...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сиз қандай китобларни ўқийсиз? Қўлга тушганиними ёки сарасини?


13:44, 07.11.2017 Жамият
 2 223

Бугун китоб ёзиш айрим “адиблар” учун “бизнес” турига айланди. Хўш, бундай китобларнинг умри қанча? Бир йил, икки йил…

Ёдингизда бўлса, аввалроқ китоб бозорида “қалбакилаштирилган” айрим китоб маҳсулотлари ҳамда “сохта ва “ҳақиқий” китобларни қандай фарқлаш олиш хусусида айрим тавсиялар билан ўртоқлашган эдик.
 
Бугунги мавзу ҳам китоб ва китобхонлик маданияти ҳақида...
 
Китоб инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқдир. Унинг киши ҳаётида тутган ўрни ҳақида турли даврларда турлича таърифларни беришган.
 
Уларни инкор этмаган ҳолда икки ўхшатиш эътиборни тортади. Бири машҳур француз ёзувчиси Эмиль Фаге қаламига мансуб бўлиб, у қуйидаги мазмунда, “Китоблар бизнинг энг содиқ дўстларимиздир. Чунки, улар бизни алдамайди. Ҳамиша ёнимизда бўлади ва кексайганимизда ҳам маломат қилмайди”.
 
Иккинчиси, инглиз ёзувчиси Генри Филдинг томонидан қайд этилган: “Худди ярамас ошнолар сингари китоблар ҳам бизни йўлдан уриши мумкин”.
 
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар иккала адиб ҳам уни дўстга ўхшатган. Аммо улар орасидаги фарқ — бири “яхши”, иккинчиси эса “ёмон” дўст!
 
Чиндан ҳам топиб ўқиган киши учун энг cодиқ қадрдон — бу китоб. Аммо, савол туғилади, қўлга тушган китобни ўқиш, дўстдан кўра “душман”, зимдан таъқиб этувчи “ғаним” эмасмикин?
 
Ҳар қандай асар ҳам кишига маънавий озуқа бериб, эзгулик сари бошлайдими? Бу ўйлашга, мулоҳаза қилишга ундайдиган масала...
 
Яқинда бир дугонам Герман Гессенинг “Чўл бўриси” асарини ўқиб чиқибди ва бизга у ҳақида сўзлаб берди. Асар қизиқарли, аммо бир жойи эътиборимни тортди. Аниқроғи, нафратимни оширди! Унда одам ўз жонига қасд қилишининг биз билган ва билмаган “ўн усули” ҳақида “батафсил маълумотлар” берилган.
 
Бадиий асар учун бу керакми?!
 
Ўқувчига нимани тарғиб қилмоқда адиб?!
 
Буни “ерга урса кўкка сапчийдиган” ўсмир қиз ёки йигит ўқиса, оқибати нима бўлади? Барчамизга маълумки, балоғат даври ҳар кимда ҳар хил кечади...
 
Бирор бир оддий муаммони деб шу “усул”лардан бирини қўллаб юборса, унда айбдор ким? Асар муаллифими? Асар таржимоними? Балки ўша китоб нашр этган ноширми? Ёки таржима асарни китоб ҳолда сотган сотувчими? Балки харидор…
 
Америкалик мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, бутун дунёдаги ўсмир китобхонлар эҳтиросга бой бўлган бадиий адабиётларни ўқишни афзал кўришар экан. Бу, улар тарбиясида енгилтаклик, жиззакилик каби қусурларни пайдо бўлишига сабаб бўлади.
 
Тадқиқотларга шуни кўрсатадики, Европа ўсмир қизлари орасида “Эмо қизлар” ҳақидаги ҳикояларни ўқиш оммалашган. Бугунги кунда, “Эмо қизлар”га тақлид шу даражада кўпайганки, ҳар уч ота-онадан биттаси қизини сочини ранг-баранг бўёқларга бўяб, ҳар хил татуировкалар чиздираётганидан шикоят қилишади.
 
Шоҳсанам Нишонова, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети талабаси:
 
– Китоб ўқишдан кўра арзон кўнгилҳушлик ва айни пайтда узоқ давом этадиган ором бўлмаса керак, деган эди кубалик адиб Карлос Монтенегро.
 
Бадиий асарни ўқиётганимда ҳар сафар худди мен учун ёзилгандай туюлаверади. Сабаби, мени қизиқтирган саволлар, қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масаларга айнан ундан жавоб топаман.
 
Асар ўқиётганимда ўзимни унинг қаҳрамонларидан биридек ҳис қиламан. Улар куюнса, куюнаман, суюнса, қўшилиб суюнаман! Севимли адибим эса Чингиз Айтматов. Сабаби, унинг ҳар бир қисса-ю романида кўзга кўринмас бир сеҳр бор...
 
Олди-қочди, ёшлар маънавиятига салбий таъсир қилувчи асарларга машҳур инглиз публици́сти Жон Рескиннинг қуйидаги жумлалари билан жавоб бермоқчиман: “Модомики, ҳаёт қисқа, бўш вақт эса жуда оз экан, биз уни саёз китобларни ўқишга сарф этмаслигимиз керак”.
 
Шоҳсанамнинг фикрларида жон бор...
 
Шундай китоблар борки, улар умрибоқий. Буларга Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асарларини мисол қилишимиз мумкин.
 
Китобхон уларни ҳар ўқиганида улкан маънавий озуқа олади, ўзи учун янгидан-янги хулосалар чиқаради.
 
Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида китоб ёзиш айрим қўштирноқ ичидаги ёзувчилар учун “бизнес” турига айланди. Хўш, бундай китобларнинг умри қанча? Бир йил, икки йил… Шу билан уларнинг умри ниҳоясига етади.
 
Испанларда шундай нақл бор: “Бефойда торнадо бутун экинзорни пайҳон қилади”.
 
Ичи ноғорадек бўш, фақат моддий фойда келтиришга мўлжалланган асарларнинг гарчанд умри қисқа бўлсада, аммо унинг зиёни бутун башариятга таъсир қилиши мумкин.
 
Рус ёзувчиси Иван Сергеевич Тургенов айтганидек, “Қўлга тушганини эмас, обдон танлаб, саралаб ўқинг. Дид ва тафаккурингизни тарбияланг”.
Меҳрангиз Ғаниева

Теглар:Китоб мутолааси Бадиий асарлар Асар савияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар