...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сочларингни сариққа бўяб нима қиласан?


16:33, 09.01.2017 Жамият
 5 930

Ўзбек аёлига қачон малла соч ярашибдики, кийган “декольте”сини мақтасак...

Биз аёллар жуда таъсирчанмиз. Ҳар нарсадан ўзимиз учун бир манфаат топмасак-да, ҳеч бўлмаса одат чиқарамиз.
 
МДҲ давлатлари тарихида малласоч хоним Юлия Тимошенконинг ҳукумат бошқаруви учун олиб борган бесамар курашидан ҳам биз аёллар ўзимиз учун урф бўлишга арзимайдиган, аммо синаб кўришдан холис бўлмаган одатни ўйлаб топдик. Бу хосиятсиз инқилобнинг рамзий ранги бутун МДҲ давлатларига тарқаб, аёллар бошида ўз аксини топди. Оқибатда ўзбек аёлларининг ҳам сочларини “сарғайтириб юборди”. Албатта, бунда ўзга давлат сиёсатининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Шунчаки, малла ранг соч аввал урфга кейин одатга айланди.
 
Юқорида айтиб ўтилганидек, биз аёллар жуда таъсирчанмиз. Агар шундай бўлмаганимизда елкаси очиқ “декольте” бичимидаги кечки либос ўз-ўзидан пайдо бўлармиди?! Бу либоснинг тарихи ўтмишнинг энг мудҳиш қатл жараёни билан боғлиқлигини сиз эркаклар биласизми?
 
Билмасангиз билиб олинг: бу либос тарихи Мария Стюарт хонимнинг қатл маросимидан кейин бошланган. Аёл қатл майдонига либосининг елка қисмигача қирқилиб, сочлари баланд турмакланган ҳолда келтирилади. Буни қарангки, Стюарт хонимнинг очиқ елкалари, узун ва оппоқ бўйни сарой аҳлини лол қолдирди. Қатл ижро этилди.
 
Маросимда иштирок этган аёлларнинг кўз олдида хонимнинг либоси муҳрланиб қолгани аниқ. Акс ҳолда ўрта асрнинг инглиз аёлларига бутунлай хос бўлмаган ёқасиз “декольте” либослар тор доираларда, енгилтак аёллар ўртасида урф бўлмас эди. Қатл маросимининг эмас, либоснинг довруғи шу қадар кенгайдики, француз аёлларига бундай бичимдаги либос жуда маъқул келиб, уни, ҳатто, “а-ля Стюарт” деб атаганлар. Табиатан шаддод француз аёллари нафақат тор доирада, балки катта базмларда ҳам ушбу либосни жуда ёқтириб кия бошлашди.
 
Шуни таъкидлаш жоизки, Буюк Британия қироллиги сарой аҳлига мансуб зодагон аёллар “декольте”ни ўзига ҳеч қачон эп кўрмаган. Бу удумга ханузгача амал қилиб, сарой аҳли аёллари либосланиш борасида жуда сипо ва ҳаёли бичимдаги кийимларни афзал биладилар.
 
Биз ўзбек аёллари ҳам доно аждодларимиз удумларини унутмаслигимиз лозим. Ўзимиз билиб-билмай ўзга юрт одатларига ҳавас қилишимиз жоиз эмас. Бизнинг ўз одатларимиз, бетакрор удумларимиз бор. Қизлар қирқ кокил, аёллар икки ўрам узун соч бўлмаса-да, ёзнинг жазирамасида қовжираган ўт-ўландек сарғаймайлик. Бу келишган ўзбекона қоматларга эса ҳеч қандай “декольте” шарт эмас.
Муҳайё Саидова

Теглар:Малларанг инқилоб Декольте Удумлар Соч 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар