...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Корея тест синовлари можаросига шарҳ берди


17:34, 07.04.2017 Жамият
 7 138

Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар нега корейс тили тест синовидан ўтолмади?

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги “Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун бўлиб ўтган рўйхатга олиш жараёни бўйича шарҳ”ни тақдим қилди. Биз уни эътиборингизга ҳавола этамиз:
 
“Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун бўлиб ўтган рўйхатга олиш жараёни бўйича фуқаролардан кўплаб саволлар келиб тушди.
 
Мурожаатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
 
Корея Республикаси ваколатли идоралари, иш берувчилари юртимиздан бораётган айрим фуқароларнинг билим савияси пастлигидан, шартнома тузилган иш жойидан бошқа жойга сабабсиз кўчиб ўтишидан, нолегал ҳолатга тушишидан норозилик билдирганлар ва бу Ўзбекистон Республикасига ажратиладиган квоталарнинг қисқартирилишига ҳам олиб келди. Бу ҳолатлар бартараф қилинмаган тақдирда квоталарнинг умуман тугатилишига сабаб бўлиши мумкинлигини Корея томони маълум қилган. Ишчи кучини қабул қиладиган ҳар бир давлат, хоҳ у Корея бўлсин, хоҳ у Россия бўлсин, ишчининг нафақат тил билиши, балки, умумтаълим билимларига, маълум бир касб-малакага эга бўлишидан манфаатдордир ва шу талаблардан келиб чиққан ҳолда ўз талабларини қўядилар ва синовлардан ўтказадилар. Корея Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориладиган фуқаролар айрим фуқаролар тушунчасидаги “қора ишчи” эмас балки, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда, ишлаб чиқариш йўналишига ишга жойлаштирилади.
 
Шу сабабли, Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга Корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун онлайн рўйхатга олиш жараёни бўлиб ўтди.
 
Рўйхатга олиш жараёнида фуқароларнинг билим савиясини синовдан ўтказиш учун савол-жавоб тариқасида саволлар берилди.
 
Тузилган саволлар ўрта таълим мактабларининг 7-8-9 синфлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга мўлжалланган адабиётларидан олинган.
 
Мисол: фуқароларнинг кўплаб  мурожаатига сабаб бўлган “Ҳалима энам аллалари” шеърий тўплами муаллифи ким? Бу тўплам муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бўлиб, мазкур мавзу 8-синф учун мўлжалланган адабиёт дарслигида келтирилган.
 
Мўғул хони Хитойда қачон ва қайси сулолага асос солганлиги ҳақидаги савол 7-синф учун мўлжалланган тарих фани мавзусига оиддир.
 
1934 йилда Тунисда тузилган “Янги дастур” партияси раҳбари аслида қандай касб эгаси бўлган? Бу савол Жаҳон тарихи академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун ўқув қўлланмасидан олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган. Қўлланма муаллифлари У.Жўраев, М.Лафасов.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан бир қатор саволлар қўйилган бўлиб, бу саволлар ҳам фуқароларимиз эътирозига сабаб бўлди.
 
Бизга маълумки, Ҳукуматимиз томонидан барча таълим муассасаларига Конституция фани киритилди ва ўқитилмоқда. Барча фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигига юқори даражада эътибор берилмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан ҳам саволлар қўйилди.
 
Аксинча, фуқаролар томонидан билдирилган “Ер юзида қанча қум зарраси бор?”,  “Сирдарёда неча хил балиқ тури мавжуд?”, “Аҳмад қачон вафот этган?” каби саволлар рўйхатга ўтиш жараёнига қўйилмаган бўлиб, бу саволлар ғаразли мақсадларни кўзловчи айрим нопок шахсларнинг уйдирмалари маҳсули ва fotoshop дастурларидан фойдаланилган ҳолда қалбакилаштириш ҳолатларидир.
 
Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатиладиган дастгоҳлар юзасидан ҳам берилган саволлар ҳам фуқароларимиз мурожаатига сабаб бўлди. Бу турдаги саволлар Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун  юбориладиган республикамиз фуқаролари асосан ишлаб чиқариш соҳасига ишга жойлаштирилиши сабабли берилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш юзасидан Меморандумга асосан Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларнинг тест синовларида қатнашувчиларни рўйхатга олиш, бирламчи саралаш ва билимини баҳолаш Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига юклатилган.
 
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Републикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2017 йилнинг 27-28-29-30 март кунлари Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишни истаган фуқароларни рўйхатга олиш ва анкета тўлдириш жараёнини ўтказилиши эълон қилинган.
 
Рўйхатга олиш жараёнида берилган саволлар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги”ги 2012 йил 6 июлдаги 200-сонли Қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларининг битириш жараёнида топширилиши мажбурий бўлган якуний имтиҳонлар учун тузилганва охирги йиллар давомида  расмий таълим портали ҳисобланган ZIYОNET.UZ сайтида жойлаштирилган тест саволларидан йиғма тарзда олинган ва Агентлик тамонидан рўйхатга олиш жараёнида фойдаланилган.
 
Рўйхатга олиш ва олинган фуқаролар билимини синовдан ўтказиш ҳамда синовдан ўтган фуқароларга корейс тилидан тестга кириш рухсатномасини бериш жараёни Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан 27-30 март кунларига белгиланган бўлиб, 27-28 март кунлари 1-босқич онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни, 29-30 март кунлари 2-босқич рўйхатга олинган фуқаролар билимини синовдан ўтказиш ва синовдан ўтган фуқароларга корейс тилидан тестга кириш рухсатномасини бериш мақсадида берилган савол-жавоб жараёни ўтказилиши режалаштирилган эди.
 
27 март куни рўйхатдан ўтиш жараёни сайтда узилишларсиз, муаммолар юзага келмаган ҳолда ўтди ва 19 мингдан ортиқ фуқаролар ўз маълумотларини сайт орқали рўйхатдан ўтказди.
 
Бироқ, рўйхатга олиш жараёнининг иккинчи 28 март куни жойлардаги интернет тармоғи тезлигининг пастлиги, бир вақтнинг ўзида 10 минглаб фуқароларнинг Агентликни migration.uz веб сайтига кириши, жараён амалга оширилаётган вақтда тизимга четдан вирусли D-DOS интернет ҳужуми (хакерлик ҳужуми) бўлганлиги сабабли Агентлик сайти орқали маълумотларни юклашда узилишлар юзага келди. Мазкур муаммолар сабаб Агентликка кўплаб фуқаролардан мурожаат ва талаблар келиб тушди.
 
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Агентлик сайти уланган интернет канали тезлиги тегишли корхоналарга мурожаат қилиниб, 10 мбитдан 1 гбитга кўтарилди, четдан бўлган вирусли дастурий ҳужумлар бартараф этилди ва рўйхатга олиш жараёни 2 кунга, яъни 2017 йил 30 март куни соат 24.00 гача узайтирилди (бу ҳақда Агентлик сайтида эълон бериб борилди). Бунинг натижасида жами 90 мингга яқин фуқароларимиз ўз маълумотларини Агентлик сайти орқали рўйхатдан ўтказди.
 
Шундан сўнг, 31 март куни дастурий тайёргарликлар кўрилди ва Агентлик сайтида 1-2 апрель кунлари 2-босқич рўйхатга олинган фуқаролар билимини синовдан ўтказиш мақсадида берилган савол-жавоб жараёни бўлиб ўтиши тўғрисида эълон жойлаштирилди.
 
Савол-жавоб жараёнига киритилган саволлар 7-8-9-синф адабиётларидан олинганлиги, лекин шунга қарамай, фуқароларни мазкур саволларга жавоб бера олмаганлиги натижасида кўплаб фуқаролар рўйхатдан ўта олмади.
 
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, синов жараёни 3 апрел куни Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш  хизматининг eps.go.kr сайтидан 2015 йил тест синовига киритилган саволлар асосида қайта ўтказилди.
 
2-босқичда қатнашиш учун киритилиши лозим бўлган логин ва пароллар нотўғрилиги рўйхатга олиш жараёнида маълумотларни нотўғри киритиш натижасида юзага келади.
Маълумотлар тўғри киритилганда логинга фуқаронинг паспорт серияси ва рақами, паролга рўйхатга ўтиш жараёнида киритган телефон рақами берилган.
 
Техник носозликлар ёки маълумотларни юклаш пайтидаги муаммолар сабабли рўйхатдан ўтиш жараёнида логин ва пароллар чиқмаган ҳолларда фуқаролар хабардорлигини таъминлаш мақсадида логинга фуқаронинг паспорт серияси ва рақами, паролга рўйхатга ўтиш жараёнида киритган телефон рақами берилганлиги тўғрисида Агентлик сайтида эълон берилди.
 
Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларнинг кўплиги ва ажратилаётган квота иш ўринларининг камлиги сабабли Корея томонидан чекланган миқдорда фуқароларни рўйхатга олиш талаб этилади.
 
2015 йилга қадар рўйхатдан ўтиш жараёни стадионларда бевосита фуқароларни ўзи иштирокида ўтказилиб келинган. Мазкур жараёнда Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларнинг кўплиги сабабли оммавий тартибсизликларни ва рухсатномаларни сохталаштириш ҳолатлари кўплаб юзага келишига, фуқароларнинг жароҳат олишига сабаб бўлган.
 
2015 йил ноябр ойидан фуқаролар сарсонгарчилигига йўл қўймаслик, бевосита ўз ҳудудида турган ҳолда рўйхатдан ўтиш, уларни ортиқча йўл харажатларидан сақлаш, замонавий информацион технологияларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.05.2002 йилдаги 3080-сонли “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.06.2002 йилдаги 200-сонли “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда,12.05.2005 йил “Ўзбекистон Республикасида ахборотлаштиришни ривожлантириш концепцияси” асосида интернет тармоғи орқали онлайн рўйхатдан ўтказиш жараёни ташкил этилди”.

Теглар:Корея миграция Иш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар