...
МЕНЮ
ONLINE TV

ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари бир даврага тўпланди


00:08, 23.06.2016 Жамият
 3 179

Мазкур йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов раислик қилди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири ўринбосари Галим Аҳмедяров, Хитой Халқ Республикаси Маданият вазири Ло Шуган, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазири Олтинбек Мақсутов, Россия Федерацияси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Аристархов, Тожикистон Республикаси Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода ва ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов иштирок этди.
 
Мажлисга Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов раислик қилди.
 
ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари ўтган даврда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларни муҳокама қилди, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим (Бишкек шаҳри, 2007 йил 16 август) ва ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг аввалги мажлисларида эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашди. 

Томонлар ШҲТ доирасида маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамфикрлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг кўп асрлик миллий анъана ва урф-одатларини фаол тарғиб қилишга интилаётганини таъкидлади. 

Шу билан бирга, томонлар ШҲТ кузатувчи мамлакатлари ва мулоқот бўйича шериклари билан маданият ва санъат соҳасида икки ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини қайд этди.
 
Томонлар ШҲТ минтақасида, жумладан, Буюк ипак йўлидаги маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш борасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 

Мажлис иштирокчилари ШҲТ минтақаси маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш, меъморий ёдгорликлар маълумотлар базаси ва реестрини яратиш, маданий меросни ҳимоялаш ва санъат асарларини реставрация қилиш, мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, маданий бойликларни ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишнинг олдини олиш, ўзаро манфаатдор бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлигини қайд этди.
 
Вазирлар маданият ва санъат соҳасида биргаликда ўтказилаётган тадбирлар халқларимиз ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданиятлар хилма-хиллигини сақлаш ва дунё халқлари маданияти ҳақидаги билимларни тарғиб этишга хизмат қилаётганини айтиб ўтди. Шу аснода иштирокчилар 2015 йилда Ўзбекистонда ўтказилган “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалини юксак баҳолади ва бу фестиваль дунё халқларини мусиқа ҳамда қўшиқчилик санъати анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, халқларни санъат орқали эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Иштирокчилар ШҲТ мамлакатлари ҳудудида, яъни Хитой Халқ Республикасида “Ипак йўли” халқаро санъат фестивали, Қирғизистон Республикасида “Арт-Ордо” халқаро театр фестивали, Россия Федерациясида “Бердэмлек – Содружество” санъат фестивали ва Тожикистон Республикасида “Чодари хаёл” халқаро қўғирчоқ театрлари фестивалининг муваффақиятли ўтказилаётгани халқлар ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш, дўстлик ва яқин қўшничиликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди. Бундай тадбирлар ШҲТга аъзо мамлакатлар бадиий жамоаларини бир майдонда жамлаб, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос миллий колоритини намойиш этиш имкониятини яратади. 

Томонлар меҳмондўстлик ва ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари мажлиси юксак савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига миннатдорлик билдирди. 

Теглар:ШҲТ Тошкент Баҳодир Аҳмедов ШҲТ саммити 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар