...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳнозабону: Онажоним, ортингиздан борарман изингиздан айланай


19:45, 15.03.2016 Шоу-бизнес
 14 599

Шаҳнозабону тириклик чоғида ижодидаги энг сўнгги қўшиғини мухлисларига тақдим этолмай кетди.

Шаҳнозабону дилкаш, юракдан куйлаган қўшиқлари билан кўплаб мухлисларнинг кўнглига йўл топган, нолалари ила тингловчиларининг дардларига дардкаш, ғамларига елкадош, қувончларига шерик бўла олган хонанда эди. Уни ҳаёт кўп синовлардан ўтказди. Қоқилди, йиқилди, кулди, бахтдан яшнади... Ҳаёт қонунини ҳам шундай аслида: бугун куласан, эртага... Таҳририятимизга келаётган қўнғироқлар ва мактубларда айтилаётган фикрлар эътиборимизни тортяпти. Уларнинг аксариятида хонанданинг қўшиқлари шу қадар дилга яқин бўлиб кетганидан, ҳатто, неча йиллар ўтса ҳам сўзлари унут бўлмагани, уларни эшитиб ўша содда ва беғубор, кўзлари доим чақнаб турадиган Шаҳнозабонунинг сийрати намоён бўлаётгани айтилмоқда. Хонанда Шаҳнозабону ботинан қандай гўзал, одамохун, очиқкўнгил, самимий аёл бўлган бўлса, унинг зоҳирий қиёфаси ҳам худди шундай эди.

Таҳририятимизнинг электрон манзилига келган мактублардан бирида ёш ижодкор Бекпўлат Бахтиёр бундан роппа-роса бир йил аввал ёзган шеърини хонанда Шаҳнозабону куйлаб чиққанини ва бу қўшиқни радио, телевидениелар орқали мухлисларга тақдим этишга улгурмаганини айтиб, қўшиқни сайтга жойлаштиришимизни сўради.

Бекпўлат Бахтиёр:
— “Меҳрингиздан айланай” номли шеърий тўпламимдан ўрин олган “Меҳрингиздан айланай” номли шеърим Шаҳноза опага жуда ёқиб қолиб, қўшиқ қилдилар. “Мусиқасини ўзим басталадим, бу қўшиқ учун кўплардан яхши фикрлар эшитяпман, насиб қилса клип оламан”, – дегандилар. Афсус, Шаҳноза опа тириклик чоғида бу қўшиқни оммага тақдим этишга улгурмади. Қўшиқни улардан қолган энг сўнгги ёдгорлик сифатида мухлисларига тақдим этишни ўз вазифам деб билдим.


Онажоним,  жонажон ўзингиздан айланай, 
Болам деб эркалаган сўзингиздан айланай.  
Хато қилсам ҳамиша тўғри йўлга соларсиз, 
Ортингиздан борарман изингиздан айланай. 

Шаҳнозабону бу қўшиқни бежиз куйламагандир, балки. Хонанданинг яқинларидан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ўз хотираларида Шаҳнозабону онасининг вафотидан кейин анча сўлиб қолганини, у бу дардни кўтара олмаганини айтганди. Хонанда “Қизалоғим” деб куйлаб, қалбларга қувонч улашган, тилга тушган бўлса, “Меҳрингиздан айланай” деб сўнгги бор нола қилди.

Шаҳнозабону ижросидаги энг сўнгги қўшиқни сайтимизнинг мусиқа бўлимида тинглаш ва кўчириб олиш имкониятига эгасиз. 

Эслатиб ўтамиз, хонанда Шаҳнозабону 14 март куни 42 ёшда оламдан ўтди. 

Теглар:Шаҳнозабону Меҳрингиздан айланай 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Уктам
10:09 16.03.2016

Илтимос Шахнозабонунинг "Қизалоғим" қўшиғини сайтга жойлаштирининглар.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!