...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг қўшма баёноти


15:54, 06.04.2017 Жамият
 3 082

Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Россия Федерациясида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қўшма баёноти ЎзА сайтида эълон қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти В.В.Путиннинг қўшма баёноти
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 2017 йил 4-5 апрель кунлари давлат ташрифи билан Россия Федерациясида бўлди.
 
Анъанавий дўстона, ишонч ва конструктив муҳитда ўтган музокараларда Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш принципларига асосланган давлатлараро мулоқотнинг юқори даражада эканлигини тасдиқладилар.
 
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражада ривожланишига имкон берадиган 2004 йил 16 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда 2012 йил 4 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни амалга оширишнинг долзарблигини тасдиқладилар.
 
Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги бундай муносабатларнинг муҳим таркибий қисми эканлигини таъкидладилар. Давлат раҳбарлари икки томонлама савдо айланмасини, энг аввало, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ва иккала томон учун қизиқиш уйғотадиган бошқа товарларни ўзаро етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига кескин оширишни таъминлаш каби фаолиятга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини юқори баҳоладилар.
 
Президентлар Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорларига, шу жумладан, «яшил йўлак» тизимини жорий қилиш орқали етказиб беришни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳамкорликнинг муваффақиятли ривожини мамнуният билан қайд этдилар.
 
Президентлар икки мамлакат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш учун Минтақалараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисида битим имзоланишининг аҳамиятини таъкидладилар.
 
Икки мамлакат ўртасида туристик алмашинувни кенгайтириш истиқболлари қайд этилди. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битимнинг имзоланиши икки мамлакат туристик салоҳиятидан янада тўлиқроқ фойдаланишга, туризм саноати субъектлари ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси халқлари ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини тасдиқладилар. Ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш икки мамлакат ўртасида туристик ва гуманитар алмашинувни ривожлантиришга кўмаклашиши эътироф этилди.
 
Президентлар ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминловчи транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор хусусиятини қайд этдилар. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси темир йўллари иштирокида ташқи савдо юкларини ташишда рақобатбардош тарифларни шакллантириш масалалари бўйича изчил ҳамкорлик қилиш амалдаги транспорт йўлакларини самарали иш юкламаси билан таъминлашга имкон яратиши таъкидланди.
 
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин нефть ва газ соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишларини билдирдилар.
 
Давлат раҳбарлари Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим, шунингдек, Миграция соҳасида ваколатли органларнинг ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисида битим имзоланишининг аҳамиятини юқори баҳоладилар ҳамда миграция соҳасида ҳамкорликнинг халқаро тан олинган шаклларини янада ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
 
Президентлар соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасида, бундай фаолиятнинг муҳим элементлари ҳисобланган икки мамлакатнинг илғор тиббий ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи тиббий марказлари филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этишда яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланишини олқишладилар ҳамда бундай ҳамкорлик икки давлат халқлари ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.
 
Давлат раҳбарлари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожининг изчил хусусиятини қайд этдилар ҳамда фан, таълим, спорт, маданият, санъат ва туризм соҳасида алоқаларни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Президентлар А.С.Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида ташкил этилган И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи (Нукус шаҳри) фондидаги асарларнинг биринчи сайёр кўргазмасини муҳим маданий тадбир сифатида баҳоладилар ҳамда 2017 йилда Россияда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.
 
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонлаш доирасида концертлар, фото ва бадиий кўргазмалар ҳамда бошқа маданий ва ижтимоий тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
 
Президентлар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда, шунингдек, кенг жамоатчиликни Ўзбекистон ва Россия халқларининг тарихи, маданияти ва анъаналари билан таништиришда Ўзбекистон ва Россия давлат оммавий ахборот воситаларининг муҳим ролини қайд этдилар.
 
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридирлар. Бунда Ўзбекистон фуқароларига давлат, маҳаллий ва бошқа хизматларни кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун Россиянинг электрон ҳукумат технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш соҳасидаги салмоқли тажрибасидан фойдаланиш мумкинлиги қайд этилди.
 
Россия Федерацияси Президенти Ўзбекистон Республикасида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли элатларнинг тили, урф-одат ва анъаналарини асраш, ривожлантириш ҳамда келажак авлодга етказиш бўйича амалга оширилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида рус тили ҳамда рус тилида таълим бериш маконини сақлаб қолиш ва қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти қайд этилди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикасида рус тили мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини таъминлаш, шунингдек, Россия Федерацияси етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари тармоғини кенгайтириш бўйича кейинги қадамларни олқишладилар. Томонлар бундан кейин ҳам икки давлат ўртасидаги талабалар алмашинувини кенгайтирадилар.
 
Президентлар ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, 2016 йил 29 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2017 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик дастурини амалга татбиқ этиш тарафдоридирлар.
 
Президентлар томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар.
 
Терроризм, сепаратизм, экстремизмнинг барча шакллари, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик воситаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва уларнинг муомалада бўлиши, қуроллар, аслаҳа ва портловчи моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашиш икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолиши қайд этилди.
 
Давлат раҳбарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти глобал хавфсизликни сақлашга кўмаклашадиган етакчи универсал халқаро тузилма, давлатлараро ва халқаро муаммоларни ечиш учун асосий майдон бўлиб қолаётганини эътиборга олган ҳолда, халқаро муносабатларда унинг марказий мувофиқлаштирувчи ролини мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси, биринчи навбатда, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, мустақиллик, тенглик, суверенитетни ўзаро ҳурмат қилиш, ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлиги, ҳужум қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмасликка доир халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари ҳамда БМТ Низоми мақсад ва принципларига бундан кейин ҳам содиқ қолиш ниятидалар. Президентлар суверен давлатларда ҳокимиятни конституцияга зид равишда ўзгартиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаракатларни халқаро масалаларда қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳоладилар.
 
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, ушбу кўп томонлама механизмлар афзалликларидан тўлақонли фойдаланишга интилишларини тасдиқладилар.
 
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатларни ва яратилган шартномавий-ҳуқуқий базани ҳисобга олган ҳолда давлатлараро бевосита мулоқотни сақлаш, фикрлар алмашиш ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича муҳим инструмент ҳисобланиши қайд этилди. Ўзбекистон ва Россия МДҲнинг барча иштирокчилари олдида турган долзарб масалаларни ҳал этиш учун Ҳамдўстлик самарадорлигини ошириш ва салоҳиятини намоён қилишга фаол кўмаклашадилар.
 
Ўзбекистон ва Россия 2002 йил 7 июнда имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Хартияси, 2007 йил 16 августда имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг узоқ муддатли аҳил қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2025 йилгача Ривожланиш стратегияси ҳамда Ташкилотнинг бошқа асосий ҳужжатларида белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида конструктив ҳамкорликни амалга оширишни давом эттирадилар.
 
Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасига Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзолик тақдим қилиниши Ташкилот салоҳиятини кенгайтиришга ҳамда минтақада ҳозирги замон долзарб муаммоларини ҳал этиш, хавфсизлик, барқарорлик ва турғун ривожланишни таъминлашга кўмаклашадиган кўп томонлама механизм сифатида унинг халқаро майдондаги ролини янада оширишга кўмаклашиши қайд этилди. Уфада 2015 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан Ҳиндистон ва Покистонни Ташкилот аъзолигига қабул қилиш процедурасини бошлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиниши ҳамда Тошкентда 2016 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммити якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадида Ҳиндистон ва Покистоннинг мажбуриятлари тўғрисида меморандумлар имзоланиши ушбу жараённинг муҳим босқичлари ҳисобланади.
 
Президентлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка тезроқ эришиш Марказий Осиё ва қўшни минтақаларда хавфсизликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади, деган якдил фикрдалар ҳамда бунинг учун зарур кўмак кўрсатишни давом эттиришга тайёрликларини таъкидладилар. Қарама-қарши курашаётган кучлар ўртасида миллий ярашув жараёнини илгари суриш, сиёсий тартибга солиш ва келишувга эришиш йўли билан Афғонистон ички можаросини ҳал этиш зарурлиги қўллаб-қувватланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар афғонлар бошчилигида ва афғонларнинг ўзлари томонидан амалга оширилиши лозим. Афғонистондаги вазият билан боғлиқ халқаро ҳамкорликда, шу жумладан, ушбу давлат иқтисодиётини қайта тиклаш ва унинг аҳолиси фаровонлигини яхшилаш масалаларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти марказий мувофиқлаштирувчи ўрин тутиши лозим.
 
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг ўзаро манфаатли ва адолатли тизимини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида ҳамда минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш тарафдори бўлишни давом эттирадилар.
 
Давлат раҳбарлари бўлиб ўтган самарали музокаралар, шунингдек, ташриф давомида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида анъанавий дўстона муносабатларни тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш асосида янада мустаҳкамлашга кўмаклашишига ишонч билдирадилар.
 
Ўзбекистон томони Россия томонига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш – Москва шаҳрининг тарихий марказида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси билан ёнма-ён жойлашган хиёбонга унинг номини бериш ҳамда хиёбон ҳудудида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги муносабати билан самимий миннатдорлик билдирди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга ва барча Россия халқига Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президентига давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди. Ташриф муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                         Россия Федерацияси Президенти
          Шавкат Мирзиёев                                                                                                      Владимир Путин
                                                                                                 

Москва, 2017 йил 5 апрель

Теглар:Шавкат Мирзиёев Владимир Путин Ўзбекистон Россия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар