...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди


13:50, 14.04.2017 Жамият
 4 190

Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.

Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда
 
Ислом Каримов руҳига Қуръон тиловат қилинди.
 
Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.
 
Лойиҳага кўра, мақбара гранит ва мармар билан қопланади, нақшлар билан безатилади, Қуръон оятлари битилади. Зиёратчилар учун айвон, кексалар учун лифтлар бунёд этилади.
 
Давлат раҳбари ушбу мақбара лойиҳаси билан танишди. Уни янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди. Зиналарни пасайтириш, мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, замонавий тунги ёритиш тизими билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
 
“Ислом Каримов мустақиллигимизга, халқимизнинг фаровон ҳаётига асос солган, маънавиятимизни тиклаган буюк инсон эди. Мажмуада Биринчи Президентимизнинг буюклиги, пок иймон-эътиқоди, сермазмун ҳаёти акс этиши керак. Шу мажмуа тимсолида Ислом Каримовга бўлган меҳр-муҳаббатимизни, миллий ўзлигимизни кўрсатишимиз зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини таъкидлади. Мақбарага монанд зиёратчилар учун баланд айвонлар бунёд этиш, расмий делегациялар учун ҳам кенг шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
 
Ушбу мажмуа юксак маънавият, илм-маърифат маскани бўлиши керак. Бинобарин бу юксак тарбиявий аҳамиятга эга. Мажмуада ҳамиша майин оҳангда Қуръон суралари янграб туриши, мақбара деворларига муқаддас оятлар билан бирга Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ҳам битилиши зарур. Токи зиёратга келганлар ўзига улкан руҳий қувват олсин, халқимизнинг илмига, маънавиятига ҳаваси ортсин.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар