турсунбоевнинг чангалига илинганларнинг уйқуси йўқолди, пул дардидагилар Чинозга тўпланди.
 
Кеча, 16 июнь куни Тошкент телерадиоканали томонидан эфирга узатилган кўрсатувда Аҳмадбойнинг “тадбиркорлик” фаолияти ҳақида сўз борди. Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятларининг муассиси Аҳмаджон Турсунбоев йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баравар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта миқдордаги омонат маблағларини миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Бундан ташқари, “тадбиркор” аҳолига йилига 40 фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига қарз бериб келган. Кўрасатувда айтилишича, Аҳмадбойдан қарз олган ёки қарз берганлар сони бир неча ўн мингга етган.
 
Нафси ўпқон кимсалар содда одамларни қандай чув тушириш, уларни ўз исканжасига илинтириш йўлларини жуда яхши билади. Аҳмадбой ҳам бундан мустасно эмасди. Кўплаб одамларга катта миқдорда қарз бериб, арзонгаров буюмларни икки баравар қиммат нархга сотиб олиб, ишончга кирган бу кимсанинг номи тез тилга тушиши ҳам бежиз эмас. Аниқланишича, Аҳмадбой Турсунбоев аҳолидан машина ва қимматбаҳо буюмларни қонунга зид равишда қабул қилиб олган ва бу олди-бердиларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирмаган, шунчаки ўзининг иш дафтарларига қайд этиш билан кифояланган, холос.
 
Эътиборли жиҳати шундаки, Аҳмаджон Турсунбоев одамлар билан олди-бердиларда уларга ҳеч қандай кафолат бермаган. Устига-устак ўзига бир кор-ҳол бўлгудек бўлса, яқин қариндошлари ва фарзандларига ҳеч қандай даъво қилмаслик шартини қўйган. Унинг одамларнинг ишончини қандай қозонгани сизни ҳайрон қолдириши табиий. Калаванинг учи ҳам айнан шу ерда, бизнингча. Турсунбоев орқали 1 сўмини 2 сўмга айлантирган кишилар оғзидан бол томиб Аҳмадбойнинг номини бутун шаҳарга ёяди. Қарабсизки, “Бирники мингга, мингники туманга”, деганларидек унинг қармоғига илинадиган лаққа балиқлар сони ҳам ортаверди.
 
Аҳмаджон Турсунбоев 4-5 йилдирки одамлардан олган пулларининг бир қисмини хорижий давлатлардан турли товар ва моддий бойликлар олиб келиб сотиш билан шуғулланувчи шахсларга маълум миқдордаги фойда эвазига қазга бериб келган.
 
Турсунбоев одамлар орқали топган “даромад”ларидан Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо хорижий автомобилларни сотиб олган. Чиноз туманидаги катта ер майдонида чорвачилик хўжалигини ташкил қилган. Ўз турар жойларида жуда катта миқдордаги хорижий ва миллий валютадаги нақд пул маблағлари ва қимматбаҳо бойликларни тўплаган.
 
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг яқин қариндошлари уй-жойлари, уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 миллиард 139 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар борлиги аниқланган. Бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинди.
 
Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


 
Шу ўринда яна кичик мулоҳаза: Ҳар биримиз йиллар давомида меҳнат қилиб, автомобиль олсам, чиройли тўйлар қилиб, элга дастурхон ёзсам деб ният қиламиз. Пул йиғамиз, маблағ орттирамиз. Ҳалол меҳнатларимиз роҳатини кўрсак, деб ният қиламиз. Бироқ меҳнатимиз эвазига орттирган маблағларимизнинг бировларга қўш-қўллаб олиб бориб беришимиз қанчалик тўғри, яна бугун ютқазилган ўйинда кимнидир айбдор санашимизчи? Наҳот, мўмай пул илинжида уй-жойи, машинаси, қимматбаҳо буюмларини Аҳмадбойга ўзлаштириб берганлар шулар ҳақида ўйлаб кўришмаган бўлса? Халқда “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деган нақл бор. Синганни эса чегаласанг ҳам дарзи қолади. Аҳмадбойнинг кирдикорларидан қолган дарз эса бошқаларга бир умрлик дарс бўлсин. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Аҳмадбой Аҳмаджон Турсунбоев Чиноз Жиноят 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар