...
МЕНЮ
ONLINE TV

Татьяна Каримова қизи ва куёвининг лойиҳасини жамоатчиликка тақдим этди


19:43, 12.09.2018 Жамият
 21 005

Лола Каримова турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли фильмга продюсерлик қилган эди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли фильмга продюсерлик қилган эди.

Ушбу картина 2017 йилнинг 19 июнь куни Женевада премьера қилинган эди. Кейинроқ, АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ҳам ушбу фильм тақдимоти бўлиб ўтганди. 

Айни дақиқаларда “Qalampir.uz” мухбири Тошкентдаги “International Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилаётган тадбирдан хабар қилмоқда. Меҳмонхонада ушбу фильмнинг Ўзбекистон жамоатчилигига тақдимот маросими ўтказилмоқда. Маросимда фильмга бош қош бўлган Лола Каримова-Тилляева ҳамда унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев иштирок этмаяпти. Тақдимотда Каримовлар оиласи номидан Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова иштирок этмоқда. 

Баҳодир Йўлдошев томонидан суратга олинган ҳужжатли фильмда XV асрнинг буюк астрономи Мирзо Улуғбек — Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарлар акс этган.
 
Фильмда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Россия, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги мулоҳазалари, маълумотлари билан ўртоқлашади. 

Картинани суратга олишда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur расадхонаси ҳамда Оксфорднинг St. John’s коллежи ва Илм-фан тарихи музейи артефактлари, қўлёзмалари ва экспонатларидан фойдаланилди. Суратга олиш жараёни Пристон университети, Гриффит расадхонаси ва Калифорния университетида ҳам олиб борилди. 

Мазкур фильмда Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслонов каби актёрлар қатори жаҳон киноси юлдузлари бўлган Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳам иштирок этишган.
 
Фильм жанр жиҳатдан ҳужжатли саналса-да, унда бадиий тасвир воситаларидан ҳам фойдаланилган. Тасвирга олиш жараёнига ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрлар жалб қилиниб, ўша даврга мос тарихий либосларни танлаш ва тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Фильм саундтреки Севара Назархон томонидан куйланган.

Дарвоқе, Лола Каримова-Тилляева турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида қолмоқда.

Теглар:Лола Каримова Татьяна Каримова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар