...
МЕНЮ
ONLINE TV

ТДПУ таркибида Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика” факультети очилади


09:03, 16.11.2018 Жамият
 1 506

Беларус давлатининг Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Беларус “Инновацион педагогика” факультети ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети таркибида Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика” факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳлокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Унга кўра, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети таркибида Беларус давлатининг Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Беларус “Инновацион педагогика” факультети ташкил этилади.
 
Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
 
  • узлуксиз таълим тизими муассасалари учун юқори малакали педагог кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
 
  • педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
 
  • Ўзбекистоннинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва республика таълим муассасаларининг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш;
 
  • ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
 
  • республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали факультетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
 
Факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетида қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади.
 
Факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетида белгиланган тартиб, талаблар ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
 
Факультетда бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Университет ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.
 
Факультетда ўқиш учун тўлов-контракт суммаси базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда Университет ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.
 
Факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Беларусда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган Университет ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети  дипломлари берилади.
 
Факультет фаолиятини молиялаштириш Университетга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Теглар:ТДПУ Президент қарори лойиҳаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар