...
МЕНЮ
ONLINE TV

Таниқли журналистнинг уйи бузиляпти. Ҳокимбувалар, қаердасиз?


11:17, 23.10.2018 Жамият
 13 019

Журналистга кўра, бу ҳудуддаги қурилиш ишлари маҳбуслар томонидан амалга оширилмоқда ва улар ҳам шу кўчадаги институтнинг эски биносида яшаяпти.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида Астрономия кўчасидаги уйлар “қирғин” рўйхатига тушгани, жорий йилнинг март ойида аҳолига уйларни бўшатиб, чиқиб кетиш юзасидан огоҳлантириш хати келгани ҳақида “Астрономия кўчасидаги уйларга “қора хат” келди. Уй эгалари қайси эшикка бошини урсин?” номли таҳлилий мақола эълон қилган эдик. Аҳоли қуруқ огоҳлантириш хати берилиб, бошпана берилмагани, қаерга кўчишлари ёки келажакда қаердан уй беришлари ҳақида тушунтириш берилмаганидан норози. Улар ўрта йўлда қолган. На кетишни, на қолишди билади.
 
Ушбу кўчада таниқли журналист Шоира Рауфбоева ҳам истиқомат қилади. У “Qalampir.uz” билан суҳбатда бир неча бор ҳокимиятга бош уриб борганини, бироқ натижа бўлмаганини айтганди. У кеча “Qalampir.uz”да эълон қилинган мақоладан кейин ижтимоий тармоқлар орқали “Уйимиз бузиляпти” номли мурожаатнома ёзиб қолдирган. У ушбу мурожаатномани барча мутассадиларга йўллаган.
 
“Уйимиз бузиляпти. Бу ҳақда йил бошида, “Уведомление” олганмиз. Ҳалқ тилида бунақа огоҳномалар аллақачон “қора хат” дея ном олган. Унга кўра, март ойидаёқ бизнинг ҳовлимиз жойлашган Астрономия институти ҳудуди текисланиб, “Астрономия ҳамда аэронавтика” боғи барпо этилиши керак эди. Агар йўлингиз тушиб, “Гидромецентр” томонлардан ўтган бўлсангиз, бу афсонавий истироҳат боғи тахминан қандай бўлиши ҳақидаги компьютер графикасида ёрқин суратлар чизилган баннерларни кўриб, юрагингиз бир орзиқиб кетади. “Қачон битар экан бу боғ? Қачон фарзандларимни олиб келиб, бу инновацион боғда айлантириш насиб этади”, дея энтикасиз. Лекин институт ҳудудида аслида нималар бўлаётганидан бехабарсиз.
 
Шаҳар ва туманимиз мутасаддилари ҳам ичкарида нималар бўлаётганидан бехабар бўлишса керак, деган ҳаёлга бораман баъзан. Чунки, асосан уйимизга борар йўллар бузиб ташланди, дарахтлар кесилди, ҳамма кутган боғдан эса дарак йўқ. Биз кута-кута чарчадик.
 
Бу ҳудудда 30дан ортиқ олимларнинг оилалари яшашини раҳбарлар унутишди. Ваҳоланки, улар Ўзбекистонда Астрономия фанининг ривожи учун ҳисса қўшган, бир умр ану шу фанга хизмат қилиб ўтишган эди”, дейди Шоира Рауфбоева.


 
Журналистга кўра, бу ҳудуддаги қурилиш ишлари маҳбуслар томонидан амалга оширилмоқда ва улар ҳам шу кўчадаги институтнинг эски биносида яшаяпти. Рауфбоева бу ҳақда шундай дейди:
 
“Институт ҳудудида одамлар яшашини унутишганини қачон узил-кесил тушуниб етдик, биласизми? Арзон ишчи (текин ишчи, ҳақ-ҳуқуқи чекланган қул)озодликдан қайсидир сабаблар билан маҳрум этилган маҳкумлар бизга қўшни қилиб, келтириб жойлаштирилганида! Биз бугун қайси гуноҳимиз учун озодликдан маҳрум этилган шахслар билан бирга қўшни бўлиб яшаётганимизнинг сабабини билмаймиз! Ҳақ-ҳуқуқларимизни бузиб, ҳаётмизни хавф остига қўйишаётганлари ҳақида шахсан ўзим Юнусобод туман ҳокимиятига бориб, амаллаб ҳоким ўринбосарига учраб, вазиятни тушунтириб қайтдим. Лекин фойдаси бўлмади! Ҳоким билан борамиз, деганича бадар кетди. Кейин у ҳокимнинг 400 минг доллар билан қўлга тушганини эшитдигу, “институт ҳудудига келди” деган гапни эшитмадик”.
 
Хабарингиз бор, 2017 йилнинг апрель ойида Юнусобод тумани ҳокими лавозимига тайинланган Бахтиёр Абдусаматов жорий йилнинг сентябрь ойида иш кабинетида пора билан қўлга тушиб, лавозимидан озод этилган эди. Шундан сўнг, 3 октябрь куни Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов Юнусобод тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Шоира Рауфбоева ўз ёзганларида Раҳмонбек Усмоновнинг яхши одам эканига урғу бераркан, бор умиди ҳокимданлигини қўшимча қилади. 
 
“Пора билан қўлга тушиб, ишдан олинган собиқ ҳоким ўрнига келган янги ҳокимдан умидимиз катта эди... Барибир соддалигимизга бориб, ҳозирча “Юнусободнинг янги ҳокими бизнинг бу ҳолатимиздан бехабар, уни яхши одам деб эшитганмиз, бу аҳволимизни билса, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради”, деган умид билан яшаяпмиз”.
 
Бугун Тошкентдаги янги қурилишлар эвазига кўплаб эски маҳаллалар бузиляпти. Пана-пастқам уйлар ўрнида янги, замонавий иншоотлар қад ростлаяпти. Астрономия кўчасидагилар бундай ўзгаришларга қарши эмас, аксинча, қўллаб-қувватлашга, ўз уйини бугуноқ ташлаб чиқиб кетишга тайёр. Бироқ, уларга аниқ жавоб, кафолат, бошпана керак. Қиш эшик қоқиб турган бир пайтда уйлари бузилгудек бўлса, улар бошини қаерга уради?
 
“Биз “Байналминал” маҳалласидагилар каби уйимизни бузманг, биз шу ерда яшаб қолайлик”, деган иддао билан чиқаётганимиз йўқ. Бизга фақат оддийгина аниқлик керак, холос. Қаерга кўчамиз? Қачон кўчамиз? Бу қай тарзда амалга ошади..?
 
Биз яшаётган ҳовли жойлар шаҳар марказида жойлашган. Рўпарамизда яқинда бунёд этилган кўп қаватли уйнинг ҳар кв метри 1,5 минг долларгача баҳоланаётганидан хабаримиз бор. Бизнинг ҳовлиларимиз ўрнида шу уйларда яшайдиганлар чиқиб, кўнгил ёзадиган боғ бўлишига катта шубҳа билан қараяпман. Майли, буни вақт кўрсатар. Лекин, Жангоҳдаги воқеалардан кейин, хавотиримиз ортди. Ярим кечаси уй-жойларни бузишга ўрганиб қолганлар, йил бошида сенларни огоҳлантирганмиз”, деб бульдозер олиб келиб қолишса-чи... Хуллас, бош қотган, қўл ишга бормайди. “Чемоданное настроение”, “На птичьих правах” деган гапларни эшитганмисиз? Биз бугун ана шундай ҳолатда яшаяпмиз.
 
Жаннат тушунчаси бор, дўзах бор, аросат бор. Буларнинг ичида энг ёмони аросат экан! Очиғи бу ҳақда мана энди чуқурроқ ўйлаб кўряпман. Худойим ноаниқликдан асрасин. Яна бир марта айтаман: чумчуқнинг ҳам ини бузилмасин. Шу “қурувчиликка”, аслида эса “тирикчиликка” қаттиқ меҳр қўйган инсонларга айтадиган бир оғиз гапим бор: унутманг, кўзни фақат тупроқ тўлдиради, нафсни ҳам. Сиз уй қуринг, уй бузманг. Инсонларнинг уйига қўшиб, тақдирларини ҳам бузиб юбораяпсиз. Тинчини бузаяпсиз, кўз ёшини тўкаяпсиз...
 
Сиз бунёдкорсиз-ку, бузмакор эмас!!! Кўзингизни очинг, эс-ҳушингизни йиғинг. Одамлар ўтадиган йўлни бузган, уни ўзига ўзлаштириб олганнинг савол-жавоби қаттиқ бўлар экан, уй бузганники ундан кам эмасдир... Очиғи дардимни эшитадиган одам тополмасдан, фейсбукка ёздим”, деб ёзади Шоира Рауфбоева.
 
Март ойидан буён кутилаётган ҳоким эълон қилинган икки мақоладан кейин Астрономия кўчасига бош суқадими ёки йўқ, буниси бизга маълум эмас. Ҳар ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам бу масалага панжа ортидан қарамаслигига умид бор. Аммо бу масала қачон ўз ечимини топаркин?

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар