...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги мурувват уйи ҳақида: "Ҳақиқий аҳвол жуда ёмон, десак - бу секин айтилган гап''


19:05, 23.01.2017 Жамият
 5 928

Давлат раҳбари таълим соҳасини ривожлантириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан талон-тарож қилинганини

20-21 январь кунлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бир қатор объектларни кўздан кечиргач, Бош вазир ўринбосалари, вазирлик раҳбарлари ва ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказди.
 
Йиғилишда сўзга чиққан Президент Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар янги дастур ва Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори бўйича тизимли равишда олиб борилишини таъкидлади. Қорақалпоғистонда ўзи гувоҳ бўлганлар ҳолатлар ҳақида фикр билдирар экан, Шавкат Мирзиёев шундай деди:
 
“Авваламбор, бугунги кўрганларимиздан одам қийналади. Нимага десангиз, биз баландпарвоз гаплардан йироқ бўлиб, тайёргарлик қилган  жойларга бормадик. Ҳақиқий аҳволни ўргандик. Ҳақиқий аҳвол жуда ёмон, десак – бу секин айтилган гап. Вазиятимиз ва ҳозирги шароитимиз талабга мутлақо жавоб бермайди, десак тўғри бўлади”.
 
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги поликлиникалар, шифохоналар, мактаб ва мурувват уйини кўздан кечириб, аҳоли билан мулоқот қилгани ҳақида хабар берган эдик. Давлат раҳбари мурувват уйидаги кўрганлари ҳақида шундай дейди:
 
“Ҳозиргача мен ўзимга келолмаяпман. Мурувват уйига бордик. Бу ердаги раҳбарларнинг баландпарвоз гаплар гапириб юриши ва мурувват уйидаги аҳвол одамни, албатта, ўйлантиради. Жуда кўп ҳаракат бўлди, сиз бормасангиз яхши бўларди деб.
 
Мен ҳар гал айтаман: мозорга, мурувват уйларига қарайлик. Қанчадан-қанча пуллар бердик, қанча-қанча эътибор қаратдик. Минг афсус, шу мурувват уйлари мисолида билсак бўладики, ижро органлари раҳбарлари – энг каттадан бошлаб, кичкиналарнинг ҳам оёғи ердан узилган”.
 
Давлат раҳбари эртанги авлод таҳсил олаётган мактабларни ҳам бориб кўргани, улардаги ҳолат ҳам мақтовга арзимаслигини айтди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирига юзланар экан, унинг фаолиятини кескин танқид қилди. Мактабларнинг совуқлиги, таълим даражаси пастлиги, биноларнинг таъмирталаблиги ҳақида сўз очган Президент вазирни аҳолининг қуйи қатлами билан учрашмаганликда, пастдаги вазиятни ўрганмаганликда айблади. Давлат раҳбари бу борада ўзининг кескин танқидий руҳдаги мулоҳазаларини билдириб, таълим соҳасини ривожлантириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан талон-тарож қилинганини, бу ҳолатлар ота-оналарнинг мактабга, умуман, таълим соҳасига ишончсизлигини келтириб чиқаришини айтди.
 
“Бу ҳолат учун мактаб директорини ишдан олиш нотўғри. Бу сизнинг айбингиз”, дейди давлат раҳбари.
 
Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси ҳақида сўз юритар экан, “Мактаб ва боғча – бу энг катта заминимиз”, дея баъзи раҳбарларга буни яна бир бор эслатди.

Теглар:Шавкат Мирзиёев билан учрашув Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи Мактаб Боғча 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар